muslimuz

muslimuz

Бир ҳаким зотдан икки киши ўртасида бўлган суҳбатни зарбул-масал шаклида ҳикоя қилиб бераётганини эшитганман:

"Биринчи одам дебди: Дўстингни қанчага сотдинг?

Иккинчиси жавоб берибди: Тўқсонта хатога пулладим!

Шунда биринчиси дебди: Мунча арзонга сотмасанг?!".

Мен бу масал ҳақида кўп ўйладим. Дўстининг саксон тўққизта хатосини кечириб, тўқсонинчисида дўстлигидан кечган бу одамдан ҳайратландим. Лекин ундан ҳам кўпроқ тўқсонта хатога сотгани учун маломат қилган нариги одамдан ажабландим. Гўё у: "Бундан ҳам кўпроғини кўтар! Тўқсонта хато дўстинг учун муносиб нарх эмас. Сен унинг қийматини тушириб юборибсан, атиги тўқсон хатога сотибсан!", деётгандек эди.

Энди ўйлаб кўрайлик, дўстимизнинг нархи қанча хатога тенг? Бизга нисбатан қанча хатолик қилса дўстимиздан кечамиз?

Ёки қариндошларимизнинг, ака-укаларимизнинг нархи қанча?

Ота-онамизни-чи? Уларни қанча хато эвазига сотамиз?

Бугунги кунимизга қарасак, одамлар орасидаги воқеликка назар солсак, дўстини, яқинини, ҳатто отаси ёки онасини битта хатолиқ сабабли, биттани-ку қўя туринг, чоракта хато сабабли, хато ҳам саналмайдиган ишлар сабабли сотаётган қанчадан-қанча одам бор?!

Нафақат хатолик туфайли, балки ёмонликка ундовчи нафсга ёхуд инсон ва жинлардан бўлган шайтонларга эргашиб ҳеч қандай айбсиз, гуноҳсиз яқинларидан кечаётганлар қанча?!

Собиқ дўстларимизни қанча хато эвазига сотганимизни эслайлик-да… Ўйлаб кўрсак уларни паст баҳолаганимизни, қимматбаҳо нарсани арзимаган чақа-тангага бериб юборганимизни тушуниб етамиз!

Бизга ҳали-ҳануз яқин бўлган дўстларимизнинг нархини юқори кўтариб, уларннинг хатоларини қанча катта ва кўп бўлса ҳам қабул қилишга, ҳазм қилишга ўргансак бўлмайдими?!

Айби, камчилиги туфайли олдин кечиб юборган дўстларимизни ҳозир қайтариб ололамизми?!

Хўш шу нарсани тушуниб етган ҳолда яқинларимиз билан оқилона муомала қиламизми ёки яна шундай давом этаверамизми?!

Ҳар қандай шахснинг ҳақиқий қиймати – уни йўқотганингиздан кейин, вафот этганидан кейингина билинади. Ўшанда у билан ўртангиздаги риштанинг асл моҳиятини тушуниб етасиз. Ўшанда унинг қадрига етасиз!

Дўстларингизни, яқинларингизни ва сизга меҳр-муҳаббат билан яхши алоқада бўлган инсонларни ҳеч қандай хатога сотманг!

Уларнинг нархини, қадрини баланд кўтаринг. Шу қадар юқори бўлсинки, қанча хато қилишса ҳам хатолар уларга ета олмасин! Қарор сизнинг қўлингизда ва доим шундай бўлади!

Билингки, Аллоҳ ғазабини ютадиганларни, одамларни кечириб юборадиганлар мақтаган ва яхшилик қилувчиларни яхши кўришини кўп бор таъкидлаган: “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради” (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Cавол: Мен Гулистонда яшайман. Тошкентда ўқийман. Тошкентга ўқишга борганимда баъзида бир ҳафта, баъзида икки ҳафта, баъзида 15 кундан кўп қоламан. Айтмоқчи бўлганим маълум муддатни қасд қилиб бормайман, вазиятга қараб, уйга қайтиб қолишим мумкин. Тошкентга борганимда қанча вақт қолишимни билмасам, намозларимни қандай ўқийман?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бир шахс сафар қилиб борган жойида қанча туришини аниқ билмаса, токи ўз юртига қайтмагунича намозларини қаср қилиб ўқийди. Бу ҳақда машҳур ватандошимиз Бурҳониддин Марғилоний раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Киши бирор шаҳар ёки қишлоқда ўн беш ёки ундан кўп кун туришни ният қилмагунича (шу шаҳар ёки қишлоқда) мусофир бўлиб тураверади. Агар ундан кам муддатни ният қилса, намозларини қаср қилиб ўқийди” (“Ҳидоя” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Отам билан бирга рўзғор қилишни ўрганиш учун бозорга борар эдим. Отам нима сотиб олсалар, сотувчи айтган нархга сотиб олар, нарх-наво борасида ҳеч ҳам тортишмас эдилар. Бошқа кўп одамларнинг сотувчилар билан узоқ савдолашиб турганларини кўрардим. Кейин бир куни отамдан “Отажон, нега сиз сотувчилар билан ҳеч ҳам савдолашмайсиз, бошқалар савдолашиб нархни роса тушириб олишади-ку” деб сўрадим.

