Мақолалар

ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Мана шундай саодатли кунда жаннатмакон диёримизнинг барча  мусулмонлари  ва  халқини  муборак  Қурбон  ҳайити  билан  самимий муборакбод  этамиз. Аллоҳ  таолодан  меҳр-оқибат,  шукроналик  ва  бағрикенглик ифодаси бўлган бу улуғ байрамни барчамиз учун хурсандчилик, шоду хуррамлик ва ҳамжиҳатликда ўтказишликни сўраймиз.

Қурбон  байрами  зулҳижжа  ойининг  ўнинчи  кунидан  бошланади.  Арафа кунидан  бошлаб  дунёдаги  барча  мусулмонлар  қатори  юртимиздан  борган ҳожиларимиз  ҳам  зиммаларидаги  фарзлардан  бири  –  ҳаж  ибодатини  бажаришга киришишди. Бу йили туманимиздан кетаётган хожилар сони муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан 28 тадан 35 тага ошди. Улар  Мино, Арафот, Муздалифа, Маккадаги Масжидул Ҳаром каби ибодат жойларида ҳаж амалларини бажариб, гуноҳлардан покланиш билан бирга мустақил юртимиз ҳамда унинг раҳбарларига, халқимиз ва барча мусулмонларимизга Аллоҳ таолодан  тинчлик-хотиржамлик,  файзу  баракот  ва  эзгуликлар,  кенг  ризқ  ва фаровонлик  тилаб  дуолар  қилишяпти.  Пайғамбаримиз  Муҳаммаддан  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ҳадисда: «Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа  кунлардагидан  Аллоҳ  таолога  суюклидир»,  дейилган  (Имом  Бухорий ривояти, «Саҳиҳи Бухорий»).

Қурбон ҳайити намози адо этилганидан сўнг қодир бўлган мусулмонлар Аллоҳ таолога  атаган  қурбонликларини  сўйишга  киришишади.  Зеро,  қурбонлик  қилиш Аллоҳ  таолони  улуғлаш,  берган  неъматларининг  шукронасини  адо  қилиш  ва нафсоний  иллатлардан  покланишдир.  Қурбонлик  қилиш  закот  нисобига  қодир кишиларга вожиб амаллардандир. Қурбонлик  сўйишнинг аввали ҳайит намозини адо этилганидан сўнг сўйилади. Унинг охирги вақти эса ҳайитнинг учинчи кун аср вақтигача. Қурбонлик қилувчининг қурбонлик сўйиш вақтида ҳозир бўлиши мустаҳабдир.

Қурбонликка  қўй,  эчки,  туя,  сигир  каби  ҳайвонларнинг  эркаги  ҳам  урғочиси ҳам сўйилиши мумкин. Булардан туя 5 ёш, сигир 2 ёш, қўй ва эчки эса 1 ёшга тўлган бўлиши керак. Аммо қурбонлик ниятида бошқа жониворларнинг сўйилиши масалан, товуқ, ғоз ва шу каби паррандаларни сўйиш жоиз эмас.

Мол ва туяни етти киши  номидан сўйилишига  шариатимизда кўрсатмалар бор. Жобир  (розияллоҳу анҳу)дан  ривоят  қиладилар:  “Набий  (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  билан  Ҳудайбияда  бир  туяни етти  киши  номидан,  бир  сигирни  етти  киши  номидан  сўйдик”  (Абу  Довуд, Муслим ва Термизий ривоятлари).

Агар  мол  ёки  туя  7  киши  номидан  сўйиладиган  бўлса,  унинг  гўштини тақсимлашда чамалаб эмас, балки килолаб ўлчаган ҳолда тенг тақсимланиши лозим. Қурбонлик  сўйиши  вожиб  бўлган  киши  қурбонликни  вақтида  сўймаса,  кейин унинг қийматини садақа қилиш вожибдир. Сўйилган қурбонликнинг уч дан бирини садақа қилиш, учдан бирини едириш, учдан бирини кейин ейиш учун олиб қўйиш мустаҳабдир.

Қурбонликка  ҳар  томонлама  соғ  ва  семиз  бўлган  жонлиқларни  сўйиш шариатимиз  кўрсатмаларидандир.  Бунинг  ҳам  ўзига  хос  ҳикматлари  бор,  албатта. Биринчи  ҳикмат – бу  мусулмонларнинг  Аллоҳга  нисбатан  юксак  одоблари, Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига  эътибор  бериш  Аллоҳ  таолога  нисбатан  юксак  одобни  кўрсатади. Қурбонлик  қилинадиган  ҳайвоннинг  айбу  нуқсонсизини  топиш  эса,  тақвонинг баркамоллиги  учун  уринишдир.  Иккинчи  ҳикмат  –  бу  мусулмонларнинг ўрталаридаги  меҳр-оқибатларини  мустаҳкамлайди.  Уларга  касал  ҳайвонларнинг гўштини  эмас,  балки  соғ  ва  семиз  ҳайвонларнинг  гўштини  совға  қилиш  яхши ишлардандир. Бу иш уларнинг кўнглини кўтаради.

Қурбон  ҳайити  –  улуғ  байрам. Шунинг  учун  бу  кунни  яқинларимизни  йўқлаб, уларнинг  ҳолидан  хабар  олиш,  ёши  улуғларни  зиёрат  қилиш,  муҳтожларга  меҳр-мурувват  кўрсатиш,  оилаларга  хурсандчилик  улашиш  ва умуман,  байрамнинг кўркига  кўрк  қўшадиган  амали  солиҳлар  билан  ўтказиш  мақсадга  мувофиқдир.

Пайғамбаримиз  (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  бу  кунда  янада  меҳрибонроқ,  шафқатлироқ  бўлар,  етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-қудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозим. Аммо гуруҳ-гуруҳ бўлиб уч кунлаб фотиҳахонлик қилиш, байрамни мотамга айлантириш ўрнига уни хурсандчилик ва шодиёна билан ўтказайлик!

Аллоҳ  таоло  ушбу  Қурбон  ҳайити  байрамимизни барчаларимизга  муборак  қилиб,  унинг  савобидан  ҳаммамизни  баҳраманд  айласин, гуноҳларимизни  мағфират  этсин!  Бу  байрам  баракотидан  барча  мўмин-мусулмонларни икки дунё саодатига мушарраф айласин!  Хирмонларимизга барака берсин,  иқболимизни  баланд,  толеимизни  улуғ  қилсин.  Юртимизга  тинчлик, халқимизга  фаровонлик,  Юртбошимизнинг  эл-юрт  манфаати  йўлидаги  хайрли ишларида юксак муваффақиятлар ёр бўлсин, омин!

        

Қибрай тумани бош имом-хатиби
М.Миржалилов

 

ЎМИ матбуот хизмати 

Read 4280 times

Мақолалар

Top