Мақолалар

Илм икки дунё саодатидир

Илм дунёда азизлик, охиратда шарафдир. Илмга ана шундай таъриф берилган. Демак, кимга дунё керак бўлса, илм олсин, кимга охират керак бўлса, илм олсин, кимга икки дунё керак бўлса, илм олсин. Занжий ибн Холид р.а айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрий р.а нинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга: “Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, дедилар”. Илмнинг даражаси ана шундай улуғдир. Илм динимизда улкан даражаларга, мақомларга кўтарилган улуғ бир хислат, ғўзал бир амал ҳисобланади. Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади.

Илмнинг улуғлиги шу даражадаки, кимда ким илм талаб қилиш  йўлида юрса у жаннат йўлида юрган деб эътибор қилинади. Агар вафот этадиган бўлса, кўзини жаннатда очади. Бу ҳақда ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб, бундай дедилар: «Ким илм истаб йўлга чиқса, Аллоҳ таоло уни жаннатга йўллаб қўяди. Ва олим учун еру осмон ва хатто денгиздаги балиқлар ҳам мағфират сўрайдилар. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир». Аллоҳ таоло Қуръони Каримни йигирма уч йил давомида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга оятма-оят, сурама-сура, бўлак-бўлак ҳолатда нозил қилди. Маълумки, биринчи нозил бўлган оятларнинг биринчи сўзи “Иқро” (ўқи)  буйруғи билан нозил бўлди. Шунинг ўзи динимизда илмга қанчалик эътибор қаратилганлигига далолат қилади. Қуръонда илм тўғрисида жуда кўплаб оятлар нозил бўлган. “Илм” сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Чунки динимиз илм дини, динимиз маърифат дини, динимизда жаҳолат мазаммат қилинган, динимизда илмсизлик қораланган. Динимиз мўмин-мусулмонларни илм олишга тарғиб қилган диндир. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир. Аллоҳ таоло айтади:

“…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11).

Аллоҳ таолонинг Ўзи аҳли илмларнинг, олимларнинг даражасини ана шундай кўтариб қўйган.

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам илм олишга далолат қилучи ниҳоятда кўп ҳадис шарифлар ворид бўлган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларни дуо қилишади”, дедилар. Аллоҳ дуо қилади дегани, Аллоҳ раҳмат назари билан қарайди дегани.

Юқоридаги оят ва ҳадисга мукаммал ҳолатда амал қилинган юртимиздан довруғи дунёга кетган улуғ олимлар етишиб чиқишди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али ибн Сино” Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва таммадунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган. Ҳеч қачон унутмайликки, биз ана шундай буюк инсонларнинг авлодларимиз. Шунинг учун муборак ислом таълимотларига таянган ҳолда, ахлоқ одобимизни олий даражага кўтаришга ҳаракат қилайлик, муносиб равишда ўз фарзандларимизни дунёвий ва диний билимлардан баҳраманд қилиб, келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишишига эришайлик.

 Андижон тумани “Кўк тўнли ота”

 жоме масжиди имом – хатиби

 Кенжаев Нодирбек

 

Read 5028 times

Мақолалар

Top