muslim.uz
“Эртанги кун бизники, марра бизники”
Жорий йилининг 6 сентябрь куни Наманган шаҳар “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида “Эртанги кун бизники, марра бизники” номли тадбир бўлиб ўтди. Унда билим юртининг барча ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти, марҳум Юртбошимиз Ислом Каримовни хотирлаб 1 дақиқа сукут сақланди.
Билим юрти мудири А.Бобамирзаев давлат равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида олиб борган самарали меҳнатларини, хусусан, ҳозирги кунда билим юрти фаолият олиб бораётган бу муҳташам ва кўркам маскан ҳам Ислом Абдуғаниевич Каримов томонларидан берилганлигини чуқур эҳтиром билан айтиб ўтиб, мана шундай тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрига етиб уни асраб-авайлаш йўлида бор куч-ғайратларини сарф этиш барчага лозимлигини таъкидлади.
Сўнг талабаларга “Эртанги кун бизники, марра бизники” деб номланган видео ролик намойиш этилди. Истиқлол йилларида Муҳтарам Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари ва фидойиликлари билан кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Юртбошимиз томонидан машҳур беш тамойил асосида бутун дунёда тараққиётнинг “Ўзбек модели” деб эътироф этилган Ўзбекистон иқтисодиётини тубдан ислоҳ этиш ва таркибий ўзгаришларни амалга ошириш дастури ишлаб чиқилди. Бу моделнинг туб негизини “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган стратегик йўналишни амалга ошириш ташкил этади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистонда кенг кўламли таркибий ислоҳотлар амалга оширилди, нефть кимёси, кимё, автомобиль саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик саноати, замонавий қурилиш материаллари саноати каби юқори технологияларга асосланган мутлақо янги саноат тармоқларига асос солинди.
Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси асосида, эски қолип ва мезонлардан бутунлай воз кечган ҳолда, кенг миқёсдаги Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, таълим-тарбия тизимини энг замонавий халқаро стандартлар бўйича тубдан ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар дастури ишлаб чиқилди ва ҳаётга жорий этилди.
Мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги кунининг ҳал қилувчи кучига айланиб бораётган ёшларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини бутунлай ўзгартирган, навқирон авлодни тарбиялаб вояга етказишнинг янги принципиал тизимини ташкил қилиш ва уни ҳаётга жорий этиш ишларига бевосита Юртбошимишнинг ўзи раҳбарлик қилди.
Мамлакатимиз раҳбари миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшди.
Ўзбекистоннинг дунёда энг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган иқтисодиётга эга бўлган бешта давлат қаторидан жой олгани, турли соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқларимиз орқали бутун дунёга танилишимиз Юртбошимиз томонидан олиб борилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Юқоридагиларни ўзида акс этган видеоролик йиғилганларни қалбида ўзгача руҳият бағишлади.
Талабалар ҳам мустақиллик йилларида олиб борилган ислоҳотлар, хусусан, ёшларни мукаммал билим олишлари учун кенг имкониятлар ва шароитлар яратиб берилганлиги, булардан оқилона фойдаланиб, улкан марраларни эгаллаш уларнинг олдидаги энг муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими
“Дунё уламолари мурожаати” китоби тақдимоти
2016 йилнинг 6 сентябрь куни Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида “Дунё уламолари мурожаати” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда Маънавият-тарғибот маркази вилоят бўлими бошлиғи, Камолот ЁИҲнинг вилоят Кенгаши раиси, Наманган давлат университети вакили, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги ходимлари, Наманган шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, уларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари (бош отинойилар), вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиблари, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртининг ўқитувчи ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида Муҳтарам Юртбошимизнинг хотиралари учун бир дақиқа сукут сақланди. Тақдимот вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳабибулла Маткаримовнинг кириш сўзи билан бошланди.
Сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили Абдулҳай Турсунов, Наманган давлат университети демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти, фалсафа кафедраси ўқитувчиси Камолхон Йўлдошхўжаев, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвуддин Мансуров, Норин тумани бош имом-хатиби Камолиддин Ҳамроқуловлар мамлакатимизда мустақиллик йилларида Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ёшларни она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўғил-қизларимизни четдан кириб келаётган “Оммавий маданият” ниқоби остида турли ёт мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ўз самарасини берганини эътироф этдилар.
