muslimuz

muslimuz

Шу йил 26 февраль якшанба куни Жазоир президенти Абделмаджид Теббун Африкадаги энг катта 27 гектарлик “Буюк Жазоир” масжидини расман очди.

Мазкур масжид мажуаси 12 та қисмдан иборат бўлиб, унда 120 минг ўринли намозхона, Ислом цивилизацияси музейи, анжуманлар зали ва бир миллионлик кутубхонага эга маданият маркази, 1,5 минг ўқувчига мўлжалланган "Қуръон уйи" олий ислом фанлари мактаби, илмий тадқиқот ва қадимий қўлёзмаларни қайта тиклаш лабораторияси, шунингдек, вертолёт қўниш майдончаси, кўп қаватли автотураргоҳ, дам олиш масканлари мавжуд.

Жазоир пойтахти, ҳатто қўшни шаҳарлардан ҳам кўриш мумкин бўлган миноранинг баландлиги 267 метрни ташкил этади. Масжиднинг ички қисми саккиз бурчакли устунлар, мармар ва 6 км га яқин каллиграфик ёзувлар билан безатилган.

Масжидга илк ғишт 2011 йилда қўйилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Матбуот хизмати

lundi, 26 février 2024 00:00

Ғойибона дуо қилиш

Cавол: Бировларни кўп ғойибона дуо қиладиган инсон яхши инсон бўладими ёки кўп ғойибона дуо қилинадиган инсонми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Албатта, иккисида ҳам яхшилик бор. Лекин ҳадиси шарифларда бировларни ғойибона дуо қилишга алоҳида тарғиб қилинган.

Умму Дардо разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Мусулмон кишининг биродари ҳаққига қилган ғойибона дуоси қабул бўлувчидир, унинг боши устида бир фаришта туради, қачон биродарига яхшилик тилаб дуо қилса, фаришта: “Омийн, сенга ҳам ўшанча бўлсин”, дейди (Имом Муслим ривояти).

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ йўлидаги биродарнинг дуоси ижобат қилинади”, деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

lundi, 26 février 2024 00:00

Ҳамма бир киши учун...

Дадам ёшлигимиздан бизни муаммоларимизни бирга ҳал қилишга ўргатганлар. Оилада қайси биримиз бўлса ҳам, муаммоли вазиятга дуч келсак, дадам фарзандларининг ҳаммасини тўплар эдилар ва “Укаларингизнинг шундай-шундай муаммолари бор экан, келинглар, унга қандай ёрдам беришни ўйлаб кўрайлик” деб барчани фикрлашга чақирардилар. Ўша муаммоларнинг аксарияти дадамнинг бир ўзлари ечим топа оладиган муаммолар эди. Лекин дадам бизни муаммо хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин, мушкул вазиятда жигарларни ташлаб қўймасликка, қўлдан келганича бир-биримизга ёрдамга шошилишга ўргатдилар.

Эсимда, коллежда ўқиб юрган пайтларим менга ўқишим учун калькулятор жуда зарур бўлиб қолди. Ўша пайтда дадамнинг ишлари жуда ҳам яхши эмас, унинг устига мен ўқишим учун олмоқчи бўлган калькуляторнинг нархи бироз баландроқ эди. Шундайлигини билсам-да калькулятор мен учун асосий ўқув қуроли бўлганидан буни дадамга айтдим. Дадам: “Хўп, ўғлим, имкон қадар тезроқ олиб беришга ҳаракат қиламан”, дедилар.

Эртаси куни ўқишдан келсам, дарс қиладиган столимиз устида яп-янги калькулятор турибди. Уни кўриб кўзларим қувониб кетди. Дадамнинг хоналарига кирсам, намоз ўқиётган эканлар. Миннатдорчилик билдираман деб, намоздан чалғитмаслик учун овоз чиқармай кутиб турдим. Дадам намоз ўқиб бўлиб дуога қўлларини очдилар: “Роббим, Ўзингга беадад шукрлар бўлсин, фарзандларимни бир-бирига оқибатли қилганинг учун Ўзингга чексиз ҳамд айтаман, бугун катта қизим укасига калькулятор олиб берибди. Фарзандларим орасидаги меҳр-муҳаббатни бундан ҳам зиёда қилгин, оқибатларини охиригача гўзал қилгин...”.

Дадам орқаларида менинг кутиб ўтирганимни билмай дуони давом эттиравердилар. Шу топда опамнинг “Тенгдош дугоналарим кийиб олган янги кўйлакдан мен ҳам олмоқчиман” деб йиғиб юрган пуллари хаёлимга келди... Ҳа, опам менинг ўқишим учун кўйлак орзу-ҳавасидан воз кечган эдилар...

Опам пешонамдан ўпиб, “Укажоним ҳозир сен ўқишинг жуда муҳим, янги кўйлакни кейинроқ олсам ҳам бўлаверади. Эрталаб дадамга айтаётганингни эшитиб қолгандим, сен ўқишга кетгач, шартта бозорга бориб олиб келдим. Сен ҳеч ҳам хижолат бўлма, ҳозир фақат ўқиш ҳақида ўйла” деб мени анча хотиржам қилдилар.

Ўша куни туни билан ухлолмай ётдим. Бу воқеа... дадамнинг дуолари... опамнинг қилган ишлари... менга айтган гаплари... ҳаммаси кўз олдимдан бир-бир ўтаверди...

Демак ака-ука ва опа-сингиллар орасидаги яқинлик ўз ҳожатларидан уларни устун кўриш даражасида яқин бўлиши керак экан деган хулосага келганман ўшанда.

