muslim.uz.umi
Исломни қабул қилган ҳинд аёли Олий судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқда
26 яшар ҳиндистонлик Ҳадия ўзининг исломни қабул қилганлиги боис Олий судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишига тўғри келди.
Ўтган йили Ҳадия (унинг аввалги исми – Акхила Ашокан) нинг отаси Керала штати судига мурожаат қилиб, “қизининг эрини мусулмон бўлганлиги учун ўз динига киришга мажбурлашда айблаб, шу боис бу никоҳни бекор қилишни сўради. Керала штати суди Ҳадиянинг ислом динини ўқишдаги дугоналари билан суҳбатлардан кейин қабул қилишига қарамай, унинг эри билан никоҳини бекор қилди ва унинг бошқа динга ўтганлигини тан олишни рад этди.
Кейинчалик Олий суд қуйи судларнинг қарорини бекор қилиб, Ҳадияга ота-онаси эътирозига қарамай, ўз эри билан бирга яшашга рухсат берди.
Аммо Hindustan Times нашрининг хабарига кўра, бу ҳафта тинимсиз полиция кузатуви ва ота-оналарининг босими туфайли Ҳадия яна судга мурожаат қилишга мажбур бўлди.
«Шафин Жаҳон – менинг эрим, мен бундан кейин ҳам суюкли турмуш ўртоғим билан бирга яшаш ниятидаман, мен ўз хоҳишимга кўра исломни қабул қилдим ва турмушга чиқдим. Мен суддан илтижо қилиб эримни менга васий қилиб тайинлаб беришларини сўрайман, - деди суддаги ўз чиқишида Ҳадия. –Ҳаттоки ҳозир ҳам полиция кузатуви остидаман. Ўтиниб сўрайман, менинг эркимни тўлиқ ўз ихтиёримга қайтариб беринглар”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Олимпиада чемпиони Алина Загитова Москва жоме масжиди қавмига мансуб чиқиб қолди
Россияга Пхенчхандаги Олимпия ўйинлари илк олтин медалини тақдим этган фигурали учиш устаси Алина Загитова Москва жоме масжиди қавмига мансуб чиқиб қолди. Бу ҳақда журналист Радик Амиров ўз блогида маълум қилди. “У бувиси билан Москва жоме масжидига борар ва у ерда Элдор ҳазрат Аляутдинов Алинанинг ишлари яхши бўлиши учун дуолар қилар эди!”, - деб ёзмоқда Амиров. 15 яшар Алина Загитова – хоккей мураббийи Ильназ Загитовнинг қизидир. Спортчининг исмини тошкентлик машҳур нафис гимнастика устаси Алина Кабаева шарафига қўйишган. Фигурали учиш устаси 2018 йилдаги Европа чемпиони, шунингдек Гран-при – 2017 ғолибаси ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Тожикистон бош вазири Фарғонага келади
24 февраль куни Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги делегация Фарғона шаҳрига келади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Делегация таркибидан ҳукумат аъзолари, етакчи иқтисодий тузилмалар раҳбарларидан ўрин олган.
Ушбу делегация Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисида иштирок этади.
Диний идора ички ва ташқи туризм учун лицензия олди
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2016 йил 2 декабрдаги ПФ-4861-сон фармони, шунингдек, юртимизда туризм соҳасини ривожлантишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам “зиёрат туризм” фаолиятини йўлга қўйди.
Жорий йилнинг 23 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фондига Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан туризм фаолиятини кириш, чиқиш ва ички туризм йўналишларида амалга ошириш ҳуқуқини берувчи Т-0151-сон махсус лицензияси тақдим этилди.
Эндиликда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди юртимиздаги қадамжо, зиёратгоҳ ва масжидларни таъмирлаш ва обод этиш билан бир қаторда, бундай табаррук масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг кенг кўламдаги зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва мусулмон дунёсидаги нуфузини янада оширишга ҳам хизмат қилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 7 августдаги ПҚ 938 – сонли Қарорига асосан ташкил этилган. Фонднинг асосий мақсади муқаддас Ислом дини, Ислом фалсафаси ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк уламо ва азиз авлиёларнинг табаррук номлари билан боғлиқ Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Ҳазрати Имом, Шоҳи Зинда, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Кўк гумбаз, Дорус-саодат, Қосим шайх каби мамлакатимиз ҳудудидаги қутлуғ зиёратгоҳ ва қадамжоларни талаб даражасида сақлаш ва ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш ишларини амалга оширишдан иборат.
Юридик манзил: 100002, Тошкент шаҳар, Қорасарой кўчаси, 47-уй.
Алоқа телефонлари: (+99871) 150-64-11, 240-17-69
Интернет манзил: www.qadamjo.uz
э-почта: Cette adresse e-mail est protégée contre les robots spammeurs. Vous devez activer le JavaScript pour la visualiser.
Икромжон Ахмедов
ЎМИ Матбуот хизмати
Якшанба куни Сирдарёда Қуръон мусобақаси бўлиб ўтади
Келаётган якшанба, 25 февраль куни Сирдарё вилоятида қорилар мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада республика босқичига чиқиш учун туман босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 10 нафар қори, 4 нафар қория ҳаракат қилишади.
Мана, салкам бир ярим ойдирки, юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган Қуръони карим мусобақаси сабаб раҳмат нурлари таралмоқда, Аллоҳ таолонинг Каломига иштиёқманд кўнгиллар ҳидоят, раҳмат ва шифо оятларини жон қалблари билан тинглашмоқда.
Мамлакатимизда ўтказилаётган Қуръон мусобақасини кўриш, унга сомеъ бўлиб, файзу-раҳмат кечаларида иштирок этиш ниятида юртдошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали нозил қилган каломидир. Шу сабабдан ҳам Қуръон муқаддас илоҳий калом ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон унинг ҳайбатини қалбда ҳис қилиб, ҳурматини ўз ўрнига қўйиши лозим. Мужтаҳид уламоларимиз оят ва ҳадисларга асосланиб, Қуръон ва унинг қироатига тегишли бўлган фиқҳий ҳукмларни батафсил баён қилганлар. Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”.
Ибн Жазвий: “Ушбу оятга кўра, Қуръонга қулоқ солувчига раҳмат ниҳоятда яқин бўлади”, деган. Мазкур қоидаларга асосан, уламоларимиз Қуръони карим тиловат қилинганда унга жим туриб, қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукм чиқарганлар. Баъзи уламолар Қуръон тиловатига қулоқ солмасдан бошқа гап-сўзлар билан машғул бўлиш, шариатга нисбатан одобсизлик бўлишини айтишган.
Мусулмон инсон учун гўзал овозда қироат қиладиган қоридан тиловат қилиб беришини сўраб, уни тинглаши мустаҳабдир. Имом Нававий айтадилар: “Билгинки, кўпчилик уламолар чиройли овозли қироат соҳибларидан тиловат қилиб беришларини сўрашиб, уларни тинглашар эди”.
25 февраль, якшанба куни Сирдарё вилояти бўйича Қуръон мусобақасининг вилоят босқични бўлиб ўтади. Шундай экан азизлар, дам олиш кунингизда онгу шуурларимизга қувват бўлаётган, илоҳий файзли онлардан баҳраманд бўлишга ошиқинг.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати