muslimuz

muslimuz

Фитр садақаси рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақадир. У рўзадор учун Рамазон ойи давомида айтган беҳуда гап-сўзлари, қилган хато ва камчиликларини ювиш ҳамда камбағал-мискинларга таомланиш имконини бериш мақсадида жорий қилинган. Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.

 

ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?

Фитр садақасини Рамазон ҳайити куни тонг отгандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб ҳисобланади. Рамазоннинг аввалидан берилса ҳам бўлади.

Аммо Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ийд намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби Рамазон вақтида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.

 

КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?

Мусулмон эркагу аёл, балоғатга етган-етмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлсалар зиммаларига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Ўзида пул йўқларнинг номидан уларга нафақа бериш лозим бўлган шахслар беради.

Шунга ҳам диққат қилиш керакки, киши балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.

Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.

 

КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. “Фатавои Ҳиндия” китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, (камбағал) ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.

 

КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?

Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.

Шунингдек, ғайридинларга, фисқ ишларини очиқ-ойдин қилиб юрувчи фосиққа, бойга, соғ-саломат ва ишлашга қодир бўлатуриб ишламай юрганга бериб бўлмайди. Бундан ташқари, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.

Фитр садақаси муҳтожларнинг қўлларига мол сифатида берилиши лозим. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши жоиз эмас.

 

РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?

Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.

 

ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?

2023 йил учун ҳар бир жон бошига фитр садақасининг миқдори:

  • 2 килограмм буғдой 12 000 (ўн икки минг) сўм;
  • 4 килограмм арпа 20 000 (йигирма минг) сўм;
  • 2 килограмм майиз 100 000 (юз минг) сўм;
  • 4 килограмм хурмо 180 000 (бир юз саксон минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.

Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Агар тутаётган рўзангизнинг савобини кўпайтиришни истангиз,

Рўза ибодатингизга руҳ киритмоқчи бўлсангиз,

унда рўзанинг суннатларига амал қилинг....

 

Улардан биринчиси – ҳатто бир ҳўплам сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш баракадир. Уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк этманг. Чунки Аллоҳ ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

 
иккинчиси – ифторликни вақти кириши билан тезлаштириш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (шом) намозини ўқимасдан аввал бир неча хўл хурмо билан, агар хурмо хўл бўлмаса, хурмо қоқиси билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

 

учинчиси – ифторликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини қилиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғзини очсалар: “Заҳабаз зомау вабталатил урууқ ва сабатал ажру, иншааллоҳ”

“Чанқоқ кетди ва томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ ажр собит бўлди”, деб айтардилар (Абу Довуд ривояти).

 

тўртинчиси – рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

бешинчиси – Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш.

 

олтинчиси – Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилиш.

 

еттинчиси – дуо, садақа қилиш, яхшиликка чақириш, ёмонликлардан қайтариш, беморларни зиёрат қилиш, қавм-қариндошлар билан силаи раҳмни боғлаш.

 

Рамазон ғанимат ойидир. Бу ой иймонни кучайтириш, Жаннатни қўлга киритиш ҳамда дўзахдан омонда бўлиш учун имкониятдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Рамазон кирса-ю, сўнгра ой чиққанда гуноҳи мағфират қилинмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло бу ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазондан гуноҳлардан покланган ҳолда чиқимизга тавфиқ берсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизлардан кимки ифторлик қилса, хурмо билан оғиз очсин, чунки у баракадир. Агар хурмо топа олмаса, сув билан (очсин), зеро сув ўта пок ва тозадир” (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига хурмонинг фазилатлари ҳақида хабар бермоқдалар, яъни хурмо, аввало хуштаъм бўлиб, ҳар қандай одам учун севимли озуқадир. У мия фаолиятини яхшилаб, кишига кўп миқдорда қувват бағишлайди. Сув эса, меъда сустлигининг олдини олади, иштаҳани очади ва кишининг соғлигини тиклаб, ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди

 нас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (шом) намозини ўқимасдан аввал бир неча хўл хурмо билан, агар хурмо хўл бўлмаса, хурмо қоқиси билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Абу Яълонинг ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уч дона хурмо ёки олов тегмаган бирон нарса билан оғиз очишни яхши кўрар эдилар.

“Олов тегмаган нарса” – оловда пиширилмаган ёки сувда қайнатилмаган маъноларини беради.

Оғиз очишда бирдан овқат ёки шунга ўхшаш нарсалардан эмас, балки мева (хурмо, анжир, олма, узум...) ёки сув билан очилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу инсон саломатлиги учун ҳам муҳим ҳисобланади.

Демак, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилиб, агар имкони бўлса хурмо, бўлмаса, сув билан оғиз очсак, ҳам соғлиғимизни тиклаган ва ҳам кўплаб ажр-савобга эришган бўламиз.

