Кутубхона

Оилада фарзанд тарбияси: ХАТОЛАРНИНГ АЧЧИҚ МЕВАСИ

ОДОБ – БОЛАНИНГ КЎРКИ

Болалик чоғимизда катталар сўзлаб берган эртакларнинг қаҳрамонлари дев, ялмоғиз ёки алвасти каби қўрқинчли махлуқлар олдига кирганда салом беришар, бунга ўша махлуқлар: «Агар саломинг бўлмаганида, икки ямлаб, бир ютар эдим», деб жавоб қайтаришарди. Ўша эртакларда бир жойга албатта салом билан кириш зарурлигига нега бунчалик урғу берилганининг сабабларини улғайгачгина тушундик. Шунинг учун бола эсини таниши билан учраган таниш-нотанишга салом беришини талаб қилинг. Чунки саломлашиш инсонлар одобининг боши, танишув муқаддимаси, мусулмон киши ахлоқининг асосий шартларидан биридир.

Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатсин. Чунки салом бериш Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суннатларидандир, унга алик олиш эса вожибдир. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Доно халқимиз бежиз: «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган. Чунки бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингиз ҳузурига «Ассалому алайкум» (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, унинг жаҳли тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасидан ҳам юксак.

Ота-боболаримиз азалдан ўғил-қизларнинг чиройли хулқли, одобли бўлишига катта аҳамият беришган. Чунки Ислом дини ахлоқни имон қаторида қўяди. Ҳамма замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олижаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айниқса, Шарқ олами бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган.

Олий хулқ соҳиби бўлмиш Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) эргашган инсонлар Яратганнинг ҳукмларига бўйсуниб, хулқларини тузатишган, яхши фазилатлар соҳиби бўлишган. Оилада, яқинлар даврасида, одамлар билан муносабатларда комил одобларини намойиш қилишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматни ҳусни хулқ, одобли бўлишга тинмай чақирганлар. Бу мавзуда жуда кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган:

«Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин! Кичикни ҳурмат қилмаган, кексанинг қадрига етмаган биздан эмас».

«Одамларга таом беринглар ва ширинсўз бўлинглар».

«Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушрўй одамлардан кутинглар».

«Дин чиройли хулқ ва ғазаб қилмасликдир».

«Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқ-атвори яхши бўлгани ва хотинларига яхши муомала қилганидир».

«Дўст-биродарларига қовоғини солиб қарайдиган кишиларни Аллоҳ ёқтирмайди, У ҳар ишда мулойимликни яхши кўради».

«Яхши инсонлар гўзал хулқлари билан кечаси ибодат қилганлар ва кундузи рўзадор бўлганлар даражасига эришишади».

«Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига севимли бўлган икки хислат бор: булар мулойимлик ва вазминликдир».

«Одамлар билан хуш муомалада бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб, беҳаё сўзламанглар».

«Ўзини камтарин олиб юрувчи, ҳалол касб қилувчи, қалби пок, кўриниши ёқимли, одамларга зарар етказмайдиган, хайр-эҳсон қиладиган, беҳуда гапдан ўзини тиядиганлар инсонларнинг энг яхшиларидир».

Ҳар бир ота-она ана шу кўрсатмаларга биноан боласини чиройли хулқ эгаси қилиб тарбияласин, унга одоб ўргатсин. Чунки яхши хулқ инсонларни бир-бирига улфат қилади, ёмон хулқ уларни ажратиб ташлайди. Яхши хулқ муҳаббатни, ҳамкорлик ва муросани тақозо этса, ёмон хулқ нафрат, ҳасад ва келишмовчиликларга сабаб бўлади.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Ёмон хулқнинг мисоли худди синган сопол идишга ўхшайди, уни ямаб ҳам, лойга қайтариб ҳам бўлмайди».

Фузайл ибн Иёз эса: «Чиройли хулқли фожир (ярамас) кимсанинг менга ҳамсуҳбат бўлиши ёмон хулқли обид (ибодатли) киши суҳбатидан яхшироқдир», деган.

Умар ибн Хаттоб: «Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар», деб айтганлар.

Али ибн Абу Толиб: «Ҳусни хулқ уч хислатда бўлади: ҳаромлардан сақланишда, ҳалолни исташда ва оилани фаровон қилиб қўйишда», деганлар.

Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: «Ҳусни хулқ очиқ юзли бўлиш, молни сарфлаш ва азият беришдан ўзини тийишдир».

Саҳл Тустарий айтадики: «Ҳусни хулқнинг энг ози азиятларни кўтариш, товон (пули)ни тарк этиш, золимга ҳам раҳм қилиш ва унга истиғфор айтишдир».

Ёшлар тарбияси ҳақида сўз борар экан, уларга тегишли умумий одоб-ахлоқлар ҳақида Имом Ғаззолий айтган сўзларни нақл этишни лозим топдик: «Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари керак («Иҳё...» китоби, 3-жуз, 70-бет).

Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Гўзал феъл-атвор, яхши хулқ нишонаси ўнтадир: яхшилик қилиш, инсофли бўлиш, бошқа одамдан айб қидирмаслик, ножўя ҳаракат қилаётганни тўғри йўлга бошлаш, айбига иқрор бўлганнинг узрини қабул қилиш, ўзгалар машаққатини зиммага олиш, фақат ўз манфаатини кўзламаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, мулойим ва тавозели бўлиш».

Подшоҳ Анушервон доно вазири Бузургмеҳрдан: «Мулойим кишининг белгилари қайсилар?» деб сўраганида, вазири: «Мулойим кишида учта нишона бўлади: биринчиси – юзсиз, бадфеъл кишилар қўпол сўзласа ҳам, у яхшилик қилаверади; иккинчиси – қаҳр-ғазаби алангаланганида ҳам, тишини тишига босади; учинчиси – бир кишидан зиён етса-ю, жазо беришга қодир бўлса ҳам, аччиғини ютади», деб жавоб қилди.

Луқмони ҳакимдан: «Сен ўзинг кўрган иллатлар ва айблардан қай бирига даво топа олмадинг?» деб сўрашибди. У: «Мен барча иллатларга ҳикмат юзасидан даво топдим, аммо даволай олмаганим бадфеъллик бўлди», дея жавоб қайтарган экан.

Суқрот ҳакимнинг бундай сўзлари бор: «Ҳалол меҳнат, муҳтожларга ёрдам, ғазаб вақтида ёмон сўзлардан тилни ва бировга озор беришдан қўлни тийиш, камчиликни битириб ҳамда ёмон хулқ-атворни тузатиб, гўзал ахлоқ соҳиби бўлиш энг яхши фазилатлардир».

«Тўғри йўлдан оғишмаслик, инсофли-адолатли бўлиш, нафс орзусига қарши бориш, олим-фозиллар билан суҳбат қуриш, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқат қилиш, самимий дўстлар маслаҳати билан иш тутиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш эзгуликнинг маъданидир», деган улуғ ҳакимимиз Абу Али ибн Сино.

Юсуф ибн Асботнинг айтишича, «Ҳусни хулқнинг аломати ўн хислатдадир: ўзгалар билан ихтилофга бормаслик, чиройли инсоф, бировларнинг тойилиб кетишини истамаслик, бошқаларнинг билинган камчилигини яхшиликка йўйиш, узр сўрай олиш, азиятларга чидаш, нафсини тергов қилиб туриш, ўзганинг эмас, ўз айбини билиш, каттаю кичикка бирдай очиқ юзли бўлиш, ўзидан юқори ёки паст кишига ҳам мулойим сўзлаш».

Ҳикоя қилишларича, Ардашер Бобак юртини адолат зийнати билан безаган эди. Бир куни у ўғлининг ғоятда қимматбаҳо кийимлар кийиб олганини кўрди. Уни олдига чақириб: «Ўғлим, киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч бир хазинада бўлмасин», деди. Ўғли ундан: «Эй ота, у қандай либос, нимадан тикилади?» деб сўради. Отаси унга: «У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади», деб жавоб берди.

Фарзандининг чиройли одобидан умид қилган ота-она уни мунтазам равишда ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг қуйидаги қирралари билан таништириб борсинлар:

Фарзандингиз одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим ва камтар бўлишга ҳаракат қилишига эътибор қаратинг. Болангизни кичикларни иззат-икром, катталарни ҳурмат-эҳтиром қилишга ўргатинг.

