Мақолалар

Маърифат  боғининг  боғбонлари

Устозу муаллимлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир.

Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс. Бизнинг доно халқимиз:  «Устоз – отангдек  улуғ» деб бежиз айтишмаган. Мана янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас бўлмиш илм тарқатувчи ўқув даргоҳларига қадам босишди.  Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига  эътиборимизни беришимизда юқоридаги пурмаъноли, сермазмунли тарафини ҳам эътиборга олишимиз лозим бўлади.

Устознинг мавқеи шунчалик улуғ  даражага кўтарилган. “Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз устоз деб тушунишимиз лозим. Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» дейди. Устоз деганда, унинг маънавий нури ва бу нурдан юзлаб кўнгиллар баҳра олаётганлигини тасаввур қиламиз. 

Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм исломда ардоқланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган. Зеро, Аллоҳ илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан  илмли кишилар ва устоз, мураббийларнинг  ҳам қадрини юксак қилиб қўйди. Ва: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даража (мартаба)ларга кўтарур”, деди” (Мужодала сураси).

Аллоҳ ҳурматлаган ва даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат эканлиги Қуръони каримда жуда кўп ўринларда таъкидланади.

Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло илм эгаллаган ва уни бошқаларга етказишда холис жиддий саъйи-харакат қиладиган холис устозларнинг обрў-эътиборларини янада юқори кўтариб қўйишини ваъда қилмоқда. Ёш авлодни теран билимли ва етук мутахасис бўлиб етишишида устоз ва муруббийларнинг  ишларида беминнат хизматлари улкан. Улар ҳурматга, эъзозга, халқ илтифотига сазовор бўлишган. Уларнинг бирортаси ҳалигача шогирдига «Мен отангдан улуғман», деган ақидани айтмаганлар. Албатта  камтаринлик устозларга хос одат. 

 Олимлик, устозлик мақоми нақадар улуғ эканлигини  хақида Жаноби Пайғамбаримиз шундай мархамат қиладилар: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир.”  (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилишган)

Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, хокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир. Тарихга назар соладиган бўлсак, устозлар хақида салафи солиҳинлар жуда кўп ибратли сўзларни айтиб ўтганлар.

 Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: "Мен ўзимга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Истасин, сотиб юборсин, истасин, қул қилиб олсин!", деган эканлар.   

Мазҳаббошимиз  Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат устозим балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".

 “Ҳидоя” муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: “Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс халқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ташқари томонга қараб ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: “Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келсалар, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман”, деб жавоб қилдилар.

Манбаларда муаллимларга нисбатан риоя қилиш лозим бўлган одоблар саналганда айрим диққатни тортадиган жойларига дуч келамиз: "Ўқувчи агар муаллимини бир тўда инсонлар ичида учратиб қолса, жамоага салом бергач, муаллимига алоҳида салом бериб, мулозамат қилиши керак".  Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, толиби илм устозининг розилигини топишга интилиши ва уни норози қиладиган, хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.   Чунончи, Абдураҳмон Жомий айтганларидек:

Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,

Хаёт хам бўлмасди гўзал бу қадар.   

Устоз ва муаллим хаёт бўстонидаги ниҳолнинг дарахтга айланиши учун беминнат хизмат қиладилар. Ёшларни маънавий етук ва баркамол инсон бўлиб тарбиялашда табаррук устоз ва мураббийларимизни ўрни беқиёсдир. Устозу муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, қайсики, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Фақат яхшилик қилиш ва илмнинг бебаҳолигини, одамийликни ҳар нарсадан устун қўйадилар. Бундай кишилар халқнинг, Ватаннинг қалқонидирлар. Доимо  сизга таъзимдамиз азиз устозлар.

 

Раҳматилло Мадаминов.

Фарғона вилояти, Қўштепа тумани, “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби.

Read 3989 times

Мақолалар

Top