Мақолалар

Тинчлик  ва раҳмат дини

Ислом тинчлик ва раҳмат динидир. Бу ҳақиқатни фақат унинг адолати, бағрикенглиги, ҳукмлари ва далилларидан хабарсизларгина инкор этади.

Илоҳий дастур – Қуръони карим тонгга қадар тинч­лик ҳукм сурган кечада нозил бўлди. У тинчликка чақиради, қизиқтиради ва тарғиб этади. Уруш, ўзаро низо ва фирқа­ланишни қоралайди. «Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, Сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, У Эшитувчи ва Билувчидир» (Анфол, 68).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким уйида хотиржам тонг орттирса, тани соғ ҳамда ҳузурида бир кунлик овқати бўлса, гўё унга дунё (бойлиги) берилибди” (Имом Термизий), дея бу дунёда тинчлик ва тансиҳатлик улуғ неъмат эканини таъкидлаганлар. У зот (алайҳиссалом) одамларни тинчликка йўллаб, далолат этардилар. Худайбияда мушриклар бир неча шартлар эвазига сулҳ таклиф қилганида тинчлик ва муроса учун рози бўлдилар. Расули Акрам (алайҳиссалом) бундай дердилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилманг, нархни ошириш учун ёлғондан савдо қилманг, бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир-бирингиздан юз ўгирманг. Бирингиз бошқанинг савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳ таолонинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг оға-инисидир. Унга зулм қилмайди, уни ҳақоратламайди ва унга ҳурматсизлик билан муомалада бўлмайди. Тақво бу ердадир (уч маротаба кўкракларига ишора қилдилар). Ҳар бир мусулмонга бошқа бир мусулмоннинг қони, моли ва шаъни ҳаромдир” (Имом Муслим).

Ислом аҳлининг шиори тинчлик. Ҳатто ўзаро саломлашувлари ҳам бир-бирларига тинчлик тилашни ифодалайди. Улар бу билан гўё дунё аҳлини ҳар жиҳатдан тинчлик билан ўраб оладилар.

Ислом каби тинчликни амалий тадбир, шариатнинг шиори, рукнларидан бир рукн дея эътибор қилган бошқа дин, эътиқод дунёда йўқ. Биргина ҳажни мисол қилсак. Эҳромга кирган ҳар бир мусулмонга ўша лаҳзаларда тирноқ олиш, соч кесиш, ўсимлик юлиш, дарахт кесиш, ҳайвон ўлдириш, ов қилиш, бирон-бир кишига тил ва қўл билан озор бериш тақиқланади. Мусулмоннинг эҳром боғлаши нафақат ўзига, балки ўзга инсон, ҳайвон ва ўсимликлар учун ҳам омонликни англатади.

Ислом Парвардигорга бўйсунган, пайғамбарига итоат этган, дастурига оғишмай амал қилган ҳар бир мусулмонни жаннат – тинчлик ва омонлик диёрига мушарраф этади. Жаннатнинг хушбўй ҳиди энг олис масофадан ҳам келиб туради. У ерда ташвиш, ҳасад, касаллик, хавотир, хавф, уруш каби нарсалар бўлмайди. Жаннат аҳли бир-бирига ўзаро тинчлик тилаб саломлашади: «Парвардигорларининг изни билан у жойда мангу қолурлар. Уларнинг (жаннатдаги) кўришишлари (ўзаро) саломлашишдан иборатдир» (Иброҳим, 23).

Ислом башарият учун тинчлик динидир. Айнан тинч­ликдан омонлик, хотиржамлик ёйилади. Хавф-хатар ортга чекинади. Фақат тинчлик – ўзаро бирдамликка, бирдамлик эса яхшиликка етаклайди.

Муниба ҲАЙДАРОВА

“Hidoyat” журналидан

Read 3877 times

Мақолалар

Top