У одамлар билан яхши муносабат ўрнатсин, қўпол ва беҳаёларча сўзлаб, дилларни оғритмасин. Чунки инсонларнинг энг яхшиси муросага осон келадиган, қалби пок, ортиқча гап-сўзлардан ўзини тиядиган кишилардир.

 Одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзандингизга болаликдан ана шу хислатларни сингдириш пайида бўлинг.

Фарзандингизга ўзгалар билан муомала чоғида бошқаларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, ўзгаларни менсимай паст назар билан қараш, обрўйи, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиш ҳам одобсизлик эканини яхшилаб тушунтиринг.

Шунингдек, ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, амрларини сўзсиз бажариш, хизматларига шай туриш ҳам ёшларга ярашиқли одобдандир. Шу боис уларни болаликданоқ ана шу одобларга ўргатиб боринг.

 

ПОКЛИК ИМОНДАНДИР

Ислом дини поклик, тозалик динидир, поклик имондандир, деб таълим беради. Шунинг учун фарзандларимизни болаликдан покликка, озодаликка ўргатишимиз керак бўлади.  Аллоҳ таоло пок бандаларини яхши кўришини бир неча ўринларда зикр қилиб ўтган. Жумладан:

فِيهِ رِجَالٞ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْۚ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُطَّهِّرِينَ١٠٨

Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар... (Тавба, 108).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар:

تَنَظَّفُوا فَإِنَّ الْاِسْلاَمَ نَظِيفٌ

«Пок бўлинглар, зеро, Ислом покликдир» (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса:

اَلنَّظَافَةُ تَدْعُو إِلىَ الْاِيمَانِ وَالْاِيمَانُ مَعَ صَاحِبِهِ فىِ الْجَنَّةِ

«Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз эгаси билан жаннатда биргадир», дейилган (Имом Табароний ривояти).

Имом Ғаззолий (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: «Киши зоҳирий нопокликлардан сақланиш билан бирга, ботинини ҳам пок тутиши лозим. Чунки ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига олиб боради. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қандай қўним топсинлар!»

Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:

وَثِيَابَكَ فَطَهِّرۡ٤

«Либосларингизни покланг» (Муддассир, 4).

Болаларимизга кичиклигиданоқ кийимларини пок, тоза тутишни ўргатайлик. Чунки либос инсон зийнати ҳисобланади.

 Боланинг маънавий олами пок бўлиши унинг ташқи оламини поклашига бевосита боғлиқдир. Демак, ота-она унинг халқумидан ўтаётган ҳар бир нарсага жиддий аҳамият бериши лозим.

Болаларимизнинг соғлом ва баркамол вояга етишлари ҳам кўп жиҳатдан уларнинг ҳамиша тоза, пок юришларига, бу борадаги исломий талабларни яхши билиб олишларига асосланади. Одобимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, поклик яхши инсонликнинг кўзгусидир. Агар инсон кир-чиркинликлардан тозаланиб юрса, бу борадаги одобларимизга риоя қилса, гўзаллик ва саломатликнинг энг олий даражасига эришади. Кир-чир, исқирт ҳолда юрувчи, тозаликка эътибор бермайдиган боладан ҳамма ўзини олиб қочиши турган гап. Шу боис фарзандларимизни тоза, пок юришга, эрталаб уйқудан турганда ва ётаётганда юз-қўлларини ювишга, таҳорат ва ғусл олишга, бадани ва тана аъзоларини ҳамиша пок, кийимларини, ўрин-жойларини тоза тутишга гўдакликданоқ одатлантириб бориш зарур.

Шарқона одоб талабларига кўра, комил инсонлар ҳаётда ҳамиша ювинган (таҳорат олган), тоза кийимлар кийган ҳолда, тирноқ, соч-мўйлабларини ўстириб юбормай, уятли жойларини яшириб юришлари лозим. Ҳар куни камида икки марта – эрталаб ва кечқурун тишларни мисвок (махсус тозалаш воситаси) ёки тиш чўткаси ёрдамида тозалаш ҳам одобнинг асосий шартларидандир.

