Мақолалар

“ДИЛ – БА ЁР-У, ДАСТ – БА КОР”ЛИК МОҲИЯТИ ёхуд “олим” билан “ориф”нинг фарқи

Шу йил 21 сентябрь куни Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида “Нақшбандия тариқати ғояларининг комил инсон тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида 25-анъанавий нақшбандхонлик республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳридан, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидан олим ва мутахассислар илмий маърузалари билан иштирок этди.

Бу чиқишларда “Етти пир ва Ўзбекистонда зиёрат туризми тараққиёти”, “Мустақиллик йилларида нақшбандшунослик равнақи”, “Навоий вилоятининг муқаддас зиёратгоҳлари”, “Нақшбандия тариқати тараққиётида Жўйбор шайхларининг ўрни ва мавқеи”, “Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида нақшбандия ғоялари тарғиби”, “Авлиёлар тазкираси анъанаси: Аттор – Жомий – Навоий”, “Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасини бунёд этиш жараёнлари”, “Навоийнинг наът ғазалларида комил инсон тарғиби”, “Муҳаммад Порсонинг илмий-тасаввуфий мероси” мавзулари ёритилди. Тадбир сўнгида шоирлар мушоираси ҳам ўтказилди.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд – юртимиздан етишиб чиққан буюк зотлардан бири. Нақшбандия тараққиётининг асосчиси. Тасаввуф тарихида кескин бурилиш ясаган авлиё. 1318 йили Бухоро яқинидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилиб, 1389 йили шу ерда вафот этган. Унинг шарофати билан бу қишлоқ кейинчалик Қасри Орифон деб номланадиган бўлган. Чунки “ориф” сўзи “авлиё”, “шайх”, “сўфий” деган маъноларни англатади.

Мустақилликка эришганимиздан кейин шўро даврида ҳатто номини тилга олиш ҳам тақиқланган улуғ зотлар тавваллуди тўйларини ўтказиш, шу муносабат билан уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, меросини тадқиқ этиш, улар билан боғлиқ зиёратгоҳларни обод қилиш ва янгиларини бунёд этиш ишлари амалга оширилди.

Диний йўналишдаги улуғларимиздан биринчи бўлиб 1993 йил сентябрь ойининг учинчи жумаси куни айнан Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги халқаро миқёсда тантана қилинди. 1994 йилдан буён сентябрнинг учинчи жумаси ҳар йили анъанавий нақшбандхонлик республика илмий-амалий анжумани ўтказиб келиняпти.

Қисқа фурсатда Ўзбекистонимизда янги миқёсдаги нақшбандшунослик фани шаклланди ва ривожланди.

Ўтган асрларда илм иккига бўлиб тасниф қилинган.

Биринчи илм – “илми зоҳир”, яъни ташқи, юзаки илм ҳисобланган. Бунда Худони ақл йўли билан билиш, бошқача айтганда, Яратганнинг асл каломи бўлмиш Қуръон маъноларини мантиқий, яъни инсон мияси қабул қила оладиган исбот-далиллар билан тушуниш кўзда тутилган. Қуръонга эса барча билимларнинг ҳақиқий манбаси сифатида қаралган. Ғарбда бу “рационал илм”, дейилади. Зоҳирий илм эгаси “олим” дейилган.

Иккинчи илм – “ботиний илм”, яъни чуқур, яширин илм ҳисобланган. Бунда Худони, яъни Қуръон маъноларини руҳ билан билиш кўзда тутилган. Ғарбда бу “иррационал”, яъни рационал бўлмаган илм, деб қаралади. Ботиний илм соҳиблари “ориф”, дейилган.

Шунинг учун эски тилимиздаги манбаларда “маърифат аҳллари” деган ифода учраса, уни тасаввуф шайхлари деб тушуниш керак. Ботиний илм эгаси “ориф” дейилган.

Тарихдан яхши биламизки, халқимиз маънавий ҳаётида тасаввуфнинг айрича ўрни бор. Бу таълимотда комил инсон ғояси бош масала бўлгани учун аҳоли тасаввуф вакилларига мукаммаллик тимсоли сифатида қараган. Бу борада, хусусан, хожагон-нақшбандия тариқатининг ўрни ва мавқеи жуда баланд бўлган.

Маърифатпарварлик тарғиби бу тариқат ғояларининг ҳам мағзи-мағзига сингиб кетган. Биргина унинг бош ғояси бўлмиш “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор”, шиорини олиб кўрайлик. Бу ўша давр учун жуда катта назарий ва амалий аҳамиятга эга туб бурилиш эди. Бу шиорнинг аҳамияти бугун учун ҳам асло камайган эмас.

