Мақолалар

Миннатдорлик ва табрик: оддий халқ ва давлат раҳбари ўртасидаги самимий мулоқот

20 август, арафа куни Маккаи мукаррамада ҳаж амалини бажараётган 7200 юртдошимиз номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик мактуби етиб келганидан хабарингиз бор.

Муқаддас маконда муборак амални сидқи ихлос билан, калбда қувонч, кўзда ёш билан бажараётган инсонлар дилининг тубидан чиққан ушбу мактуб оммавий ахборот воситаларидан ҳам эълон қилинди.

Мактубини Давлатимиз раҳбари ва юртдошларимизни улуғ айём – Қурбон ҳайити муносабати билан самимий муборакбод этган ҳожиларимиз она диёримизнинг келажаги буюк, халқимиз ҳаёти янада фаровон, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган хайрли ишлар бардавом бўлишини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраб дуолар қилаётганини айтган.

Шунингдек, мактуб муаллифлари тараққиётнинг янги йўлига тушиб олган республикамизда мўмин ва мўминаларга динимиз арконларини адо этиш учун улкан шарт-шароитлар яратиб берилаётгани учун миннатдорчилик изҳор қилиб, Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб дуои хайрлар қилаётгани; ҳаж ибодатини адо этиб, Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатиб, ёшларни фидойилик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларда бор куч-ғайратини аямаслигини изҳор этганлар.

Мактубда айни кунларда диёримизда қўшалоқ байрам – Қурбон ҳайити
ва Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини нишонлаётганимизнинг замирида ҳам жуда катта ҳикмат борлигига эътибор қаратилган.

Севинчи ичига сиғмаган ҳожларимиз мактубни “Биз, ўзбекистонлик ҳожилар Арафотда туриб, Сизнинг раҳнамолигингизда юртимиз ҳамиша омон, элимиз тинч, турмушимиз янада фаровон бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.

Муҳтарам Президент Жаноблари, Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат тилаб, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб дуолар қилиб қоламиз”, деб якунлаганлар.

21 август куни Ўзбекистон Президенти халқимизни Қурбон ҳайити муносабати билан табриклади. Унда Юртбошимиз Қурбон ҳайити шукроналик, саховат ва меҳр-оқибат айёми экани, унинг маънавий ҳаётимизда олижаноб фазилатларни, бағрикенглик, меҳр-мурувват, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтди.  

Президентимиз ўз табригида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг фаровон ҳаёти, жондан азиз фарзандларимизнинг бахту иқболини таъминлаш йўлида амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз, жумладан, диний-маърифий соҳадаги  ишларни тубдан такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларимиз дунё ҳамжамияти, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг эътироф этилаётгани; Ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, ёшларимизни юксак инсоний қадриятлар асосида тарбиялашга алоҳида эътибор берилаётгани; ҳаётга ёруғ юз. оппоқ орзулар оғушида кириб келаётган ўғил-қизларимизга муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини тушунтириб бериш, уларни теран фикрлайдиган, шиддатли замон мезонлари асосида яшайдиган маърифатли, дунёқараши кенг, баркамол инсонлар этиб вояга етказиш тобора муҳим аҳамият касб этаётгани; бу йўлда бошлаган ислоҳотларимиз кутилган самарани бериши учун барчамиз, бутун халқимиз билан биргаликда ҳамжиҳат бўлиб иш олиб боришимиз кундалик заруратга айланаётгани айтиб ўтилди.

Шундан сўнг юртбошимиз: “Мана шундай саодатли дамларда ҲАЖ амалларини адо этаётган юртдошларимиз бугунги дориламон кунлар учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб хайрли дуолар қилмоқдалар. Ишончим комил, бундай улуғ ибодатни адо этиш шарафига муяссар бўлган мўмин-мусулмонларимиз она Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатадилар, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларга муносиб ҳисса қўшадилар”, деди. 

Юртбошимизнинг ушбу табригида эрта-индин юртимизга қайта бошлайдиган ҳожиларимиздан умиди катта экани кўзга ташланади. Зеро, улуғларимиз ҳаж амалларини бажарган кишининг ҳажи Аллоҳ таолонинг даргоҳида қабул бўлгани унинг феълининг яхши томонга ўзгарганида намоён бўлишини айтганлар.

Иншоаллоҳ, катта умидлар, ёруғ орзулар билан салмоқли сармоялар сарфлаб борган зиёратчиларимизни Аллоҳ таоло ноумид қилмайди ва уларнинг ибодатини мабрур ҳажлардан қилади. Кейин эса улар Ватанимига қайтиб ўзлари Президентимизга ёзган мактубида, Президентимиз халқимизга йўллаган табригида тўхталиб ўтганидек, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатадилар, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларга муносиб ҳисса қўшадилар.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 4239 times

Мақолалар

Top