Болаларнинг ҳар ҳафтада камида бир марта, асосан жума кунлари, байрамларда, ўсмирлик пайтида уйқусида булғаниб қолганида баданларининг ҳамма ерига сув етказиб чўмилишлари (ғусл қилишлари) талаб этилади. Амалий ва тиббий тажрибалардан маълум бўлишича, бундай ювиниш одамни турли ифлосликлардан тозалабгина қолмай, куч-қувватни тиклаш ва тетиклаштиришга ҳам хизмат қилади.

Болаларимизга ҳожатхонага кириб-чиқиш тартиб-қоидаларини ҳам ўргатиб қўяйлик. У жойга кираётганда шайтон ёмонликларидан паноҳ тиланади, қиблага қараб ёки орқа ўгириб ўтирилмайди, бошяланг,  ялангоёқ кирилмайди, у ерда гапириш, бирор нарса ўқиш мақбул эмас. Сув ва сув ёқасига, ернинг ёриқ жойларига, жониворлар уясига, дарахт остига, ахлатхона ёки қабристонларга ҳожат ушатилмайди. Ҳожат ушатиб бўлингач, кесак ёки махсус чиқарилган қоғоз билан тозаланиш, иложи борича, чап қўл ёрдамида сув билан ювиб ташлаш лозим. Айниқса, сийдик қолдиқларининг кийим ёки баданга тегишидан эҳтиёт бўлиш керак. Турли битикли қоғозларни, яроқли мато, тоза пахта, тезак, суяк кабиларни тозаланиш мақсадида ишлатиб бўлмайди.

Фарзандимиз балоғатга ета борар экан, унинг мўйлов ва соқоллари ўса бошлайди. Мўйлабнинг лаб четида ўсиб кетиши ғайридинлар одати бўлгани учун уни узайтириб юбормай, қисқартириб туришни тайинланг. Киндикости туклари деганда жинсий аъзо ва орқа йўл атрофидаги туклар назарда тутилади ва улар кетказиб (қириб ёки юлиб) тозаланади. Қўлтиқ ости тукларини ҳам ўсиши билан юлиб, бунга чидамаганлар эса қириб тозалашади.

Тирноқни ўстириб юриш одобимизга хилоф бўлгани учун, уни ўсган заҳоти олиб турган маъқул. Тирноқларини ўстириб, унга ҳар хил бўёқ ва ишлов бериш айрим қизлар ўйлаганидай, мутлақо зийнат саналмайди.

Фарзандингизнинг қулоқ бурмалари, бурун катаклари, киндик чуқурлари, кўз қовоқлари каби одатда баданнинг кир тўпланадиган барча бўғинларини ҳамиша тозалаб туришига эътибор қаратинг. Поклик ва ёқимли ҳидни йўқотмаслик учун ана шу жойларни мунтазам ювиб туриш лозим.

Одобимизда оғиз ва тишларни тозалашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги замонавий тиш тозалаш чўткалари 1806 йилдан бошлаб урфга кирган бўлса, аждодларимиз минг йиллардан буён арок деган дарахтнинг шохларидан махсус ясалган восита (мисвок) ёрдамида оғиз-тишларини тозалаб юришган. Мисвок оғиз-тишни тозалабгина қолмай, уни хушбўй қилади, кайфиятни яхшилайди, милк ва тиш касалликлари олдини олади, кўзни равшан қилади, овқат ҳазмини яхшилайди, турли микробларни ўлдиради. Фарзандингизга мисвок ёки тиш тозалаш чўткасидан фойдаланишни ўргатинг, эрталаб ва кечқурунлари бу ишини назорат қилиб боринг.

Киши сочини парваришлаши, ўз вақтида ювиб-тозалаши, тараб-ўриши лозим.

Болаларингизга тозалик ва поклликка доир ушбу қоидаларни сингдирсангиз, фойдадан холи бўлмайди: уйқудан турган бола уч марта ювмагунича ҳеч нарсага қўлини урмасин. Ичимлик ичаётганида идиш ичига нафасни туширмаслик, синиқ, дарз кетган ёки лаби учган идишларда емаслик ва ичмаслик лозим, чунки бунда унинг ичига микроблар тушиши ва касаллик қўзғаши мумкин.