 
Одилхон қори Юнусхон ўғли

(Алданган) агар рўза тутса, бекорчиликка берилади. Аллоҳ омонатга берган аъзоларини гуноҳлардан тиймайди. У ейиш ва ичишдан тийилса-да, мўминларнинг гўштини ейди (ғийбат қилади), тақиқланган, қайтарилган жойларга қарайди. Қайтарилган нарсаларни эшитади. Бекорчи гапларни гапиради. Рўза инсоннинг озиғи бўлган нарсалардан тийилишдир. Булар: овқат, ичимлик ва аёлларга қўшилиш. Мана шулар одам боласининг энг катта шаҳватларидир. (Рўзада) бу нарсалардан тийилиш Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун буюрилган. Агар шуни қилиб, бошқа аъзоларни эътиборсиз қолдирса, сўнг унга ман қилинган, қораланган бошқа шаҳватларга енгил қараса, ана шу ташқи тийилиш билан ўз кўнглини хотиржам қилган, аммо Аллоҳ таоло ҳамиша ҳаром қилган ботиний шаҳватларни эътиборсиз қолдириб алдангандир. У очлик, ташналик ва аёлларга қўшилмаслик(нинг ўзи етарли дейиши) билан алдангандир. Бизга Исмоил ибн Надр Муҳаммад ибн Ҳубайш Маккийдан, у Суфёндан, у айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзага буюриб дедилар: “Ҳеч бирингиз мендан изн олмагунча оғзини очмасин!” дедилар ва рўза тутдилар. Одамлар ҳам тутди. Оғиз очиш вақти келганида эркагу аёллар бир-бир келиб у кишидан оғиз очишга изн ола бошлади. Бир киши келиб: “Мени онам ва холам оғиз очишларига рухсат сўрашга жўнатди”, деди. У киши: “Улар рўза тутишмади. Уларга бориб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини етказ”, деди. Унинг онаси ва холаси: “Уларга бориб айт, биз шу вақтгача ҳеч емадик ҳам, ичмадик ҳам”, дейишди. У келиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларга айт, иккалови ҳам бармоғини бўғзига тиқсин”, дедилар. Улар шундай қилишди. Шунда ҳар бири зулукдек нарса қусишди. Киши буларни олиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келди. У зот: “Уларга бориб айтки, бу уларнинг олдидан ўтган фалончи аёлнинг гўшти, улар уни ғийбат қилиб, гўштини ейишди. Агар бу уларнинг ичида қолганида, дўзахга ҳақли бўлишар эди”, дедилар». Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай деганлари ривоят қилинади: “Шундай рўзадор ҳам бўладики, унинг рўзасидан фақат оч юргани қолади”. Бизга Қутайба ибн Саид ибн Лаҳийъадан, у Аъраждан, у Абу Ҳурайрадан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Агар биронтангиз рўза тутса, ўша куни ножўя гапларни гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар ўша куни биров у билан уришса ёки сўкишса, у “Мен рўзадорман”, десин». Бизга Бишр ибн Одам ибн бинт Азҳар алайҳиссалом – Саммон, Азҳардан, у Аммор ибн Алсам Муҳорибийдан, у онаси Умму Саид бинт Асвад Муҳорибийдан, у онасидан, у Умму Саламадан ривоят қилишича, у жума куни тонгда турибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумага эрта чиқиб кетибдилар. Умму Саламанинг олдига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бири келибди. Икковлари ғийбат қилишиб, баъзи аёллар ва эркаклар устидан кулишибди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан келиб қолибдилар. У кишининг овозларини эшитиб, жим бўлиб қолишибди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, кийимларининг бир чети билан бурунларини бекитиб: “Қайт қилиб, сув билан тозаланинг”, дебдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган аёл қайт қилса, айниган кўп гўшт тушибди. Гўштнинг кўплигини кўриб, охирги марта қачон еган гўштини ўйлаб, икки ҳафта олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя қилинган гўштдан озроқ еганини эслади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан нима қусганини сўрадилар. У айтди. У зот: “Мана шу сен ва шеригинг қилган ғийбатдир. Бошқа бундай қилманглар”, дедилар. Шериги ҳам ўшандек қусганини айтди.

 

Ҳаким ТермизийнингОқиллар ва алданганларкитобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Бекорчи ва беҳуда сўзларни гапириш ҳам нафс касаллигидир. Кўп гапиришга: нотиқлиги билан одамларнинг эътиборини жалб қилиш ёки сўзлашилаётган масалада билимга эга бўлмаслик сабаб бўлади.

 Муолажа услуби

Ушбу ёмон одатдан халос бўлишнинг йўли – ҳар бир айтилган сўз учун Қиёмат куни Аллоҳ олдида жавоб беришни унутмаслик лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар” (Инфитор сураси, 10-12-оятлар).

“Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки (ёзиб турувчи фаришта) қабул қилиб (ёзиб) турурлар. У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 17-18-оятлар).

Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тилни тийиш ҳамда беҳуда гап-сўзлардан узоқ бўлиш ҳақида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амрдан қилган ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жим турган, нажот топибди”, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ҳар бир сўз инсон зарарига, фақатгина амри-маъруф ва наҳйи-мункар ҳамда Аллоҳнинг зикри бундан мустасно” деган маънодаги ҳадис ҳам ривоят қилинган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз” (Нисо сураси, 114-оят).

Келинг, бу бобни Бишр ал-Хофий раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзлари билан якунлайлик: “Сўзлашни ёқтириб турган вақтингда жим бўл, сукут сақла! Аммо гапиришни истамай, жим бўлишни хоҳлаб турганингда эса, сўзла (нафсингга зид иш қил)”.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Мақолалар

Top