Шунингдек, қўлланмада асосан, дунёнинг бугунги кунда эътироф этилган забардаст уламолари томонидан Ислом динининг мусаффолигини сақлаш, турли-туман туҳматлардан, эътиқодимизга бутунлай зид, динимизга мутлақо алоқаси бўлмаган гап-сўзлардан ҳимоя қилиш мақсадида берилган фатволари, маърузаларидан намуналар келтирилганлиги, ислом оламининг энг йирик намояндалари бўлмиш мазкур уламолар диний экстремизм, терроризм ва радикализмни буткул қоралаши, мусулмонларни оқибати оғир бўлган бундай ҳаракатлардан, гарчи улар ислом номи билан аталаётган бўлса-да огоҳ бўлишга чақиришлари, мусулмон киши тўғри йўлдан адашмаслиги, бузғунчи кучларнинг пуч ғояларига алданмаслиги учун зарур бўлган тавсиялар келтирилгани тўғрисида таъкидлаб ўтилди.
Мазкур тақдимот барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигини фазилати
Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ёғиладиган тоат-ибодат мавсумларидан бири Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигидир. Бу муборак кунлар ҳар бир мўмин-мусулмон учун янада кўпроқ солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳга янада яқинлашиш учун бир фурсатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бу кунларнинг дунёдаги энг фазилатли кунлар эканини билдириб, унда солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғиб қилганлар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. Шунда: “Ё, Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш ҳам-ми?” деб сўралди. У зот: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш ҳам дедилар (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ учун ибодат қилинишга Зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқдир. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар (Термизий, Ибн Можа ва Байҳақий ривояти).
Шунингдек, Арафа куни рўза тутиш мустаҳаб амаллардандир. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан саҳобийлар бу ҳақда сўраганларида бундай деганлар: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Муслим ривояти).
Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида мўмин-мусулмонлар солиҳ амалларга бошқа ойлардан кўра кўпроқ тарғиб қилинганларининг ҳикмати ундаги амаллар Аллоҳ учун янада севимлироқ бўлганидир. Нима сабаб бу ойдаги амаллар Аллоҳга маҳбуброқ? Бу ойнинг аввалги ўн кунларида ҳожилар ҳаж амалларини бажараётган бўладилар, кунларнинг энг улуғи Арафа ва Қурбон ҳайити ҳам айнан шу ўн кунлик ичидадир. Эҳтимол, шу сабаб бу кунларда қилинган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлса.
Даврон Нурмуҳаммад
09.09.2016 й. Ҳаж молиявий ва жисмоний ибодат
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Маълумки, ҳозирги кунда Маккаи Мунаввара ва Маккада бошқа мамлакатлардан келган мусулмонлар билан бир қаторда бизнинг юртдошларимиз ҳам муқаддас ҳаж амалларини бажармоқдалар. Шу муносабат билан бугунги маърузамизда ислом арконларидан бешинчи бўлмиш ҳаж ҳақида айрим фикрларимизни баён қилишга қарор қилдик.
Муборак ислом динимизда бандаларга буюрилган ибодатлар бажарилишига қараб бир неча турга бўлинади. Масалан, намоз ва рўза жисмоний ибодат бўлса, закот ва фитр садақа эса молиявий ибодатдир. Ҳаж эса, ҳам жисмоний ва ҳам молиявий ибодат бўлиб ҳисобланади. Буларда бандалар учун руҳий ва маънавий озуқа, дунё ва охират манфаатлари бор.
Фиқҳий китобларда кишига ҳажни фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши таъкидланади: аввало, мусулмон бўлиш, балоғат ёшида бўлиш, оқил бўлиш, тани соғ бўлиши, бориб келгунча йўл харажатларига етадиган маблағга эга бўлиш. Шу билан бирга ҳажга бориб келгунига қадар оила аҳлини уларнинг эҳтиёжларига етадиган нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Шунингдек, йўлнинг очиқ ва хавф хатарсиз бўлиши ҳам ҳажнинг фарз бўлиш шартларидандир. Аёл кишига эса, юқоридаги шартлари билан бирга эри ёки бирорта маҳрами ҳамроҳ бўлиши шарт қилинади.
Ҳажнинг фарз бўлиши ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан собит бўлган.
وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا
яъни, Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. (Оли Имрон; 97).