Шунингдек, уй, ҳовли ва ишхоналарни ҳамда уларнинг атрофини тоза тутиш, ахлатларни кўчага, одамлар юрадиган жойларга ташламаслик, умуман, ахлатни тўпламаслик ҳам одобга киради.

Уй ичини, идиш-товоқларни, жиҳозларни тоза сақлаш ҳақида фарзандларингизга тушунча беринг. Уст-бош, соч-соқолнинг, хусусан, кўйлаклар ёқасининг покиза бўлишига алоҳида эътибор бериш, одамлар орасида озода-тартибли юриш талаб этилади.

 

ХАТОЛАРНИНГ АЧЧИҚ МЕВАСИ

Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп мамлакатлари аҳолиси оила инқирозга учрагани, фарзандлар тарбияси батамом издан чиққани, катталар ва болалар ўртасидаги муносабатлар аслий ўзанидан четга чиқиб кетгани азобини чекяпти. «Оталар ва болалар ихтилофи» деган сохта муаммолар ўйлаб топилиб, тарбия соҳасидаги хатоларни хаспўшлашга ҳаракат қилиняпти. Бу аҳволни тузатиш борасида қанчалаб тадқиқотчилар, олимлар ва сиёсатчиларнинг бошлари қотган.

Шарқ оилаларида эса бу муаммонинг бўлиши мумкин эмас. Чунки бизда болалар кичиклигиданоқ катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг айтганига қулоқ солиш, гап қайтармаслик, ҳар бир ишда маслаҳат сўраш руҳида тарбия қилинади. Одобимизда ота-она чақирганда ҳар қандай ишни ташлаб, «лаббай» деб бориш, нима буюришса ҳам «уф» тортмай бажариш, қариб ёрдамга муҳтож бўлишганида ҳар томонлама меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ҳатто даврада улардан юқорига чиқмаслик, берухсат сўзламаслик, кўчада олдиларига тушиб юрмаслик талаб этилади.

Ислом ахлоқида «Боланинг ўзи ҳам, моли ҳам отаникидир», деган ажойиб қоида бор. Бу агар ота муҳтож бўлиб қолса, фарзанди топган мол-мулкдан бемалол, ҳатто сўраб ўтирмай фойдаланишга ҳақли, деганидир. Айни пайтда бу, ота ўзи етарли мол-дунёга эга бўлгани ҳолда, мазкур қоидани рўкач қилиб, ўғлининг бор-будини тортиб олсин, дегани эмас.

Исломий оилаларда улғайган фарзандлар қариб-қартайиб, моддий ва маънавий ёрдамга мухтож бўлиб қолганларида, иншааллоҳ, тиланчилик қилиб ёки ахлат титиб емиш излашга мажбур бўлишмайди. Бошпанасиз қолиб кўчаларда, деворлар тагида тунаб юришмайди. «Қариялар уйлари»да, болаларини соғиниб яшашга маҳкум бўлишмайди.

Яхши, одобли фарзандлар ота-оналарини ҳамиша бошга кўтаришади, айтганларини муҳайё этишади, иззат-икром қилиб, дуоларини олишади. Чунки бу «қайтар дунё» эканини яхши билишади – ота-онага қилган яхшиликлари эртага ўн чандон бўлиб фарзандларидан ўзларига қайтишидан умид қилишади, ёмонлик қайтиб қолмаслиги чораларини кўришади.

Фарзандига болалигидан яхши тарбия беролмаган, бу муҳим ишга бефарқ қараган оилаларда эса ҳамиша бир муаммо: фарзанд ота-онага умуман буйсун­май қўйган: «али» деса, «бали» дейди, айтганига кир­майди. Айрим фар­зандлар эса ота-онани сўкиш у ёқда турсин, ҳатто қўл кўтаришгача борган. Бировининг боласи ичкиликка ёки гиёҳвандликка мубтало. Яна кимнингдир ёлғиз фарзанди ўғирлик ёки бошқа бир жиноят қилиб қамалган. Яна бири ота-онасининг умр бўйи йиғиб топган мол-дунёсини қиморда ютқазиб қўйган...

