Мақолалар

Рост гапирайлик!

Ислом динида мақталадиган, тарғиб этиладиган фазилатлардан бири ростгўйликдир. Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда ростгўйлик мадҳ этилган ва унинг зидди бўлган ёлғончилик қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَكُونُواْ مَعَ الصَّادِقِينَ

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар” (Тавба сураси, 119-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда бандаларига ростгўйлар, самимий инсонлар билан бирга бўлишни, уларнинг ёнида юришни буюрмоқда. Инсоннинг ростгўй ёки ёлғончи бўлиши, аввало, унинг тақвосига, Аллоҳ таолодан қўрқиш даражасига, қолаверса, у яшаётган муҳитга ҳам боғлиқ бўлади. Ростгўйлар орасида яшаш, улар билан бирга юриш, суҳбатдош бўлиш кишининг ёлғондан узоқлашиб, ростгўйликни ўзлаштиришига катта ёрдам беради.

Аллоҳ таоло Қуръонда ёлғонни ва ёлғончиларни ёмонлаган.

وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ

“Ва Аллоҳ гувоҳли берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар” (Мунофиқун сураси, 1-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар ёлғончи бўлишларини баён қиляпти. Демак, ёлғончилик мунофиқларнинг сифати экан.

Ҳадиси шарифларда ҳам ёлғончилик қаттиқ қораланган ва мунофиқнинг сифати экани баён қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисни шарҳ қилган уламоларимиз айтадиларки, кимда ушбу сифатларнинг уччови ҳам бўлса, у ҳақиқий мунофиқнинг сифатлари унда жамлангандир. Кимда бу сифатлардан бири бўлса, унда мунофиқликнинг битта аломати бор бўлади. Мунофиқларга бериладиган жазо ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга ёрдамчини топа олмассан” (Нисо сураси, 145-оят).

Аллоҳ таоло ёлғонни кимлар тўқиши ҳақида баён қилиб: “Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир”, деган (Наҳл сураси, 105-оят).

Бу оятда ёлғон гапирувчилар ҳақида янада оғирроқ гап айтиляпти. Бу ояти каримада уқтирилишича, аслида ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар. Чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлишига, у дунёда азобланишига ишонч бўлмагани учун ҳам ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса ёлғонни катта гуноҳ деб биладилар. Ёлғон гапириш сабабли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.

Афсуски, ҳозирги вақтда ёлғон гапириш жуда кенг авж олди. Кўпчилик ўйламай-нетмай ёлғон гапирадиган бўлиб кетди. Одамларни алдаш ишига бепарволарча қарайдиган бўлиб қолинди.

Фарзандларимиз бизни алдаса, “Нега болам ёлғон гапиряпти?” дея ҳайрон бўляпмиз. Аммо уларга ёлғонни ўзимиз ўргатганимиз эсимизга келмайди. Дарвозамига биров бизни сўраб келса, “Дадам уйда йўқлар” дегин” дея боламизни чиқарамиз. Бундай вазифаларни олиб тарбия топган бола эртага ёлғон гапирса, айбни кимдан қидириш керак?

“Муроса учун” деб ҳамма бир-бирига ёлғона гапиряпти. Уламолар таъбири билан айтганда, ҳозир одамлар ёлғон гап топилмай қолгандагина рост гапирадиган бўлиб қолди.

Ота-она фарзандларини алдаса, фарзандлар ота-онани алдаса, ака укасини, ука акасини, опа-сингиллар бир-бирини алдаса, охири нима бўлади?!

Ёлғон кенг тарқалган жамиятда барака бўлмайди. Ёлғон кенг тарқалган жамиятда одамлар ўртасида ўзаро ишонч йўқолади. Ёлғон кенг тарқалган, мунофиқлик иллатини тап тормай қиладиган кишилар кўп яшайдиган оилада, маҳаллада, туманда, юртда барака бўлармиди?!

Эрталабдан кечгача меҳнат қиляпмиз. Юртимга, оиламга фойдам тегсин деяпмиз. Аммо тилимиздан ёлғон тушмаяпти. Шунча қилган меҳнатимизнинг натижаси, самараси, баракаси нима бўлади?!

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар банда ёлғон гапирса, унинг сассиқ амалидан фаришта ундан бир чақирим нарига узоқлашади”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).

Ҳадисда ёлғоннинг сассиқ ҳиди борлиги, ёлғон гапирган одамнинг ёнидан фаришталар қочиб кетиши айтилмоқда. Демак, ёлғончининг фариштаси бўлмас экан. Шунинг учун ҳам ёлғондан бутунлай сақланишимиз керак.

Биров билан кўришишга келишган бўлсак, борадиган жойимизга кеч қолсак, бизни кутаётган одам қўнғироқ қилиб, “Қаердасиз? Қанчада келасиз?” деса, ярим соатлик масофа узоқликда бўлсак ҳам “Фалон жойдаман, беш дақиқада бораман” деб, турган жойимизни ҳам, борадиган вақтимизни ҳам нотўғри қилиб айтамиз.

Одамлардан қўрқиб ёки обрўйимиз тушиб қолишидан хавфсираб ёлғон гапирамиз. Аммо Аллоҳ таоло бизни кўриб-билиб турганини, охиратда ҳар бир гапимиз учун жавоб беришимизни ўйламаймиз.

Азизлар, Аллоҳдан қўрқайлик ва ёлғон гапирмайлик!

Топадиган пулларимиздан, ризқимиздан, оиламиз, маҳалламиз, жамиятимиздан барака кетишига олиб борадиган ёлғонни бутунлай тарк этайлик!

Халқимизда “Бошингга қилич келса ҳам, рост сўзла!” деган мақол бор. Бу гап бежизшга айтилмаган.

Ҳадиси шарифларда банда рост гапириб юрса, охири Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” деб ёзилиши, агар ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида “каззоб” деб ёзилиши таъкидланган.

Шунинг учун ёлғондан ҳазар қилайлик! Тилимизни ва фарзандимиз тилини ростгўйликка ўргатайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни сиддиқлардан қилсин ва жамиятимизни ёлғондан, ёлғончиликдан покласин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади.

 

 

Read 3812 times

Мақолалар

Top