Мақолалар

Дўзахдан қутқарадиган ва жаннатга киритадиган икки амал

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кимни дўзахдан узоқлашиши ва жаннатга кириши хурсанд қилса, вафот этадиган пайтда Аллоҳга ва охират кунига иймон келтириб вафот этсин. Ҳамда ўзига қилинишни маҳбуб кўрган муомалани ўзига ҳам, бошқаларга ҳам раво кўрсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Дўзахдан узоқлашишни  ва жаннатга киришни истамайдиган  мусулмон йўқ бўлса керак оламда. Дўзах ҳақида эшитган инсон борки, ундан паноҳ тилайди, ўз нафсини ундан қутқариш учун ҳаракат қилади. Жаннат ҳақида билган киши эса, унга тезроқ етишиш илинжида, ундаги роҳат ва мукофотларга эришиш ниятида жидду-жаҳд қилади.

Бу ҳадиси шариф эса айнан шундай кишиларга дастуруламал ва орзуга эришиш учун йўлланмадир. Ушбу йўлланмани ёзиб берган зот эса энг ишончли, энг ростгўй инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Йўлланмада эса содда ва тушунарли қилиб икки сабаб кўрсатилган:

1) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳолда, қатьий ишонч ва ушбу ишонч исботи йўлида қилинган солиҳ амаллар қуршовида вафот этиш;

2) Ўзгалар тарафидан ўзига қандай муомала қилинишини яхши кўрса, ўзи ҳам ўзгаларга шундай муомала қилиш. Демак, ўзингга нисбатан:

- Алдашларини ёқтирмайсанми? Сен ҳам алдама!

- Хиёнатни ёмон кўрасанми? Хиёнат қилма!

- Зулм қилинишидан қўрқасанми? Зулм қилма!

- Ғийбатни ёмон кўрасанми? Ғийбат қилма!

- Ёрдам берилишини истайсанми? Ёрдам бер!

- Кечирилишни яхши кўрасанми? Сен ҳам кечир!

- Айб ва нуқсонларингни беркитилишини истайсанми? Ўзгалар айбини ёп.

- Сенга инфоқ қилинишини хуш кўрасанми? Саҳий бўл!

- Ҳурмат қилинишни яхши кўрасанми? Ҳурмат қил!

- Хизмат қилинишни истайсанми? Хизмат қил!

Хуллас, ўз нафсинг учун нимани яхши кўрсанг, ўзгаларга ҳам раво кўр. Ва ўз нафсинг учун ёқтирмаган нарсаларингни бошқалар учун ҳам раво кўрма. Шундагина иймонинг комил бўлади. Шундагина жаҳаннамдан узоқлашиб, жаннатга эришасан. Ягона йўл шудир. Бошқа йўл излаб ҳалок бўлма.

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

 

Read 4696 times

Мақолалар

Top