Хўш, ўзимизга бир савол берайлик: «Бу аянчли воқеаларда ким айбдор?» Айбни она сути оғзидан кетмаган ёшларга ёки кўча муҳитига тўнкаб қўя қолса ҳам бўлади. Ёки айримларга ўхшаб буни мактаб муаллимларининг масъулиятсизлигига йўйиш ҳам мумкин. Ёхуд баъзилар каби «ҳа, энди замона бузилиб кетди-да» қабилидаги надомат-тасалли билан овунса ҳам бўлади.

Аммо шуни очиқ тан олиш керак, бола билан ота-онанинг муросаси бузилишига кўп жиҳатдан катталарнинг ўзлари айбли. Улар фарзандларини ёшлигида эркалатиб юборишган. Нима сўраса, айтгани дарров муҳайё, илтимосини ўйлаб ҳам ўтирмай, бажо қилишган. Гапи рад этилмай улғайган бола катта бўлгач ҳам ана шу кайфиятида қолади. Лекин ота-она қўл қисқалигиданми ёки бошқа сабабдан унинг тинмай ошиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олмай қолса, улар ўртасида аввал можаро, кейинроқ катта жанжал ва ўнгланмас зиддиятлар келиб чиқаверади.

Баъзан йиғин ва давраларда суҳбатдошларнинг бола тарбиясига оид баҳс-мунозараларини эшитишга тўғри келиб қолади. Фарзандлар тарбияси яхши бўлишининг омилларини ҳар ким ўзича шарҳлайди. Кимдир улуғ муаллимлар тажрибасига кўра тарбия беришни тавсия этади. Бошқаси ота-она аввало ўз ибрати билан тарбиялаши лозим, деб ҳисоблайди. Биров боғча ва мактабдаги тарбия тизимини фойдали санаса, яна кимдир болани ёмон улфат ва муҳитдан ҳимоя қилишни асосий масала, деб билади. Лекин кўпчилик боланинг солиҳ, эс-ҳушли, тарбияли, итоатгўй бўлиб улғайишининг бош сабаблари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Айтилган бу омиллар ҳам керак, лекин аввал таъкидлаганимиздек, болангизга ҳали туғилмасидан олдин ҳалол-пок луқма бермас экансиз, унинг яхши тарбия топишидан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Ҳаром йўллар билан топилган луқма еб катта бўлган болани ҳар қандай улуғ тарбиячи энг замонавий таълимот асосида тарбияламасин, кўзланган мақсадга эришиш амри­маҳол! Аксинча, ҳалол нафақа билан улғайган болани тарбиялаш осон кечади, бундай оилаларда ҳеч қачон «авлодлар ихтилофи» деган шармандали вазият юзага келмайди.

Ўспиринлик инсон феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу пайтда болаларга алоҳида аҳамият бериш лозим. Жумладан, ёшларнинг солиҳ кишилар билан дўст-биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: «Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушку анбар сотувчидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам, унинг хушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонидир. У гарчи кийимингни куйдирмаса-да, тутуни димоғингни ачитади», деганлар.

Халқимизда: «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар», деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَكُونُواْ مَعَ ٱلصَّٰدِقِينَ١١٩

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба, 119)

Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасан Басрий (раҳимаҳумаллоҳ) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: “Эй кексалар! Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. “Ҳосил йиғиб олинади” дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ): “Эй йигитлар! Шуни билинглар, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши мумкин”, деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишувида муҳим ўрин тутишига ишора қиладилар.

Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу паллада фарзандларимизни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса сувга ёзилган кабидир”, деганлар.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига бу улуғ вазифани ақлан ҳамда жисмонан кучга тўлган ёшлик чоғларида инъом қилган, шунингдек, олимларга ҳам илм асосан ёшлик чоғларида берилган”, деган.

