Покистонлик машҳур олимлардан Шайх Муҳаммад Амин Софдар Окарвий айтади:
“Кунларнинг бирида талабалардан имтиҳон олиб турган вақтимда, уч киши мен билан кўришмоқчи эканликларини айтишди. Уларни хонамга таклиф қилдим, бир стол атрофида ўтирдик. Улар илмли кишилар бўлсаларда, муомалалари жуда кўпол эди.
Улардан бири: “Бир имомга тақлид қилиш зарурлиги ҳақида бирорта ҳадис келганми?” деди.
Мен: “Сизлар Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққанмисиз?” деб сўрадим.
Улардан бири: “Ҳа, албатта”, деб жавоб берди.
Мен: “Сиз етти қироатда ўқишни биласизми?” деб сўрадим.
У: “Йўқ, биз фақат битта қироатда ўқишни биламиз”, деди.
Мен: “Етти қироатдан фақатгина битта қироатни танлаш ҳақида бирор ҳадис келганми?” Битта қироатни танлаш ҳақида келган ҳадисни топиб беринг, биз сизга бир имомга тақлид қилиш ҳақидаги ҳадисни келтирамиз”, дедим.
У: “Нечта илоҳ бор?” деди.
Мен: “Битта”, дедим.
У: “Хўп, илоҳ битта экан, нега унда мазҳаб имомлари тўртта?” деб сўради.
Мен: “Илоҳ ягона, лекин 124 минг пайғамбарлар ўтган. Ўзи сизнинг савол беришингиздан мақсадингиз нима?” деб сўрадим.
Улар: “Тўрт мазҳаб имомларининг барчаси ҳам ҳақми?” деб сўрашди.
Мен: “Ҳа, алҳамдулиллаҳ. Тўрт имомларнинг ҳар бири ҳақ”, дедим.
Улар яна қайтариб: “Аниқ, тўрттала имом-а?” дедилар.
Мен: “Ҳа, ҳа тўрт имом”, дедим.
У: “Нега унда тўртта имомга тақлид қилмайсизлар?” деди.
Мен: “Ундай қилмаймиз”, дедим. “Сиз бугун жума намозини ўқидингизми?” деб сўрадим. Эртага яҳудийлар каби шаббат кунини ҳам нишонлайсизми? Ахир Мусо алайҳиссаломни ҳам ҳақ пайғамбар эканига иймон келтирасиз-ку, тўғрими ёки иймон келтирмайсизми?
Улар: “Ҳа, тўғри иймон келтирамиз. Барча пайғамбарларнинг ҳақ эканига иймон келтирамиз. Лекин биз битта пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашамиз”, дейишди.
Давоми бор...
Даврон НУРМУҲАММАД