Бир ҳаким зотдан икки киши ўртасида бўлган суҳбатни зарбул-масал шаклида ҳикоя қилиб бераётганини эшитганман:
"Биринчи одам дебди: Дўстингни қанчага сотдинг?
Иккинчиси жавоб берибди: Тўқсонта хатога пулладим!
Шунда биринчиси дебди: Мунча арзонга сотмасанг?!".
Мен бу масал ҳақида кўп ўйладим. Дўстининг саксон тўққизта хатосини кечириб, тўқсонинчисида дўстлигидан кечган бу одамдан ҳайратландим. Лекин ундан ҳам кўпроқ тўқсонта хатога сотгани учун маломат қилган нариги одамдан ажабландим. Гўё у: "Бундан ҳам кўпроғини кўтар! Тўқсонта хато дўстинг учун муносиб нарх эмас. Сен унинг қийматини тушириб юборибсан, атиги тўқсон хатога сотибсан!", деётгандек эди.
Энди ўйлаб кўрайлик, дўстимизнинг нархи қанча хатога тенг? Бизга нисбатан қанча хатолик қилса дўстимиздан кечамиз?
Ёки қариндошларимизнинг, ака-укаларимизнинг нархи қанча?
Ота-онамизни-чи? Уларни қанча хато эвазига сотамиз?
Бугунги кунимизга қарасак, одамлар орасидаги воқеликка назар солсак, дўстини, яқинини, ҳатто отаси ёки онасини битта хатолиқ сабабли, биттани-ку қўя туринг, чоракта хато сабабли, хато ҳам саналмайдиган ишлар сабабли сотаётган қанчадан-қанча одам бор?!
Нафақат хатолик туфайли, балки ёмонликка ундовчи нафсга ёхуд инсон ва жинлардан бўлган шайтонларга эргашиб ҳеч қандай айбсиз, гуноҳсиз яқинларидан кечаётганлар қанча?!
Собиқ дўстларимизни қанча хато эвазига сотганимизни эслайлик-да… Ўйлаб кўрсак уларни паст баҳолаганимизни, қимматбаҳо нарсани арзимаган чақа-тангага бериб юборганимизни тушуниб етамиз!
Бизга ҳали-ҳануз яқин бўлган дўстларимизнинг нархини юқори кўтариб, уларннинг хатоларини қанча катта ва кўп бўлса ҳам қабул қилишга, ҳазм қилишга ўргансак бўлмайдими?!
Айби, камчилиги туфайли олдин кечиб юборган дўстларимизни ҳозир қайтариб ололамизми?!
Хўш шу нарсани тушуниб етган ҳолда яқинларимиз билан оқилона муомала қиламизми ёки яна шундай давом этаверамизми?!
Ҳар қандай шахснинг ҳақиқий қиймати – уни йўқотганингиздан кейин, вафот этганидан кейингина билинади. Ўшанда у билан ўртангиздаги риштанинг асл моҳиятини тушуниб етасиз. Ўшанда унинг қадрига етасиз!
Дўстларингизни, яқинларингизни ва сизга меҳр-муҳаббат билан яхши алоқада бўлган инсонларни ҳеч қандай хатога сотманг!
Уларнинг нархини, қадрини баланд кўтаринг. Шу қадар юқори бўлсинки, қанча хато қилишса ҳам хатолар уларга ета олмасин! Қарор сизнинг қўлингизда ва доим шундай бўлади!
Билингки, Аллоҳ ғазабини ютадиганларни, одамларни кечириб юборадиганлар мақтаган ва яхшилик қилувчиларни яхши кўришини кўп бор таъкидлаган: “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради” (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.