Мақолалар

Маслаҳатсиз  мурожаат  келтирар  кулфат

Маҳкам тутгин жамоат эътиқодин,
Нари солгин мухолиф ижтиҳодин,

Сўфи Аллоҳёр

Аллоҳ Таолога чексиз шукроналар бўлсинки, юртимизда кундан кунга янги ислоҳотлар ва дилларни қувонтирувчи ютуқларга эришилмоқда. Сўнгги йилларда Ислом дини қадриятларини равнақ топтириш, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган аждодлар меросини ўрганиш ва ёшларни дину диёнатли қилиб тарбиялаш борасида сермаҳсул ишлар амалга оширилмоқда. Ҳукуматимиз диний соҳа ривожи учун бир қатор шарт-шароитларни муҳайё қилиб бермоқдаки, бир вақтлар хаёл ҳам қилиб бўлмайдиган ишлар бугун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Юртимизда ҳар соҳада янгиликлир, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Юртбошимизнинг  шахсан ўзлари ҳар бир соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқдалар. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ҳар соҳада бўлгани каби, диний соҳада амалга оширилаётган кўплаб хайрли ишларни барчамиз кўриб, қувониб турибмиз. Бундай улуғ ишлардан Ислом Цивилизация маркази, Ислом Академияси, Халқаро Имом Бухорий маркази, Ислом Ҳуқуқи мактаби ва Калом илми мактабининг шахсан Юртбошимиз ташаббуслари билан очилиб, фаолият бошлагани биз учун жуда катта бир неъмат бўлганлигини асло унутмаслигимиз лозим. Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозимки, кишининг оиласи олдидаги мажбурияти ўзи яшаб турган давлатининг раҳбари, яъни “Улул-Амр”га итоат қилиш мажбурияти ҳам борки, динимизда бу ҳақда қуйидагича баён қилинган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ҳадисларининг бирида шундай дедилар: Абу Ҳурайра (ра) дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (сав) дедилар: “Ким менга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди ва ким менга итоатсизлик қилса, демак, Аллоҳга итоатсиз бўлибди. Ким раҳбарига итоат этса, демак, менга итоат этибди ва ким раҳбарига итоатсиз бўлса, демак, менга итоатсиз бўлибди” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиснинг мазмунидан маълум бўладики, кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Адолатли қонунлар ҳамма вақт халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир. Юртбошимиз томонидан юртимизда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу йилдан барча умумий ўрта таълим муассасаларида ягона кийим формаси жорий этила бошланди. Фарзандларимизни бунга риоя қилишларини таъминлаш ҳам ота-оналарнинг бурчи эканини ёдда тутмоғимиз лозим. Давлатимиз Раҳбари замон билан ҳамнафас яшаш, мўмин мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва аҳоли имон-эътиқодини мустаҳкамлаш йўлида имом-хатибларни доимо фаолликка, ғайрат кўрсатишга даъват этиб келмоқда.

Тан олиш керак, Ислом дини маърифатини кенг тарғиб этиш, халқимизнинг талаб-истакларини қондириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ишига барча имом-хатиблар бирдек ёндошмаётгани маълум бўлмоқда. Бироқ айрим имом-хатиблардаги ўзибўларчиликка берилиш, лоқайдликка йўл қўйиш ва сусткашлик қилиш каби ҳолатлар кўпчиликнинг дилини хира қилмоқда. Аммо минг афсуслар бўлсинки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқларни кўра олмайдиган  айрим ғаламис кимсалар бугунги кунда турли ижтимоий тармоқларда мамлакатимиз халқини давлатга ва давлатнинг бевосита Раҳбарига қарши қўйишга уринмоқдалар. Уларнинг бундай ғаразли мақсадлари юртимизда фитна тарқатиш ва мусулмонларни тафриқа қилиб бўлиб ташлашдир. Таассуфлар бўлсинки, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Омина” масжидининг собиқ имоми Парпиев Фазлиддин нотўғри ва ноўрин мурожаатларни қилиб, диний соҳа вакилларининг юзини ерга қаратди. Ачинарлиси шундан иборатки, туман бош Имоми, Тошкент шаҳар бош Имом-хатиби ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, Муфтий ҳазратлари билан маслаҳат қилмасдан, Зиё ва Ҳидоят нури тараладиган маскан бўлмиш масжид меҳробидан туриб Муҳтарам Юртбошимизга мурожаат қилди. Масжиднинг меҳробидан фақат Аллоҳ таолога дуолар қилиниши, яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш ва ваъз насиҳат қилиниши лозим. Масжидда сиёсий жараёнлар ҳақида гапириш шариатимизда ман этилади. Ишлаганига бир ой бўлмасдан туриб бутун Республика Имомлари номидан гапириб катта хатога йўл қўйди, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тизимидаги барча устоз ва имом-хатибларга нисбатан ҳурматсизлик ва беодоблик қилди.

Ҳар бир жамиятнинг мустаҳкамлиги, унинг аъзолари орасида ўзаро ишонч ҳукм суриши учун бир неча шартлар лозим. Ушбу шартлардан бири садоқат ва фидойиликдир. Садоқат жамият тузилишидаги асосий қадриятлардан бўлиб, халқлар тараққиётининг рамзи ҳисобланади. Қаерда мана шу сифат йўқолса, ўрнига ишончсизлик келади ва ўзаро ёрдам йўқолади. Садоқат орқали кишилар бир-бирларига ишонадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таоло мусулмонларни шу сифат билан сифатланишга чақирган. Биз диний соҳа ходимларига Муҳтарам Юртбошимиз томонидан билдирилаётган ишончни оқлаб, халқ манфаатини ўз манфаатимиздан устун қўйиб, Юртбошимизга садоқатли ва фидоий имом-хатиблардан бўлиш насиб этсин.

Одилжон Нарзуллаев
Зангиота туман “Имоми Аъзам”
жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3661 times

Мақолалар

Top