Отам бизни шахзодалару маликалар каби боқмаган бўлсалар ҳам, бизга унча-мунча оталар бера олмайдиган олтинлардан ҳам қиммат тарбияни бериб кетган эканлар. Отам қилган ишлари, тижоратларида омадлари келмаган бўлиши мумкин, лекин бу дунёдан мингта тижорат фойдасидан ҳам қимматбаҳо нарсани олиб кетдилар. Ортларида уларни доим эслаб дуо қиладиган, бирининг бошига муаммо тушганда ёрдамга барчаси ҳозиру нозир бўладиган фарзандлар қолдидриб кетдилар.

Ҳа, бугун ака-укалар бир-биримидан узоқда, ҳатто бошқа-бошқа шаҳарларда яшаймиз. Лекин доимо қалбан биргамиз. Қачон биримизнинг бошимизга муаммо тушадиган, мушкул вазиятга кириб қоладиган бўлсак, ҳамма бирданига ёрдамга шошилади, ҳеч ким ўзини четга тортмайди.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, дадам ўша ёшлик пайтимизда қилган услубларини ҳозир ҳам амалда қўллаймиз. Керак бўлса, бир уйга йиғилиб, ўша болалигимиздагидек “Қандай ёрдам берсак бўларкин” деб бош қотирамиз.

Буларнинг сабаби, албатта аввало Аллоҳнинг фазли ва қўрс-қўпол койишлар, танбеҳу дашномлар билан эмас, ўзининг амали билан бизга тарбия берган дадамнинг шарофатларидир. Аллоҳ отамиздан рози бўлсин, Ўз раҳматига олган бўлсин.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Пайғамбаримиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки ҳадислари одамлар билан муомала қилиш қоидаларини таъсис этади:

Биринчиси: “Мулойимлик нимадаки бўлса, уни зийнатлайди ва қайсики нарса мулойимликдан маҳрум бўлса, уни булғайди”.

Муҳаммад Ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қалб учун одамлар билан юмшоқлик ҳамда уларга яхшиликни раво кўриш бирла муомала қилишдан-да фойдалироқ нарса йўқ! Агар сенга бегона одам бўлса меҳрини, муҳаббатини қозонасан, агар дўстинг ёки яқининг бўлса, муҳаббати ва эътибор бардавом бўлишини таъминлаган бўласан. Агар душманинг бўлса, лутфинг билан унинг чўғини ўчирасан, ёмонлигидан қутуласан!”

Иккинчиси: “Кимки дўзахдан узоқлашишни ва жаннатга киришни истаса, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳолда ўлимни қарши олсин ҳамда ўзига қандай муомала қилинишини хоҳласа, одамларга ҳам шундай муомалада бўлсин!”.

Бу одамлар билан муомала қилишдаги Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўргатиб кетган жуда муҳим қоидадир. Унинг мазмуни: “Мўмин киши бошқалар унга қандай муомалада бўлишини хоҳласа, уларга ўзи ҳам худди шундай муомалада бўлсин”, деганидир.

Агар одамлар шу қоидага амал қилсалар борми… “Фалончи менга зулм қилди”, деган одамни кўрмасдик, ҳеч ким биродарининг ҳаққини поймол қилмаган бўларди.

Насиҳат қилинг, бироқ уятга қўйманг!

Урушинг, койинг, лекин жароҳат етказмаган ҳолда!

Биродарчилик давом этиши учун хатоларни ўчириб юборсак нақадар яхши-а?!

Бироқ бунинг акси-чи? Яъни йўл қўйилган хатолик туфайли биродарчиликни ўчириб юбориш? Ундан қаттиқ сақланмоқ даркор!

Луқмони Ҳаким айтади: “Эй ўғлим! Мен кўп пайғамбарларни кўрдим ва улардан қуйидагиларни ўргандим:

- Намозда турган пайтинг қалбингни ҳар хил ўй-хаёллардан муҳофаза қил!

- Одамлар орасида ўтирганингда, тилингга эътиборли бўл!

- Одамларнинг уйига кирсанг, кўзингни тий, изнсиз ҳеч нарсага қарама!

- Овқатлангани ўтирсанг, ошқозонингни ошиқча овқат ейишдан сақла!

- Иккита нарсани ҳаргиз эслама, ёдга олма: одамларнинг сенга қилган ёмонлиги ва одамларга қилган яхшилигинг!”.

Кимки одамлардан содир бўлган ишларни яхши маънога йўйиб, чиройли гумон қилса, нияти турли хил хаёллардан соғ қолади, кўнгли ёришади, гуноҳлари кечирилади ва Аллоҳ уни ёмонликлардан, балолардан ҳимоя этади!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Cавол: Тиловат саждаси қилинганидан кейин қайси дуони қилсак бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тиловати саждадан сўнг тайин қилинган дуо йўқ. Урфимизда қуйидаги дуони қилиш одат бўлган.

سَجَدْتُ لِلرَّحْمَانِ وَآمَنْتُ بِالرَّحْمَانِ فَاغْفِرْلِي ذُنُوبِي يَا رَحْمَان سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيْر

“Сажадту лирроҳмаани ва ааманту бирроҳмаани фағфирлий зунуубий йаа Роҳмаану. Самиънаа ва атоънаа ғуфроонака Роббанаа ва илайкал масийр”.

Маъноси: “Раҳмон (Аллоҳ)га сажда қилдим, Раҳмон (Аллоҳ)га иймон келтирдим, Ё Раҳмон! Гуноҳларимни мағфират қилгин, эшитдик ва итоат этдик ва қайтиш фақат Сенгадир”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Мақолалар

Top