Ҳаётда катталар ва болалар ўртасида маълум келишмовчиликлар, бир-бирини тушунмаслик, бир-бирига “ғайирлик” каби ҳолатларнинг бўлиши табиий. Чунки кўп ҳолларда уларнинг ёши ва тажрибаси борасидаги кескин фарқ “ўз ҳукмини ўтказиб” туради. Ота ҳаётда эришган тажрибаси, мавқеи, билими доирасида фикр юритиб, боласидан ҳам шунаг муносиб бўлишни талаб қилади. Бола эса ҳали ғўр, тажрибасиз бўлганидан отанинг насиҳатини ўз эркига тажовуз сифатида қабул қилади. Ота ўргатганларининг аксини бажаргиси келади. Фитратидан келиб чиқиб, отанинг хатосини у ҳам ўзи билмаган ва хоҳламаган тарзда такрорлашга мажбур бўлади. Отанинг ўз фарзанди “бу хатоларни такрорламаслиги учун” жон куйдириши самарасиз кетади. Бунда унинг жиғибийрон бўлгани ҳам, бошини чангаллагани, юрагини сийпагани ҳам иш бермайди.

Ёш ва замон орасидаги фарқ боис катталар ва болаларнинг дунёқараши, қизиқишлари, қадриятлари, турмушга муносабатлари ҳам турлича бўлиши табиий. Ҳатто кийиниш, муомала, овқатланиш каби оддий ҳолатларда ҳам икки томон кескин фарқланиши мумкин. Бир қарашда арзимас кўринган бу ҳолатлар ҳам баъзан тўқнашувлар омилига айланиб кетади.

Ҳеч эътибор берганмисиз, фарзандингиз сиз истагандай кийинмаслиги, сиз ёқтирган овқатни емаслиги, сиз берилиб эшитиб турган мусиқани хоҳламай, «бошқа шўхроғига олайлик», деб илтимос қилиши мумкин. Бу боланинг инжиқлиги ёки «бузилиб кетаётгани», ёхуд қайсарлиги ва итоатсизлиги белгиси эмас, балки унинг ёши ва у яшаётган давр билан боғлиқ ўзига хос эҳтиёжидир.

Кўпни кўрган қариялар, тажрибали кишилар билан суҳбатлашсангиз, бир нарсани такрор-такрор эслатишади: ҳамма даврда ҳам катталар ёшларнинг «бузилиб кетаётганидан, ҳаётни тушунмаслигидан, ёши улуғлар билан муносабатларда бетгачопарлик, қайсарлик қилишидан» нолиб ўтишади. Гап, албатта, «ҳа, бизнинг давримиз бошқача эди, ёшлар одобли бўларди, катталардан ҳайиқиб турар эди» деган надомат тўла оҳангларда якунланади. Ёшларга қулоқ солсангиз, улар ҳам, ўз навбатида, катталарни қолоқликда, даврни ва ёшларни тушунмасликда, ўз ҳукмини ўтказишга уринишда айблашади. Улар ҳам гапни «ҳозирги ёшларга қийин бўлаётгани» ҳақидаги таассуфлар билан якунлашади.

Тажрибалардан маълумки, фарзанд учун ота-онадан садоқатлироқ, улардан фидойироқ, меҳрибонроқ дўст ёки улфат топиш қийин. Ўғил ёки қизнинг бошига бир мусибат ёки бало келганида ҳамма ундан воз кечиб ёки ташлаб кетиши мумкин. Фақат ота-она бундай қилолмайди: фарзанди билан баб-баравар қайғуради, фиғон чекади, ярасига малҳам қўяди. Аммо бу садоқат ва фидокорлик ҳам айрим фарзандларга кўп ҳолларда ёқмайди, уларнинг ортиқча меҳрибончилигидан жаҳли чиқади. Гўё уни ёш бола санаб, ортиқча илтифот кўрсатишаётгандек туюлади. Бошидан мусибати ариши биланоқ яна эски «дўст»ларини излашга тушади. Ота-она эса фарзандининг бу қилиғидан заррача хафа бўлмай, илгаригидан ҳам зўрроқ садоқат ва илтифот кўрсатаверади.

Ота-оналар ўз фарзандлари билан муроса қилиш, уларнинг «кўнглини топиш»да яна бир жиҳатга аҳамият беришлари керак бўлади. Яратган ҳар бир бандасини маълум ёш орасида синов-имтиҳонга солиши бор. Масалан, йигирма ёшгача камбағаллик, ўттиз ёшгача фарзанддан қисиш, қирққача ҳаётда ўрнини тополмаслик, элликда бирор касаллик ёки бирор ахлоқсизлик билан имтиҳон қилиши мумкин. Ёхуд энг суюмли фарзандингиз сизнинг бутун қилган яхшиликларингизга жавобан бирор «исён» ёхуд дилхиралик билан жавоб қайтариши эҳтимол. Чунки у ҳамма нарсага ўз ақли, дунёқараши, феъл-атворидан келиб чиқиб муносабатда бўлади, фикр юритади.