عُمَرَ بْن الخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ النبي صلى الله عليه وسلم يَقُوْلُ: بُنِيَ الإِسْلامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ الله وَأَنَّ مُحَمَّدَاً رَسُوْلُ اللهِ، وَإِقَامِ الصَّلاةِ، وَإِيْتَاءِ الزَّكَاةِ، وَحَجِّ البِيْتِ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ. رواه البخاري ومسلم
яъни, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим. У зот: “Ислом беш нарса устига бино қилинган: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир” деб гувоҳлик бериш, намозни тўлиқ адо этиш, закот бериш, байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш” - дедилар”. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган.
Мусулмон киши доим одоб-ахлоқ билан ҳаёт кечириши лозим бўлсада, ҳаж даврида одоб-ахлоққа янада кўп аҳамият қаратиш лозим бўлади. Ҳаж қилувчилар орасида турли қўпол кимсалар бўлса, уларга нисбатан ҳалим ва сабрли бўлиши, заифлар ва аёлларни ўзидан устун қўйиши ва уларга ёрдам бериши лозим. Шариъат буюрган барча гўзал одоб-ахлоқни риоясини қилиб, барчага очиқ юз билан муомала қилиш ҳажнинг талабидир.
Мусулмон киши ўзидан бошқага азият беришни ва зулм қилишни ҳаром бўлади. Ҳаж ва умра сафарида ён атрофидагиларга азият беришдан, уларнинг кўнглини оғритишдан янада эҳтиёт бўлиши лозим бўлади. Албатта, ёмонликдан тийилмоқлик ҳам садақадир.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай марҳамат қилган:
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
яъни, Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! (Аъроф; 199).
Ҳажда тилни ёмон сўзламоқдан сақлаш Аллоҳ таоло учун тақво қилишликдандир. Тилни сақлашлик ҳажда жуда катта аҳамиятга эгадир. Чунки, ҳаж сафари машаққат ва қийинчиликлар бўлгандан, баъзи инсонлар ўз тилига эга бўлмайди. Баъзида бошқаларни ранжитадиган гапларни гапириб, уни ёки буни хафа қилади. Ҳаж қилувчи тилини тийиши лозим, акс ҳолда унинг бажараётган ибодатидан савоб бўлмайди. Аллоҳ таоло бундай деб, айтади:
الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ
яъни, Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар! (Бақара; 197)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу хусусда ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ حَجَّ ِللهِ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ. رواه البخاري
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек (гуноҳсиз) қайтади” – дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган.
Яна шу нарсани ҳам доимо ёдда тутишимиз лозимки, бу муборак сафарнинг бандасига қачон насиб этиши Ҳақ таолонинг иродасига боғлиқ ишдир. Ўзи чақирган бўлса, ҳамма йўллар ўз-ўзидан очилиб кетаверади. Аммо чақирмаган бўлса, бандасининг хоҳлагани эмас, балки Аллоҳнинг хоҳиши бўлади. Аммо Аллоҳнинг ҳали насиб этмаганида қандайдир ҳикмат ва ўзимиз учун қандайдир манфаат борлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим бўлади.
Азиз намозхонлар! Аллоҳга шукурки, бугунги кунда жамоамиз, ёри-биродарлармиз, қавми-қариндошларимиз ва қўни-қўшниларимиз ичида ҳаж ибодатини бажариб келган кўплаб ҳожи оталаримиз ва ҳожи оналаримиз бор.
Ҳаж ибодатини бажарган инсон аввал қилиб юрган хато-камчилик ва гуноҳ ишларидан ўзини ўнглаб, келгусида ҳақиқий тавба билан гуноҳ ишлардан ўзини тиймоқлиги вожибдир. Тақво билан зийнатланиб, ўзининг бажараётган амалларини кузатиб бориши лозим бўлади. Ҳаж қилувчининг яхши ҳолатга ўзгариши қилган ҳаж ибодати мақбул эканлигининг аломатидир. Пайғамбаримиз (сав):
"( اَلْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ " (متفق عليه
яъни: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” – деганлар.
Ҳожи мақомига эришган мусулмон ва муслималаримиз ўзларининг гўзал одоби, ён-атрофдагиларга меҳр-оқибатли бўлишликда ибрат бўлишлари, ёшларимизни имон-эътиқодли, халқсевар, оиласи, махалласи ва Ватанига содиқ этиб тарбиялашда фаол иштирок этишлари лозим. Айни вақтда, ён-атрофидагиларга ҳанафий мазҳабимизга, миллий қадриятларимизга, урф-одатларимизга, тўғри келмайдиган диний талабларни тарғиб этиш, риё ва ман-манликка берилиб, ҳаж амалини бажариш орқали эришган мақомга путур етказиб қўйиш мумкин эканини унутмаслик даркор.
