Мақолалар

Муаммони ўзимиз пайдо қиламиз  (Биринчи мақола)

 

Табиатимиз қизиқ. Йўқ жойдан фожеа ясаймиз, ўзимизга ўзимиз муаммолар чиқариб олиб дилгир бўлиб юрамиз. Бир қисмимиз дунёни ҳаддан ортиқ севганимиз, ундаги неъматларнинг ҳаммаси ўзимизники бўлишини истаганимиз боис шундай бўлсак, яна бир қисмимиз дунёдан безорлигимиз боис шундаймиз. Бир қисмимиз нафсимизнинг измига тушиб олганмиз, бир қисмимиз эса нафсимиздан гинадор бўлиб бу дунёни фақат азобу уқубатлар макони деган тушунчани онгимизга жойлаб олганмиз.

Аммо, борди-ю, бу дунё бўлмаганида биз Аллоҳ таолонинг ризосини қаерда туриб топишга интилган бўлар эдик! Агар нафсимиз бўлмаганида мақоми фаришталарникидан ҳам баланд бўлган муҳтарам зотлар бу юксак мақомга ниманинг ҳисобига эришган бўлар эдилар!

Раббимиз Бақара сурасида:

لاَ يُكَلِّفُ اللّهُ نَفْساً إِلاَّ وُسْعَهَا لَهَا مَا كَسَبَتْ وَعَلَيْهَا مَا اكْتَسَبَتْ رَبَّنَا لاَ تُؤَاخِذْنَا إِن نَّسِينَا أَوْ أَخْطَأْنَا رَبَّنَا وَلاَ تَحْمِلْ عَلَيْنَا إِصْراً كَمَا حَمَلْتَهُ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِنَا رَبَّنَا وَلاَ تُحَمِّلْنَا مَا لاَ طَاقَةَ لَنَا بِهِ وَاعْفُ عَنَّا وَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَا أَنتَ مَوْلاَنَا فَانصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ

Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам касбидан, зарари ҳам касбидан. Эй Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Эй Раббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Раббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин.

Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт. Сен хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил” (286-оят).

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сураи Бақаранинг икки оятини ўқи, улар менга аршнинг остидаги хазинадан берилган», деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Ким Бақара сураси охиридаги икки оятини бир кечада ўқиса, кифоя қилади», деганлар...)

Модомики, Аллоҳ таоло тоқатимиздан ташқари нарсани зиммамизга юкламаган экан, бизнинг дунёдан хафа бўлиб юришимизга, нафсимиздан буткул воз кечишга уринишимизга не ҳожат? Аксинча, дунёни ва нафсимизни Аллоҳ таолонинг неъмати билиб, уларни  У истаганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек, истеъфода этмоғимиз даркор.

Биринчи муаммо: уруш-низолар ҳамма нохушликлар сабабчиси

Дунёда инсонни ҳеч нарса инсон қадар кўп ўлдирмайди. Катта-кичик уруш-низоларнинг сабабини суриштириб келсангиз, уруш оловини ёқувчилар  буюк ишларни иддао қилган бўлса-да,  аслида ўша даъволарининг замирида моддий манфаатдорлик  ҳирси ётганига гувоҳ бўласиз.

Инсоф билан айтиш керакки, кўҳна тарихда номус-ор, шон-шараф, дину диёнат, она Ватан учун курашлар ҳам бўлган. Лекин қарши тараф-чи?..

38 давлат иштирок этган Иккинчи жаҳон урушида 20 миллион одам қурбон бўлди, дейилар эди, яқинда эълон қилинган янги манбаларнинг бирида 27 млн. яна бирида 26.6 млн. инсон вафот  этгани айтилди. Шунча одам ўлган урушда қатнашган ҳар бир давлатнинг моддий манфаатдорлиги бор эди, аммо улар нима эришдилар!..

