Мақолалар

Миш-мишларга ишонманг!  Чунки қулоқ, кўз, дил масъулдир

 

Инсон табиати – қизиқ. Баъзан бандалигига бориб, бировдан эшитган нарсасига дарҳол ишонади-қолади. Уни суриштириб кўришни, тўғри ёки нотўғрилигини ўйлаб ҳам ўтирмайди. Айниқса, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган нохолис ахборотлар, турли уйдирма ва бўҳтонлар, миш-мишлар ғийбатчиларнинг тегирмонига сув қуяётгани кундай равшан.

Мусулмон киши бирор масала чиқса: «Фалончи нима дебди, писмадончи-чи?» деб эмас, балки Аллоҳ таоло ва Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларини ўзига ҳужжат қилади.

Бежизга Сўфи Оллоёр бобомиз:

Дема, тутдим фалон бузрук ишини,

Кўра қўйма набийнинг қилмишини», демаганлар. Шу боис бирор нарсани эшитсак, ўқисак ёки кўрсак, аввало, доимий ва асосий манбаимиз – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга мурожаат қилишимиз керак. Бу муқаддас ва муборак манбалар, мана, 15 асрадн бери инсониятга маънавий, руҳий маёқ бўлиб келмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Муғира ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло оналарингизга оқ бўлишни, қизларни тириклайин ерга кўмишни ҳаром қилиб, мумсик (закот ва ушр каби зиммага вожиб бўлган нарсаларда бахил) бўлиш ва тама(олишга ҳақли бўлмаган нарсани талаб)қилишдан қайтарди. Шунингдек, миш-миш гаплар тарқатиш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳуда сарф қилиш каби ишларни ёмон кўради”,  дедилар(Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Эшитган нарсасини гапиравериши, кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя”(Имом Муслим ривояти), дейилган.

Жамиятда ғийбат, бўҳтон, ёлғончилик каби иллатларнинг илдиз отиши ишончсизлик, ҳатто адоват ва нафратни юзага келтириши мумкин. Тўғрилигига аниқ ишонмай туриб миш-миш тарқатиш бўҳтон саналади.

Шу кунларда Фейсбук ижтимоий тармоғи ғийбатхонага, фитналар инига айланиб қолди. Ким нимадир эшитса, текширмасдан, ўзича талқин қилиб тарқатиб юборяпти.

Юртимизнинг кўзга кўринган уламолари ҳақида болалаётган миш-мишлар кишини ташвишга солади. Ахир, шу миш-мишларни тарқатаётганлар ҳам мўмин-ку, мусулмон-ку! Улар ақалли, бир марта бўлса-да, йўли тушиб, ғийбат қилинаётган, миш-миш тарқатилаётган ўша имомлар, уламолар ортида туриб намоз ўқигандир.

Ваҳоланки, Қуръони каримда: «(Эй инсон!) Ўзинг  (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (Исро сураси, 36-оят), дейилган.

Инсон ўзи аниқ билмаган ва ишонч ҳосил қилмаган нарса кетидан қувиб, аниқ  эшитмаган, кўрмаган нарсаларни гапириш, тарқатишнинг оқибати жуда хатарли.

Бировнинг обрўсига путур етказиш – катта гуноҳ.

Ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиш оқибатида намоз, зикр, силаи раҳм, қўшнига яхшилик қилиш, фарзанд тарбияси, ота-онага яхшилик қилиш, устозлар, беморлар ҳолидан хабар олиш, жанозада қатнашиш каби муҳим ибодат ва вазифалар унутилади.

Шу билан бирга, уламолар, имомларни яқиндан танимаган, улар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаган кишилар айрим нокасларнинг таъсирига тушиб қолиб, улкан гуноҳ – ғийбат балосига мубтало бўлмоқдалар.

Хулоса қилиб айтганда, динимиз тилни фақат яхшилик йўлида ишлатиш, ёмон сўзлардан тийилиш, эзгу нарсалар ҳақида фикр юритишни буюради. Зеро, сўзлаш ва тафаккур қилишда эҳтиёт бўлишимиз, ҳар бир сўзимиз фойда ёки зараримизга ҳужжат бўлишини унутмаслигимиз лозим. Зотан, Каломи Мажидда:«У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир», дея марҳамат қилинган. Шуни унутмасак бўлгани.

 

Толибжон НИЗОМОВ

Read 3930 times

Мақолалар

Top