Мақолалар

Қурбон ҳайити одоблари

Динимиз Қурбон ҳайити кунида биз мусулмонларга баъзи вожиб ва суннат амалларни килишга буюради. Жумладан, арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача, яъни 23 вақт намоз мобайнида ҳар бир фарз намозидан кейин такбири ташриқ айтмоқлигимиз вожиб амаллардан ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Умар ибн Хаттоб розияллоху анхумолардан ворид бўлган такбири ташриқ ибораси қуйидагича: "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллахил хамд".

Ушбу такбирни ҳоҳ жамоат билан, ҳоҳ ёлғиз ўкилган ҳар бир фарз намоздан кейин айтамиз. Бундан ташқари, юрган ва ўтирганда ҳам айтиш мустаҳаб амалдир.

Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбеҳ ва дуои истиғфор билан бедор ўтказиш мустаҳаб амаллардандир. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди”, деганлар.

Ҳайит  кунининг тонгидан ғусл килиб, хушбуй атирлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб, ҳайит намози ўкилгунча ҳеч нарса емай намозгоҳга бормоғимиз суннат амалдир.

Набий алайҳиссалом: “Рамазон ҳайити куни бирор нарса емай намозгоҳга бормас ва Қурбон ҳайити куни токи ҳайит намозидан қайтгунларича бирор нарса емас эдилар”.

Қурбон ва Рамазон ҳайитлари Аллохнинг бандаларига фарз қилган улуғ ибодатлари: Рамазон рўзаси ва хаж ибодати адо этиб бўлинган куннинг эртасига нишонланади. Аллоҳ таоло бандаларини мана шундай улуғ ибодатларни адо қилишга муяссар қилгани учун ҳам унинг шукронасига икки ракат ҳайит намозини ўкишни вожиб килди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) суйиб қурбонлик килинг” (Кавсар сураси, 2-оят).

Намозни ўқиб бўлганимиздан сўнг, қодир бўлганларимиз қурбонликларимизни сўямиз ёки қассоб ёллаб сўйдирамиз. Ушбу ўринда шуни айтиш лозимки, аввалроқдан қурбонликка атаб олиб қўйилган қўйнинг жунини олиш жоиз эмас, шунингдек, ёлланган қассобга хизмати учун териси ёки гўштидан хам бериш дуруст эмас. Сўйилган қурбонликни терисини сотиб, пулини шахсий манфаатлар учун ишлатиш хам жоиз эмас, балки муҳтожларга садақа қилиш лозим.

Қурбон ҳайити кунларида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон, мунис онахонларга имон, ёшларга тавфиқу ҳидоят тилашлари лозим. Қариндош -уруғларни бориб кўриш, ёру биродарларни зиёрат қилиш, бева--бечоралар ҳолидан хабар олиш каби ишлар ушбу кунда савоби улуғ амаллардан хисобланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-қудратли таниш-билишлар ҳам худди шу муборак улуғ кунларда бир-бирларига қучок очсалар, ўзаро узр сўрашсалар максадга мувофик бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шафкатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун хам қарз, хам фарздир.

Кириб келаётган Қурбон ҳайити байрами билан барча юрдошларимизни муборакбод этамиз. Ватанимиз равнаки бунданда зиёда, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин.

 

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ                                   

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Read 6585 times

Мақолалар

Top