Маълумингизки, урушда фақат отишмалар, найзабозликлар бўлмайди. Уруш қашшоқликни, вабони, касалликларни чақиради ва, энг даҳшатлиси, халқнинг тарбиясига жиддий зарар етказиб, ўта ахлоқсизликни келтириб чиқаради. Уруш-низолар давом этаётган давлатларда одамларнинг аксари умрининг ҳар сониясини ғанимат билиб, ундан завқланиб қолишга интилиб яшайди ва бу йўлда қандай имконият бўлиб қолса, ундан ҳеч ўйлаб ўтирмасдан фойдаланади. Бунинг оқибатида насллар бузилади. отасиз-онасиз, бетайин бир авлод дунёга келади... 

Энди тасаввур қилайлик, ўша давлатлар ана шу қурбон бўлган 27 млн. одамни ишлатиб, уларнинг кучидан, ақлидан фойдаланганида нима бўлар эди! Олти йил умрини окопарда, жангу жадалларда ўтказган инсонлар, ёниб кетган танклар, портлаган самолётлар, қурол-яроғлар, техникалар... ана шуларнинг ҳамма-ҳаммаси тинчлик йўлида завод-фабрикалар қуриш, экин майдонларини ўзлаштириш, қўриқ ерларни обод қилишга сарфланганида ўша давлатларнинг ҳар бирининг моддий-маънавий аҳволи урушда ғолиб бўлган давлатникидан ҳам минг чандон яхши бўлмасмиди?..

Германия ва Япония урушда  мағлуб бўлиб, шип-шийдам ери билан, ширяланғоч, оч-наҳор аҳолиси билан қолди. Уларнинг кучи кесилди, бошқа уруша олмас эди. Ана шунда улар чорасизликдан ақлига зўр берди ва тез орада бунинг самарасини кўрди. Шу вақтга қадар ўзларининг янглиш йўлда эканликларини фаҳмлаб, миллатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга бел боғлади. Кўп ўтмасдан бутун дунё уларнинг маҳсулотларига талабгор бўлиб қолди. Германия ва Япония космик тезликда ўзларини тутиб олиб, тараққиётда ғолиб давлатларга чангини ҳам кўрсатмай илгарилаб кетди.

Давлатлар миқёсидаги катта масалаларга чуқур кетмайлик-да, оддий инсонлар ҳаётига мурожаат қилайлик, мамлакатимизда жорий йилнинг 7 ойида 277та қотиллик бўлди. Бу жиноятнинг 116таси ёки 42 фоизи қариндошлар, 25таси ёки 9 фоизи қўни-қўшнилар ўртасида содир этилган. Мазкур жиноятларнинг 95таси ёки 34,2 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғил ўртасида. Кўряпсизми, ўртада бегона йўқ – энг яқин қариндошлар бир-бирининг жонига қасд қиляпти.

Бири иккинчисининг жонига қасд қилиб молини ўзлаштириб олди ҳам дейлик. Аммо давлат ва жамият бу жиноятга индамай қараб турадими? Қотилни олиб бориб узоқ йилга қамайдилар. У энди юзи қаро бўлиб умрининг гуллаган даврини панжара ортида ҳасратда ўтказади, қамоқдан чиққанида эса ўзлаштирмоқчи бўлган нарсаси аллақачонлар йўқолиб ёки бошқа бировларнинг ҳисобига ўтиб кетган бўлади. Ўзининг эса белидан мадори кетган, ишлашга куч-қуввати, эл орасида ҳурмат-эътибори йўқ.

Бу азоблар бошланиши, холос, ҳақиқий азоб эса ҳали олдинда. Аллоҳ таоло: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93), деб огоҳлантириб қўйибди.

Инсон зоти мол-дунёга қанчалик ўч бўлса, меҳнат-машаққатдан шунчалик кўп қочгани оқибатида муаммони ўзига ўзи чиқариб олиб, икки дунёда хор-у зор бўлади. Мол-дунёни ҳалол йўл билан бировларга озор бермасдан топиб Аллоҳнинг ризоси учун сарфлаган кишилар эса улкан савобларга эришиб бу дунёси ҳам обод бўлади, у дунёсини ҳам обод қилиб, икки дунё саодатини қўлга киритади.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3300 times

Мақолалар

Top