МАҚОЛА

Ислом дини мутаасибликни қоралайди

Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дунёга нисбатан ва обрў-эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва фирқаларга бўлинишни қоралайди. Динлараро мулоқотга раҳна соладиган жиддий омил диний мутаассибликдир. Маълумки, ушбу иллатни аксарият ҳолларда ислом дини билан боғлиқ ҳодиса сифатида талқин этилади. Бироқ, бу нохолис ёндашув бўлиб, воқелик мутаассиблик муайян маънода барча дин ва конфессияларга эътиқод қилувчилар орасида учрашини кўрсатмоқда. Моҳият эътибори билан диний мутаассиблик жамият тараққиёти, замон талабларини инкор этиш ва қадимий диний ақидаларни мутлақлаштиришга бўлган уриниш ҳосиласидир. Давр ўзгариб боргани сари соғлом диний маърифат вакиллари диндаги кўрсатма ва тартибларни воқелик талаблари асосида такомиллаштириб борадилар.

Бироқ, мутаассиблар аксинча йўл тутиб, гўёки «динни соф сақлаш»га ҳаракат қиладилар. Мутаассиблик турли динларда турлича бўлса-да, ҳозирда у яхлит феномен (хар кандай кузатилган ходиса) сифатида шаклланиб улгурганини таъкидлаш жоиз

Мутаассиблик луғатда – бир нарсага қаттиқ боғланиб, кўр-кўрона эргашиш, ашаддий тарафкашлик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш каби маъноларни англатади. “Кашшофу истилоҳотил-фунун” китобида “мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир” деб таърифланган.

Мутаассиблик турларидан яна бири диний мутаассибликдир. Диний мутаассиблик деганда, маълум бир динда асос бўлган, ушбу дин вакиллари амал қиладиган таълимот ва қоидаларга қарши чиқиш, диний тушунчаларни шариат кўрсатмаларига зид равишда ўзича талқин қилиб, бошқаларни унга эргашишга чорлаш назарда тутилади. Диний мутаассибликнинг энг катта хатарларидан бири динлараро мулоқотга раҳна солишдир. Ушбу иллат аксар ҳолларда ислом дини билан боғлиқ ҳодиса сифатида кўзга ташланади. Аммо бу ҳаракат муайян маънода барча дин ва конфессияларга эътиқод қилувчилар орасида учрайди.

Диний мутаассиблик икки кўринишда намоён бўлади. Биринчиси, бошқа динларга нисбатан мутаассиблик. Иккинчиси, динда мутаассибона ҳаракат қилишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Динга зўрлаб киритиш йўқ. Зеро, тўғри йўл залолатдан ажраб бўлди” (Бақара сураси, 256-оят). Уламолар бу оятни диний мутаассибликдан қайтарувчи далил сифатида келтирадилар.

Мутаассибликнинг хавфли томони шундаки, таассубга мойил одамлар жамиятда беқарорлик тўлқинини келтириб чиқаришга қодирлар. Оммавийлик унсури эса муайян бир ҳатти-ҳаракатлар учун шахсий жавобгарлик ҳиссини йўқотиб юборади, ҳаракатга оммавий тус беради. Ўзининг шубҳасиз ҳақлигига, ҳақиқатни фақат ўзи билишига ишонч ҳисси зўравонлик ҳаракатларига мойиллиги билан ажралиб турадиган экстремизмнинг пайдо бўлишига олиб келади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишга буюрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради», деганлар.

Динда мутаассибона ҳаракат, динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қоралайди. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетишлик тушунилади.

Пайғамбар (с.а.в) эса: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир” деб уқтирганлар, деганлар.

Маълумки, диний фундаментализм ва халқаро терроризм ўзаро узвий боғланиб кетган бўлиб, геосиёсий муносабатлар тизимининг ҳам характерли жиҳатларини ташкил этади. Мураккаб геосиёсий жараёнлар билан параллел кечаётган террористик хуружлар дунёда демократик асосларда қайта тузилаётган кучлар нисбатининг шаклланишига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Ислом дини ниқоби остида кечадиган терроризм ҳақида гап кетганда, бузғунчи хатти-ҳаракатларнинг дунё мусулмонларининг чинакам диний манфаатларидан келиб чиқмаганини, балки, бу ҳодиса фашизм, большевизм каби нодемократик геомафкуравий оқимлар томонидан ўйлаб топилган геостратегик интилишлар каби ғаразли манфаатлар эканини таъкидлаш муҳим. Шундай бўлсада, ҳозирда халқаро терроризмнинг ислом омили билан узвий боғлиқ эканини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Айни пайтда, ҳозирги кунда, дунёнинг турли минтақаларидаги ислом дини ниқоби остидаги террористик ташкилотлар фаолияти айрим исломий характердаги ноҳукумат тузилмалар томонидан мафкуравий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани ҳам ислом олами тўғрисида салбий тасаввур ва тушунчаларнинг пайдо бўлиши ва унинг жаҳондаги муносиб ўрнига путур етказаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Мадмусаев Содиқжон

“Ҳидоя“ ўрта махсус ислом билим юрти
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари

Read 556 times

Мақолалар

Top