Мақолалар

Тафаккур қилайлик!

Аллоҳ таолонинг яратган махлуқлари ҳақида тафаккур қилиш иймон нури зиёда бўлишига сабаб бўлади. Қуёш, Ой, юлдузлар, сайёралар, сув, тоғ, ҳаво, ўсимликлар, ҳайвонлар ва бошқа махлуқотлар тўғрисида фикр юритиш, Аллоҳ таоло уларнинг барчасини ҳикмат билан яратганини ўйлаш кишининг иймон нури зиёда бўлишига сабабдир. Ана шундай тафаккурга ундовчи нарсалардан бири осмон жисми бўлган туманликлардир. Туманликлар — юлдуз тўдалари ёки бутун юлдуз системалари (галактикалар)дан, шунингдек, газ ва чангдан ташкил топган булутлардир. Туманликлар ҳақида янада аниқроқ тасаввурга эга бўлиш учун битта туманликни кўриб чиқсак.

 

Ушбу суратда «Чумоли» номли туманлик акс этган бўлиб, у сайёралар туманлиги ҳисобланади. Бу туманлик Қуёш тизимидан 8 минг ёруғлик йили узоқликда жойлашган. (Маълумки, ёруғлик бир сонияда 300 минг километр масофа босади. Ёруғлик йили дейилганда, шу ёруғликнинг бир йил давомида босиб ўтган масофаси тушунилади). Ушбу туманлик кўринишидан чумолининг боши ва белига ўхшаб кетгани учун унга «Чумоли» номи берилган. 

 

Яна бир жиҳати шундаки, ушбу туманлик сониясига 50 километрга яқин тезликда кенгайиб бормоқда.

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 

«Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз».

 

(Зарият сураси, 47-оят).

 

Аллоҳ таоло барчамизга яратган махлуқотлари ҳақида тўғри тафаккур қилиб, иймонимиз нури зиёда бўлишини насиб этсин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3414 times

Мақолалар

Top