Мақолалар

Энди тўхтарсизлар?!

Аллоҳ таоло бандалари учун жуда мехрибон ва раҳмли зотдир. Инсонларни доимо аҳилликка, бирдамликка, ўзаро мехр-оқибат ва ҳалол меҳнатга буюрган динимиз Ислом, яъни, тинчлик, саломатлик дини деб аталгани ҳам бежиз эмас, албатта.  Аллоҳ таоло инсонларни нафақат охират дунёсини обод қилишга, балки бу дунёсини ҳам обод қилишга буюрди. Белгиланган қисқа умрини икки дунё ободлиги учун зарур бўлган амалларни бажаришга сарфлашни буюрди. Аллоҳ таоло айтади: “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам уларга яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, (Қосос сураси, 77-оят).

Бошқа бир оятда эса Роббимиз  бандаларини шундай васф қилади: “Одамлардан баъзилари: “Роббимиз, бизга бу дунёда бергин”, дейдир ва унга охиратда насиба йўқдир. Ва улардан баъзилари“ Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин”, дейдир. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир” (Бақара сураси,  200-201-оятлар).

Демак, юқоридаги оятлардан маълум бўладики, мусулмон киши икки дунёсини обод қилиш ҳаракатида бўлмоғи лозимдир. Бу ободликка сабаб бўладиган барча амалларга шошилмоғи, ушбу ободликни вайрон қилувчи ҳар қандай ҳаракатдан четланмоғи ҳам зарурдир. 

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас,ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни ҳоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?” (Моида сураси, 90-91-оятлар)

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни учта гуноҳи кабирадан қайтармоқда. Ва уларни ифлос, қабих, энг разил амаллар эканини ҳамда бу амаллар Аллоҳнинг лаънатига ва ғазабига учраган, жаҳаннам йўлбошчиси ҳисобланган шайтоннинг амали эканини эслатмоқда.

Дарҳақиқат, Роббимиз бирор нарсани биз учун ҳаром қилган бўлса, Унинг бу амри беҳикмат эмас. Чунки жамиятда содир бўлаётган кўп нохушликлар, уруш-жанжаллар, жиноятлар ва бир-биридан аянчли якун топаётдан тақдирларнинг асосий сабаби худди мана шу уч амалга бориб тақалмоқда. Бу уч гуноҳи кабира туфайли инсон қаттиқ гуноҳкор бўлиши, охиратини бой бериши билан биргаликда, бу дунёнинг ҳам барбод бўлишига сабабчи бўлмоқда. Бу жирканч амаллар туфайли жамият парчаланмоқда, оилалар бузилмоқда, фарзандлар етим, аёллар бева қолмоқда. Минг машаққат билан фарзанд ўстирган ота-оналарнинг қадди букилиб, эл олдида изза бўлмоқда. Бу разил гуноҳлар нафақат Аллоҳ таолонинг ибодатидан, у Зотнинг розилигидан тўсмоқда, балки, акани укадан, отани боладан, дўстни дўстдан айирмоқда. Бугун мастлик оқибатида содир бўлаётган турли бахтсиз ҳодисалар, ўзаро уруш-жанжаллар, қимор сабаб бир-бирини пичоқлашлар, фолбинларнинг макр хийлалари сабаб бузилиб кетаётган оилалар, ўзаро ишончсизлик орқали юзкўрмас бўлаётган қўни – қўшнилар, бу жирканч гуноҳлар сабаб тобора емирилиб бораётган жамиятни кўрганда Аллоҳ таолонинг бу уч амалдан қайтариғи нақадар ҳақ экани ёдга тушади.  Шунинг учун Аллоҳ таоло бу уч амални “Шайтоннинг ишидир”, демоқда.

Шайтон шундай душманки, у “..хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни..” хоҳлайди. Қуръон каримда Юсуф алайҳиссалом тилларидан бундай дейилади: “Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди. Дарҳақиқат,  менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди. Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди” (Юсуф сураси, 100-оят).

Демак, Пайғамбарнинг ўғилларини орасини бузган, уларни ўз жигарпорасини ўлдиришгача олиб борган шайтон сен ва атрофингдаги кишиларнинг ораларига ҳам  адоват ва хасад уруғини сепишга, мусулмон умматининг парчаланишига хизмат қилиш учун то қиёматгача изн олган.  У инсонларни “Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни ҳоҳлайдир”. Аллоҳнинг зикридан ва намоздан ғофил бўлган кишининг эса охирати барбод бўлади.

  Аллоҳ таоло бу гуноҳларнинг зарарларини зикр қилгандан сўнг қатъий оҳангда: “Энди тўхтарсизлар?” , дея савол бермоқда. Ушбу оятлар тушган вақтда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “ Албатта, тўхтаймиз, эй Роббимиз ”, деган эдилар.

   Демак, биз ҳам икки дунёимизни обод қилиш учун, энг улуғ ибодатлардан бебахра қолмаслик учун, Роббимизнинг даъватига худди ҳазрат Умар Умар розияллоҳу анҳу каби жавоб беришимиз лозим бўлади.

Ёрбек ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

Read 4801 times

Мақолалар

Top