Бундай нозик пайтларда бўлиб ўтаётган ишлардан ё бошга тушган мусибатлардан дарров фожиа ясамай, сабр қилишни ўрганинг. Болангизнинг итоатсизлигини ёки қўрслигини шов-шув қилмай, ундан душман ясамай, ётиғи билан таҳлил этинг. Фиғонингиз фалакка ўрламасин, ҳасратингиз дунёга сиғмай қолмасин. У билан «дўппини олиб қўйиб» дилдан, самимий «гаплашиб олиш»га урининг. Унинг қалбидаги ҳис-туйғулар, ёшлик пўртаналари билан қизиқиб кўринг. Эҳтимол, аҳвол сиз ўйлаганчалик, ноўрин гумон қилаётганингиздай ваҳимали эмасдир?

Бир журналда тадқиқотчиларнинг ярим ҳазил, ярим чин тарзидаги кузатувларига кўзим тушган эди. Фарзанднинг отаси ҳақидаги фикрлари турли ёшда ҳар хил бўларкан: беш ёшда: «Отам ҳамма нарсани биладилар». Ўн ёшда: «Отам кўп нарсани биладилар». Ўн беш ёшда: «Мен ҳам отамчалик биламан». Йигирма ёшда: «Тўғрисини айтсам, отам ҳеч нарсани билмайдилар». Ўттиз ёшда: «Ҳар ҳолда отам унча-мунча нарсани биладилар». Қирқ ёшда: «Отамнинг фикрини ҳам билсам, ёмон бўлмасди». Эллик ёшда: «Отам ҳамма нарсани биладилар». Олтмиш ёшда: «Қанийди, отам тирик бўлганларида, улар билан маслаҳатлашган бўлар эдим». Болалар билан муроса ва муносабатларда уларнинг бу кайфиятини ҳам инобатга олиш керак бўлади.

Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли зарарли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш, шу жумладан, гиёҳвандлик офатидан асраш ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилиб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз амалдир. Шундагина инсон Аллоҳ ва Унинг расули ҳамда иш раҳбарлари амрига итоат қиладиган, иродали, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, динига ҳимматли, ўз халқига фидокор, жамият манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи комил инсон бўлиши мумкин.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихи, Ватанига, она тилига, ўз миллатини улуғлаган сиймоларга, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин.

Фарзандлари улғайган сари ота болаларига ва улар тақдирига янада ҳушёрроқ қараши лозим, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш, албатта, ота-оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади. Кези келганида, китобимизнинг олдинги бобларида айтиб ўтганимиздек, фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини назарга олган ҳолда иш тутишимиз ва болаларимизнинг илм олишлари ва касб-ҳунар эгаллашларига маслаҳатчи ва ҳамфикр бўлишимиз даркорлигини унутмаслигимиз керак. Уларни теварак-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бефарқлик эмас, балки дахлдорлик руҳида тарбиялашимиз, келажакка катта ишонч билан боқишга ўргатишимиз керак бўлади.

Хулоса қилиб айтсак, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи равишда вояга етказишда, албатта, жамоат ташкилотлари, ота-она, маҳалла ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир. Одоб ва ҳусни хулқ соҳиби бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юқори даражаларга эришадилар. Бугунги техника асрида бизнинг фарзандларимиз ҳар томонлама етук, соғлом, ақл-фаросатли ва бахтли бўлишлари керак. Дунёвий билимлар билан бирга диний билимларни ёки диний билимлар билан бирга дунёвий билимларни ҳам пухта эгаллашлари керак. Мана шундай ёшлар мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги, ишончи ва давомчиси бўла олади. Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни хулқ ва чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатлантириб, ота-оналарига фахр, кўз қувончи бўлишларини насиб айласин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ҳақларга риоя қилиш;

Ота-она ҳаққи;

Ота-онага яхшилик қилиш одоби;

Read 4144 times
Top