МАҚОЛА

Мўътадиллик

“Қанча қолганингизни Роббингиз яхши билгувчидир, шаҳарга бирингизни ушбу пулингиз ила юборинг, назар солиб, яхши таомни танлаб, ундан ризқ келтирсин ва диққатли (мўътадил) бўлсин” (Каҳф сураси, 19-оят).

“Мўътадил бўлсин” сўзининг Қуръоннинг қоқ ўртасида келиши жуда ажойиб ҳолат. Мўътадиллик бу васатийлик, ўртабинликнинг бир туридир. Бу сўз Қуръоннинг энг ўртасида келган. Бу эса айни вақтда Раббоний йўл бўлмиш – васатийликнинг аҳамиятини белгилаб беради.

Душманлар билан мўътадил муомалада бўлиш талаб қилинар экан, мўминлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Масжидга келган бир йигитнинг телефони намоз ичида бехосдан жиринглаб қолибди, кейин намозхонлар: “Аллоҳнинг уйида Унга осийлик қиляпсанми?! Аллоҳ сени ерга юттиришидан қўрқмайсанми?!” дея ўкира кетишибди.

Ҳалиги йигит масжиддан шу чиққани бўйича қайтиб қадам ҳам босмабди.

Ўша куни бир қаҳвахонага борибди ва бир шиша идишнинг қопқоғини билмасдан ерга тушириб синдириб қўйибди. Шунда қаҳвахона эгаси унга қараб: “Хижолат бўлманг, жаноб! Мингта қопқоқ сиздан айлансин”, дебди.

Шу кундан бошлаб у қаҳвахонанинг доимий мижозига айланибди!

“Хушхабар беринглар, нафратлантирманглар”. Бу Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларидир.

Агар ота-оналар, эр-хотинлар атрофларидаги яқинларига хушмуомалада бўлсалар, кўп муаммолар ўз-ўзидан ечим топади ва кўпчилик хонадонларни тинчлик, ҳамжиҳатлик қамраб олади!

Одамлар ўртасидаги алоқалар худди қушларга ўхшайди, маҳкам ушлаб оласангиз, ўлиб қолади, енгил ушласангиз учиб кетади!

Эътибор билан ушлашингиз керак, шунда сиз билан қолади, ҳеч қаерга учиб кетолмайди, ўлиб ҳам қолмайди.

Юмшоқ сўзчалик, ёқимли табассумчалик, самимийлик ва холислик каби ҳеч нарса қалбларни маҳв этолмайди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тунда ёқилган гулханни кўрганида: “Эй ёруғлик аҳли” деб нидо қилган эканлар. “Ҳой олов аҳли” дейишни маъқул кўрмаганлар.

Буларнинг ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига асосланади: “Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир” (Исро сураси, 53-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки юмшоқфеъллик билан насибаланган бўлса, яхшилик билан насибаланган бўлади. Ким бундан маҳрум бўлса, яхшиликдан ҳам маҳрум бўлади”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1346 times

Мақолалар

Top