Шунда отам табассум қилиб тушунтирдилар: “Эҳ болагинам, бу сотувчилар ўзи бой одамлар эмас, кўпчилиги бошқа касби бўлмагани учун шу ерда тирикчилик қилишади, ичларида кимлардир етим бўлиб ўсган, яна қайсидирларининг фарзандлари бетоб бўлиши мумкин, яна қайсидирларининг қарзлари бордир. Шунинг учун ҳам мен улардан нарса сотиб олсам, кенгчилик қилишга ҳаракат иламан. Уларга бундай кенгчилик қилиш махфий садақа бўлади. Зотан улар айтаётган нарх билан биз тушириб оладиган нарх ўртасида унча катта фарқ йўқ. Зора биз ўтиб юбораётган шу арзимас миқдордаги пуллар эртага қиёмат куни фойдамизга ишлаб қолса”.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сотаётган пайтида бағрикенг бўлган, сотиб олаётган пайтида бағри кенг бўлган ва одамлардан қарзини сўраётган пайтида бағрикенг бўлганга Аллоҳ раҳм қилсин”, деб дуо қилганлар.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизлардан олдинги яшаган бир кишининг гуноҳларини кечирди, нима сабабдан? У одам нимаики сотса ҳам, нимаики сотиб олса ҳам, одамлардан қарзини талаб қилаётган пайтда ҳам бағрикенг бўлган эди”, дедилар.

Имом Бухорий ривоят қилган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир киши одамларга қарз берар эди, агар ўша қарздор бўлган кишини оғир ҳолатда кўрса, атрофидаги ишчиларига “Ундан (қарзини) кечиб юборинглар, шоядки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизларнинг ҳам гуноҳларимиздан кечиб юборса”, дерди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у одамнинг гуноҳларини кечди”, дедилар.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилувчиларни Аллоҳнинг меҳмонлари деганлар: "Ҳожи ва умра қилувчи Аллоҳнинг меҳмонидир. Агар Аллоҳга дуо қилсалар дуоларини ижобат қилади ва агар Ундан мағфират сўрасалар уларни мағфират қилади" (Ибн Можа ривояти).

Лаббайка, Аллоҳумма лаббайк...

Аллоҳ таоло умра ибодатига отланган барча юртдошларимизнинг ибодатларини қабул, дуоларини эса ижобат айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

mercredi, 17 avril 2024 00:00

Совун нопокми?

Cавол: Пок сувда, пок кийимни янги совун билан ювса, кийим нопок бўлиб қолмайдими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Янги совун нопок ҳисобланмайди. Ҳатто ишлаб чиқариш жараёнида нопок моддалар қўшилган тақдирда ҳам кимёвий ўзгариш жараёнидаги ўзгаришлар туфайли улар бошқа нарсага, яъни совунга айланиб қолади ва у шариат қоидасига кўра ҳалол ҳисобланаверади.

Динимизда барча нарсалар, агар уларнинг нопоклиги аниқ бўлмаса, пок ҳисобланади. Масалан, янги кийим сотиб олинган кийим нопок деган гумон билан ювилмайди. Қачон унда нажосат борлиги аниқ бўлсагина, ювилади. Фиқҳий манбаларимизда бу ҳақида мана бундай келган:

“...нарсалардаги асл ҳолат бу уларнинг поклиги бўлиб, нажосат бўлиши оризий(кейин пайдо) бўладиган нарсадир. Шунга кўра нарсаларнинг, то нопоклиги маълум бўлмагунича асл ҳолатига (яъни пок эканига) ҳукм қилинаверади” (“Муҳити Бурҳоний” китоби).

“Нажосат бўлган ёғ совунга айлантириш билан пок бўлади. Умумий балво (омма мубтало бўладиганлиги) туфайли шунга фатво берилган” (“Раддул муҳтор” китоби).

Шунга кўра сиз айтган ҳолатларда кийим ёки сув нопок бўлиб қолмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Page 91 sur 265
Top