Мақолалар

Шаманлик – афсунгарликдир

Тунгус тилидаги «шаман» сўзининг ўзбек тилидаги маъноси сеҳргарликдир. Сеҳргарлик (афсун, магия) – реал натижалар олиш учун илоҳий кучларга таъсир этиш мақсадида бажариладиган амал. У тотемизм ва анимизм билан бир вақтда пайдо бўлиб, у орқали кишилар ўз тотемлари, ота-боболарининг руҳлари билан хаёлан боғланишни амалга ошириб келганлар.

Сеҳргарлик қадим замонда пайдо бўлиб, минглаб йиллар давомида ривожланиб келган. Одатда, афсунгарлик билан махсус одамлар – шаманлар, афсунгарлар шуғулланганлар. Улар орасида, айниқса, узоқ ўтмишда аёллар кўп ўринни эгаллаган. Шаманлар ва афсунгарлар жазавали ва асабий кишилар бўлиб, одамлар уларнинг руҳлар билан мулоқотда бўлишларига, уларга жамоанинг умид ва ниятларини етказиш, уларнинг иродасини талқин қилиш қобилиятига эга эканига ишонганлар. Шаманлар, одатда, маълум ритуал ҳаракатлар орқали – овоз чиқариш, ашула айтиш, рақсга тушиш, сакраш йўли билан ноғоралар ва қўнғироқлар овозлари остида ўзларини жазавага солиб, ўзини йўқотиш, жазаванинг юқори нуқтасига етказиш билан афсунгарлик қилган. Томошабинлар ҳам баъзан ўзини йўқотиш даражасига етиб, маросимлар иштирокчиларига айланиб қолган.

Одатда, шаман маросим охирида бир ҳолатга келиб ҳеч нарсани эшитмай, кўрмай қолган. Шунинг учун унинг руҳлар дунёси билан мулоқоти худди шу ҳолатда амалга ошади деб ҳисобланган. Умуман олганда, маросимлар қисмлардан иборат бўлган. Афсунгарлик жамият талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган. Илоҳий кучлар дунёси билан бундай боғланиш йўли ҳаётда номаълум, олдиндан билиб бўлмайдиган шароитлардан келиб чиққан.

Шу билан бирга, афсунгарлик одамларнинг фикр юритиш, онгини мустаҳкамлашда катта роль ўйнаган. Бу эса диний онгнинг шаклланиш жараёнида муҳим ўрин тутган. Афсунгарлик фикр юритиш ривожланган сари одамга ўз-ўзидан бўладиган, мақсадли йўналишдаги ҳаракатлар натижасида олинадиган эмас, балки илоҳий кучлар афсуни билан боғлиқ бўлган             шароитлардан келиб чиқадиган кўриниш деб ҳисобланган. Натижада кўпчилик аниқ ҳодисалар, ҳаттоки алоҳида буюмлар сеҳрли куч эгаси сифатида қабул қилина бошланган.

Сеҳргарлик маросимлари якка ҳолда ёки жамоа бўлиб амалга оширилган. Афсунгарлик мақсадга кўра қуйидагиларга бўлинади:

1) Зарар келтирувчи – ёвуз афсунгарлик. Унинг мақсади кимгадир зарар етказишдан иборат;
2) Ҳарбий афсунгарлик. У душманга қарши (масалан, қурол-аслаҳаларни сеҳрлаш);
3) Севги афсунгарлиги. Ундан «иссиқ» ёки «совуқ» қилиш мақсадида;

4) Тиббий афсунгарлик. Ундан даволаш мақсадида;

5) Об-ҳаво афсунгарлиги. Бу сеҳргарлик туридан ёмғир чақириш ёки шунга ўхшаш об-ҳавони ўзгартириш мақсадларида фойдаланилган. Сеҳргарлик ҳозирда ҳам айрим динларда ва турли халқлар урф-одатларида сақланиб қолган.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати

Read 4674 times

Мақолалар

Top