Ҳаж ибодатининг замирида тинчлик ва ҳамжиҳатлик ғояси мужассам. Бутун дунё мусулмонлари бир маконда йиғилиб, яратганга жам бўлган ҳолда ибодатлар қиладилар. Демак, ҳаж ибодати мўмин-мусулмонларни тинчлик, осойишталик ва эзгулик йўлида ҳамкор бўлишлари лозимлигини ҳам англатади.
Азизлар! Куни кеча мусулмонлар учун азиз бўлган зулҳижжа ойи кириб келди. Шу кунларда ҳаж амалини бажаришни ният қилиб сафарга чиққан юртдошларимиз учун энг маъсул, катта руҳий ва жисмоний куч талаб қиладиган фурсат етиб келди.
Аллоҳга беҳад ҳамд-санолар бўлсинки, юртимизда муслумонларимиз зиёратларни тўла-тўкис ва ҳеч қандай қийинчиликларсиз адо қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Биринчи президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг шахсий ташаббуслари билан тузилган “Ҳаж” ва “умра” тадбирларини ташкил этиш бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан мусулмонларимизнинг ҳаж сафарига бориш ишларида маҳаллаларда рўйхатга олишдан бошлаб ижтимоий адолат таъминланиб, улар учун қулай шароитлар яратиш ташкил этиб келинмоқда.
Зиёратчиларимизни муқаддас жойларга олиб бориш ва Ватанимизга қайтишларига замонавий “Боинг” русумидаги авиалайнерлар жалб қилинган. Яқинда барчамиз гувоҳи бўлган, мамлакатимизга янги сотиб олиб келинган энг замонавий “Боинг” самолётлари ҳам ҳожиларимизнинг хизматида бўлади.
Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан юртдошларимизнинг Саудия Арабистонидаги сафарлари давомида машаққатларини енгил қилиш ва уларга қулай шароитлар яратиш учун Жидда шаҳрида махсус Ҳаж ишлари бўйича атташе фаолият кўрсатмоқда. Малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ, юқори малакали тиббиёт ходимлари ва ошпазлар гуруҳи, тажрибали имом-хатиблардан саралаб олинган гуруҳ раҳбарлари зиёратчиларимизга хизматда бардавом бўлиб, уларнинг дуоларини олмоқдалар.
Макка ва Мадина шаҳарларидаги ижарага олинган янги, замонавий меҳмонхоналарда уч маҳал овқат, кеча-кундуз ишловчи тиббий хизмат, беморлар учун шифохоналар ташкил қилинган. Зиёратчиларни “Ҳарами шариф”га қатнашлари учун узлуксиз автобус ҳаракати йўлга қўйилган.
Юқорида зикр қилинганларнинг бари мустақил юртимизнинг биринчи Раҳбарининг муқаддас ислом динимизга бўлган юксак эҳтироми, мусулмонларимизга кўрсатиб келган иззат-ҳурматининг маҳсулидир.
Ўз навбатида ҳожиларимиз ҳам бундай ғамхўрлик ва эътибордан беҳад миннатдор эканликларини амалда изҳор этиб келмоқдалар.
Юртбошимиз вафоти муносабати билан уламолар иштирокида ғоибона жаноза намозида иштирок этган ҳаж зиёратчиларимиз Президентимиз ҳақларига дуо қилиб, Яратгандан у зотни Ўз раҳматига олишни, жойларини фирдавс жаннатларидан айлашини сўрадилар. Ҳаж сафаридаги имом-хатиблар ва ҳожиларимиз муҳтарам Юртбошимиз ҳақларига “Хатми Қуръон”лар ўтказиб ва “Умра” амалларини адо этиб, мазкур ибодатларнинг савобини муҳтарам Президентимиз руҳларига бағишламоқдалар.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳаж амалларини бажаришни насибу рўзи айласин! Ҳозир сафарда бўлган ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур, яъни мақбул, гуноҳларини мағфират айлаб, онадан янги таваллуд топган гўдак каби гуноҳлардан мусаффо бўлиб, тинчлик ва омонликда ўз она юртимизга солимина, ғонимина қайтиб келишсин!
