Мақолалар

Мустақиллик – бебаҳо неъмат

Истиқлол йилларида мамлакатимиз асрларга татигулик муваффақиятларни қўлга киритганига гувоҳ бўлдик. Юртимизни мустақиллик неъмати туфайли бутун дунё таниди. Миллий ва диний қадрият ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурурдий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Абу Мўъин ан-Насафий каби буюк аллома ва азиз-авлиёларнинг табаррук номлари билан боғлиқ мамалакатимиз ҳудудаги зиёратгоҳлар қайтадан обод қилинди. Бу табаррук зотлар қолдирган миллий ва диний қадрият намуналарини ўрганиш учун барча шароитлар яратилди. 

Жонажон Ватанимизда рўй берган ўзгаришлар мамлакатимиздаги ҳар бир кишининг ҳаётига бевосита дахли бордир. Бу йилларда мамлакатимиздаги фуқаролар эмин-эркин ибодатларини бажармоқдалар, юртимиз ёшлари эса олий ва ўрта махсус билим юртида таълим олишяпти, минглаб кишилар ҳар йили ҳаж ибодатига бориб, “ҳожи” деган улуғ номга эга бўлмоқдалар. Айни вақтда вилоятимиздан 413 нафар фуқароларимиз муборак Ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида Саудия Арабистонига жўнаб кетган. 

Мустақиллик туфайли мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси йилдан-йилга ўзгариб, янгича чирой очмоқда. Юртимизда бунёд этилаётган замонавий иншоотларни кўриб, кўзингиз қувнайди, чин дилдан севинасиз. Осмони мусаффо мамлакатимиз кундан-кунга обод бўлиб бормоқда.

Мустақиллик неъмати туфайли миллий ва диний қадриятларимиз ҳар томонлама тикланиб, ҳаётимиздан мустаҳкам ва муносиб ўрин олаяпти.

Муқаддас динимиз ҳар қандай неъматга шукр қилишга, тинчлик ва яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга чақиради. Ҳадисда шундай дейилади: “...Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гапириш шукрдир. Шукрни тарк қилиш нонкўрликдир. Кўпчилик билан бўлиш (Аллоҳнинг) раҳматидир, (кўпчиликдан) ажралиш эса азобдир”. (Бухорий ривояти). 

Шу сабабли мустақиллик неъмати ҳақида қанча гапирсак ва берилган неъматга қанча шукр қилсак, шунча оз. Зеро, берилган неъматга шукр қилиш уни яна зиёда қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида шундай дейди: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта. (уларни янада) зиёда қилурман...).

Аллоҳ таоло барчамизни мустақиллик неъматига шукр қиладиган кишилардан қилиб, яқинлашиб келаётган Истиқлол байрамини муносиб кутиб олишга мушарраф айласин! Барчамизга мустақиллик байрами муборак, азизлар!   

  Бекмурод САХРИЕВ, 

ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги масъул ходими 

 

Read 5399 times

Мақолалар

Top