Мақолалар

Мўмин бахтсиз бўлмайди!

– Мўмин қандай бўлмайди?
Ҳар галгидек бир яхши гап айтишингизни билганим, тезроқ эшитгим келгани учун, ўйламасдан ҳам туриб, “шаҳар бераман”.
– Наҳот, ҳадис эсингизда йўқ?
– Ёлғончи бўлмайди!
– Тўппа-тўғри. Лекин ўзим айтмасам, барибир тополмайсиз. Мўмин ҳеч қачон бахтсиз бўлмайди!
Дугонам Сурайё билан суҳбатдан.

Ҳар гал сиз билан суҳбатлардан кўнглим мунаввар тортади, хазина топган камбағалдек қувонаман. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Сиз айтган биргина жумла мен учун қанчалар хотиржамлик, ҳикматлар олиб келганини билсангиз эди!

Ахир, шу гапингиз қанча саволларимга жавоб, неча кузатувларимга асос бўлди. Жуда кўп фойдаландим, яна фойдаланаман. Ахир, ҳикмат – мўминнинг йўқотган нарсаси, қаердан топса, олишга, корига яратишга ҳақли.

Аввало, одам ҳеч қачон ўзини бахтсиз ҳис қилмасин, шундай бўлдими, у аламзада борлиққа айланади. Кўзига ҳамма нарса ёмон кўринади. Ўй-хаёл ҳолдан тойдиради, ҳафсаласиз бўлиб қолади. Аллоҳ сақласин, бу аҳвол бора-бора эгасини исёнга бошлайди.

Аслида, одамнинг бошидан нималар ўтмайди, дейсиз! Баъзан синовлар шиддати қошида инсон ақлини йўқотар даражага етиши мумкин. Бу одамзодга хос ҳолат. Кимдир ўзини унутиб, бирпас бўлса ҳам ғамини енгиллатиш учун ножоиз йўлларни тутади. Кимлардир жонига қасд қилишгача боради. Фақат мўмин одам синовларнинг қийматини билади. Чунки у кўнглидаги хотиржамликнинг бош сабаби – имтиҳонлар онамиздан ҳам меҳрибон Зотдан эканини анг­лайди. Бошига неки келмасин: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” дея ҳақиқатни таъкидлайди. Яратганнинг Одам (алайҳиссалом) ва зурриётларига қасамёд этиб, огоҳлантирганини ёдида тутади: “...ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (Балад, 4–5). Ва яна билади: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ, 5–6).

Мусибат ва синовлар пайғамбарлар, авлиё­лар йўли эканини мўмин киши унутмайди. Шу сабабли ҳам у бахтсиз бўлмайди. Намоз билан, ибодат билан, итоат билан сабр қилади. Кўзёшларини кўрсатмай йиғлашнинг, ғами билан бошқаларга озор бермасликнинг, атрофдагиларга табассум қила олишнинг, кўнгли вайронлигини яшириб, бир вайрон дилни обод этишнинг уддасидан чиқади.

Энг яқин кишиси кўнглини синдирган, алданган мўминни кўрдим, кўзи намли, дили ғамли эди. Юзида кўнгли каби синиқ табассум: “Шунақа бўлиши ҳам мумкин экан-да...” Кейин нарироқда етаклашиб кетаётган жажжи болакайларнинг бири йиқилганини кўриб, сапчиб туриб ўша томонга югурди.

Кичкинтойни ўрнидан турғизиб, кийимларини қоқиб, бошини силаб қўйди...

Молини йўқотган мўминни кўрдим, бошқалардек кўзёш тўкди, йиғлади ва ҳолатига бир оздан кейин изоҳ берди: “Топганимга ҳаром аралашган экан-да, Ўзи кечирсин. Гуноҳларимга каффорат бўлсин...”

Умидлари, чиройли орзулари кундан-кун чил-чил бўлиб бораётганини жимгина кузатаётган мўминни кўрдим. Ғамлар юрагини сиқувга олиб, дунёга сиғмас даражага келтирган... Шу ҳолида ҳам ўзини йўқотмай, йиғлай-йиғлай бошини саждага қўяётган, “Нега мен бахтсизман?” деб эмас, “Ўзинг борсан, ҳолимни кўриб турибсан, мен учун нимада, кимда хайр борлигини Сен биласан. Кўзёшларимнинг ажрини беришингдан, мендан бу азобларни кўтариб, ёруғлик, енгиллик­лар ато этишингдан умидворман”, дея дуо қилаётган...

Фарзандини тупроққа топширган мўминни кўрдим. Охирги йўлга кузатиш олдидан: “Сўнг сафарингиз бехатар бўлсин”, дея фарзанди бошини силаётган... Кимлардир дод-вой қилаётган жойда, “Қўйинглар, боламга озор етмасин”, дея ўзи бош бўлиб таҳлилу такбир айтаётган... “Жигаргўшамни Ўзингга омонат топширдим”, дея кўзёшларини артаётган... Ўзи сингари фарзанд доғини кўрганларга ажру мукофот сўраб дуо қилаётган, нажотни ибодатдан, тиловатдан ахтарган... Аммо “Бахтсизман” сўзини оғзига олмаган...

Имтиҳоннинг турлари кўп, кимга ундоқ, кимга бундоқ. Қайғусиз, муаммосиз инсоннинг ўзи йўқ. Мўмин ҳам одам, балки синовлар онида оғзини тўлдириб “Бахтлиман” дея олмас, бироқ “Бахтсизман” демайди, бу сўзнинг исёнлигини билгани учун ҳам. Чунки у тафаккур қилади, ҳар қадамидан ҳикмат ахтаради...

Бу – менинг кузатувларим. Сўзимга яна сизнинг гапингиз билан нуқта қўйишни истадим, дўст. “Балки бошқалар учун бир нарсани йўқотиш, ҳамма нарсасини бой беришга баробардир. Лекин мўмин ҳеч нимаси қолмаганида ҳам Аллоҳ борлигини билади, таскинни ибодатдан қидиради. Кўнглида Аллоҳ севгиси, Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ёди, ширин соғинчлар, Дийдорга ишонч, эзгу ниятлар, қўлида Қуръони бўлган одамни синовлар енга олармиди? Шунча тенгсиз неъматлар ичидаги одам бахтсиз бўладими?”

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
ЎМИ матбуот хизмати

Read 3524 times

Мақолалар

Top