Яратган парвардигор мустақиллигимизнинг асосчиси, халқимизнинг ғамхўр отаси бўлган муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг охиратларини обод, жойларини жаннатда қилсин. Омин!
БУЮК АЙРИЛИҚ
Ўзбекистон халқи ва ҳукумати ўта оғир жудоликка учради. Доно сиёсатчи, тинчликсевар, халқпарвар, буюк давлат ва сиёсат арбоби, улуғ йўлбошчи, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, “Мустақиллик” ва “Амир Темур” орденлари соҳиби, истиқлол меъмори, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти бутун мамлакатимиз аҳлини чуқур изтиробга солди. Тақдири азалийнинг қалами битган айрилиқ мусибати кўзларни аччиқ-аччиқ ёшга тўлғазди, қалблар эса маҳзунликка юз тутди. Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари кўчаларида минг-минглаб, жойларда эса миллионлаб ватандошларимиз чуқур қайғу ила Юртбошимиз билан видолашди.
Борлиқ ҳаётини халқига, ватанининг озодлигига, унинг тинч-осудалигини таъминлашга қалб-қўри билан фидо этган, бутун Ўзбекистон ёшларини “Менинг болаларим”, “Менинг фарзандларим”, “Мен ёшларга ўзимга ишонгандек ишонаман!” каби ибораларни доимо такрорлаган отамиз, соябонимиз фоний дунёдан боқий дунё раҳмати узра юзландилар.
Муҳтарам Президентимиз ўзларининг доно сиёсати, ўткир фаросати, ўзбекка хос ғурури, узоқни кўра билиш қобилиятлари ва теран тафаккурлари билан тарихга кирдилар.
Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсатлари туфайли машҳур беш тамойил асосида бутун дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб эътироф этилган Ўзбекистон иқтисодиётини тубдан ислоҳ этиш ва таркибий ўзгаришларни амалга ошириш дастури ишлаб чиқилди. Нефть кимёси, кимё, автомобиль саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик саноати, замонавий қурилиш материаллари саноати каби юқори технологияларга асосланган мутлақо янги саноат тармоқларига асос солинди.
Қишлоқ хўжалигидаги чуқур ўзгаришларни амалга ошириш, ернинг ҳақиқий эгаси бўлган янги мулкдорлар синфи – фермерлик ҳаракати шакллантирилди. Қишлоқ аҳлининг ҳаёт даражаси ва сифатини шаҳардагидан кам бўлмаслигини таъминлайдиган намунавий уй-жойлар қуриш дастури амалга оширилди.
Давлатбюджетининг 60 фоизга яқини ижтимоий соҳага йўналтирилаётгани, аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобора ортиб бораётганини қайси давлат, қайси халқ ҳавас қилмаяпти, ахир.
Қатъиятлик ва бағрикенглик билан миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиромда муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бетакрор тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтариб, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини қозондилар.
Ватанимизнинг дунё рейтингларида йилдан йилга обрўси ошиб бормоқда. 12 йилдан бери иқтисодий ривожланишимиз 8%дан тушмай келмоқда. Шу боис Ўзбекистон дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига чиқаётир.
“Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда”, деб баралла айтадиган, “Муқаддас Ислом дини бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган, уни ҳеч қандай куч чиқара олмайди!” дея доимо таъкидлайдиган Юртбошимиз эътиқодли мусулмон сифатида динимиз равнақи учун улкан ишларни амалга оширдилар. Жумладан, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилинди; мусулмонларга ўз ибодатларини эмин-эркин бажаришлари учун барча шароитларни яратиб берилди, янги масжидлар, мадрасалар қурилди, мавжудлари қайта таъмирланди, кўплари янгидан барпо этилди; Тошкент ислом университети ташкил этилди; ҳар йили минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини бажаришлари учун дунё мусулмонларининг ҳавасини келтирар даражадаги қулай шароитлар яратилди.
Юртимиздаги қайси бир соҳага назар ташласангиз, раҳбаримизнинг оқилона сиёсатлари ана шу ўринда ўз аҳамияти билан гавдаланади. Қани энди яна Аллоҳ умр берганда эди, деган тасаввур ўксиган қалбимизда такрорланаётгандек бўлади.
Ватанимиз, халқимиз тинчлиги, фаровон ҳаётимиз учун қайғуриб, шу йўлда умрини бахшида этган бу буюк зотнинг борган манзиллари, ётадиган маконларини жаннатдан бўлишини насиб айласин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили