Мақолалар

“Алҳамдулиллаҳ” калимасининг ҳайратбахш шифоси

Қуръони карим ва ҳадиси шарифда сабр-қаноатли бўлиш ва ғам-қайғуларни мардоновор қарши олиб ҳар доим кўтаринки кайфиятда юриш лозимлиги кўп айтилган. Бунинг ҳикмати шундаки, сабрлилик ва ижобий фикрлаш инсонни даволаш воситаларининг иккитаси ҳисобланади. Қуръони каримда:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ

Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.

الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّـا إِلَيْهِ رَاجِعونَ

Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар.

أُولَـئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَـئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ

Ана ўшаларга Раббиларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир (Бақара сурасининг 155-157-оятлари), деб марҳамат қилинган.

Замонавий илм-фан тадқиқотлари кўрсатишича, Аллоҳ таолонинг ушбу марҳамати ила собир бўлганларга кўрсатган сабри унинг ўзининг соғлигини мустаҳкамлашга хизмат қилар экан. 

Бернард Женсен “Фан ва иридодиагностика” (кўзнинг рангдор пардаси ҳолатига қараб ташхис қўйиш – муқобил тиббиёт) китобида: “Бугунги врач инсон организми механизми учун энг муҳими, унинг жисми эмас, уни бошқарадиган мияси эканини яхши билади”, деб ёзган эди. Доктор Тед Мортер “Сизнинг соғлигингиз – сизнинг танловингиз” асарида ушбу фактни тасдиқлаб бундаё дейди: “Салбий фикрлар – инсон танасида кўплаб касалликлар келтириб чиқарадиган кислоталар ҳосил қилади. Чунки инсон танаси жисмоний таъсирларга реакция кўрсатгани каби муайян фикрлар сабабли юзага келган салбий ақлий ва ҳиссий зарбага ҳам реакция кўрсатади.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, шифохоналарнинг клиника бўлимида ётиб даволанаётган 70 фоиз беморнинг органик шикояти йўқ. Бу жуда ҳам баланд рақам. Тиббий нуқтаи назардан уларнинг ички органларида касал бўлишга сабаб бўладиган ҳеч нарса йўқ бўлса-да, улар касалликни руҳий шарт-шароитлар юзасидан орттириб олган.

Фрейднинг ўз-ўзини таҳлил қилиш концепциясида саломатлик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда руҳий томонга кўпроқ эътибор бериш ғояси  илгари сурилди. Аммо шуни унутмаслик керакки,  инсоннинг жисми ва руҳи бир-биридан ажралмасдир. 

Руҳият мия билан боғлиқ. Мия эса орган бўлиб, тананинг бошқа органлари сингари битта  озиқ манбаидан озиқланади ва бошқа органлар билан бир хил муаммога мойил бўлади. Мия танамизнинг бошқа аъзоларига ўхшаб калий ва ёғлар ишлаб чиқарадиган тўқималардан фарқли ўлароқ глюкозага эҳтиёж сезади. Натижада мия танада қанднинг кам миқдорда эканидан азият чекади. Фрейднинг фикрича, психоанализ биокимёвий жараёнлар келтириб чиқарадиган шизофренияга ўхшаган касалликларни даволашда асқатмайди. Мия – тана аъзолари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бир орган. Шунинг учун инсоннинг ақлий жиҳати унинг жисмоний ҳолатига таъсир кўрсатади. Масалан, тафаккур қилиш ва илм ўрганиш танадаги озуқавий моддаларни, асосан, фосфорни нобуд қилади.

Ҳадиси шарифда: “Паҳлавон деб бошқаларни йиқитганни эмас, ўз нафсидан туғиладиган ғазабига ғолиб бўлган кишига айтилади”, дейилган. 

Ушбу ҳадисдан жисмоний қувватнинг калити сабр ва хотиржамлик экани аён бўлади.

Фосфор руҳий сиқилиш ва безовталик сабабли тугаб кетадиган ягона модда эмас. Агар ҳиссиётлар учун жавобгар бўлган асосий аъзо – қалқонсимон без меъёридан ортиқ ишласа, инсонда йод танқислиги кузатилади. Ишдан айрилиш ёки оилавий ажрим ёхуд унчалик севимли бўлмаган бошқа жойга кўчиб ўтиш сабабли танада калий ва натрий етишмаслиги пайдо бўлади. Ҳатто танада қанд миқдорининг кам бўлиши ҳам ҳиссий ҳаяжонни чақиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай вазиятда ҳам вазминликни сақлаб қолишни маслаҳат берганлар. Аммо биз кўпинча туйғуларимизни бошқара олмай қоламиз ва эҳтиросларга бериламиз. Шунинг учун жуда қаттиқ безовталанган вақтда танадаги қанд миқдори ортиб кетади ва кишини беҳол қилади. “Алҳамдулиллаҳ” калимасини айтиб юриш инсоннинг кайфиятини кўтаради ва соғлигига ижобий фойда беради. Бу сўз кишини хотиржам қилади. Соғлигини қадрлаган одам жотиржам бўлсин ва ортиқча сиқилишлардан ва руҳий зарбалардан сақлансин.

Кутилмаганда юз берадиган руҳий зарбалардан сақланишнинг ягона йўли – Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, ундан паноҳ сўрашни одат қилишдир. Қачонки инсон ақлий ва жисмоний саломатлик ўртасидаги алоқани эътиборсиз қолдирса, у соғлигини бой берган бўлади. Кўплаб хасталиклар ва муаммолар айнан ана шу муҳим профилактика қилиб юрилмагани сабабли юз беради. Шунинг учун салбий ҳислар таъсиридан қочиб Қуръон ва ҳадис ҳикматларига амал қилиш даркор. Нимангиз бўлса, ҳаммасининг шукронасига “Алҳамдулиллаҳ”, дейишни; бирор ишни бошлашни ният қилсангиз “Иншоаллоҳ” дейишни; бирорта гўзалликни учратиб қолсангиз “Субҳаналлоҳ”, дейишни; сабр-тоқатингиз тугаса ва ўзингизни заиф ва нотавон ҳис қилсангиз “”Астағфируллоҳ дейишни; қийинчиликларга дуч келсангиз “Аллоҳу акбар”, дейишни одат қилинг. Чунки ана шу бешта сўз билан инсон ўзининг соғлигини ҳимоя қилиб, кўплаб касалликлардан шифо топиб юради.

 

Муаллиф: Сайда Хайат

Таржимон:  Дамин  ЖУМАҚУЛ

Read 5789 times

Мақолалар

Top