Мазкур ғоя амалда тасаввуфни ҳаётга яқинлаштиришга хизмат қилган. Тасаввуфнинг бошқа айрим оқимларида таркидунёчилик кайфияти устунлик қилар, Ҳаққа етиш йўлида сўфий дунё ишларидан батамом қўл силкишга даъват этилар эди. Аммо нақшбандия тариқати ана шу бош шиор орқали масалани: “Бу дунё деб у дунёни, у дунё деб бу дунёни унутмаслик керак”, деган мўътадил, яъни ўрта йўлни танлади ва бу унинг аҳоли турли қатламлари ўртасида ҳаддан ташқари кенг ёйилиб кетишига олиб келди.

Бошқа тариқатлар, жумладан, яссавиядан фарқли ўлароқ, нақшбандияда зоҳир ва ботин бир-биридан ўзаро кескин тарзда ажратилди. Шу билан бирга, бу зид икки жиҳат ўзаро бириктирилди ҳам. “Зоҳир юзидан халқ билан, ботин юзидан Ҳақ билан”, деган қоида замирида жуда катта маъно-мазмун яширин. Бу сўфийликни халқ орасида ошкор этмаслик, пеш қилмаслик, бошқалардан ажралиб турмаслик, хилватга чекинмаслик, меҳнат қилиб кун кўришдан воз кечмаслик, оила, бола-чақа боқиш масъулиятини бўйинга олиш, бошқалар (қул ва чўрилар) меҳнатидан фойдаланмаслик ва ҳоказо каби эзгу тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишни талаб этар эди. Бирор касб-кор билан шуғулланиш учун ҳам аввал уни пухта ўрганиб, барча сир-асрорини ўзлаштириш лозим. Шунинг ўзи ҳам маърифат талаб қилади.

Нақшбандияда, энг аввало, тасаввуфда асосий диққат марказида турадиган масалалар иккига ажради: ахир, ҳамма нарсанинг ҳам суврати, ҳам сийрати бор. Демак, бир нарсанинг ўзига ҳам зоҳиран ва ҳам ботинан қараш мумкин. Ана шу масалаларни ташқи ва ички жиҳатларга ажратиш ишни осонлаштирди.

Нақшбандия тариқатининг бош шиори янглиғ талқин этиладиган “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” ақидасига кўра, солик моҳиятда, яъни ичида ҳамиша Худога кўнгил кўйиши шарт, аммо ташқи жиҳатдан қараганда унинг қўли иш билан банд бўлавериши лозим. Бунинг моҳиятга зиёни йўқ. Ёки мавжуд ўн бир ақидадан бири – “Хилват дар анжуман”га диққат қилайлик. Ўзи-ку тасаввуфда хилват – бош масалалардан бири. Чунки инсон жамиятдан узилиб, ёлғиз ҳолда Аллоҳни ўйласа, нафъ кўпроқ – фикри чалғимайди, бошқа ҳою ҳавасга берилмайди. Умуман, тасаввуфда, Аллоҳ билан бўлиш учун бошқа одам билан суҳбатлашиш ҳам халақит қилади, деган кучли қараш бор.

Нақшбандия моҳиятан бу ақидаларни ҳеч ҳам инкор этмайди. Бироқ ташқи тарафдан анжуман, яъни одамлар даврасида бўлавериш керак. Чунки ҳақиқий Аллоҳ йўлига кирган солик ана шу жамият ичида ҳам хилват қилаверади. Сабаби – хилватга чекиниш инсоннинг қалбида кечавериши мумкин ҳодиса-ку. Демак, масалаларни зоҳир ва ботинга бўлиш нақшбандияга Аллоҳга интилиш йўлининг кўнгилда кечадиган жиҳатларини бирламчи қилиб қўйиш имконини берди. Бора-бора нақшбандияда ҳатто соликнинг очиқ-ошкор, яъни намойишкорона хилватга чекинишининг ўзига ҳам эътироз пайдо бўлди. Ахир, ошкора хилват ҳам соликнинг ўзини кўз-кўз қилиши, яъни шу тариқа бошқалардан устундек бўлиб туришдек туюлмайдими?

Шариат қонун-қоидаларига амал қилиш ҳамманинг, авомнинг ҳам вазифаси. Тасаввуф эса – хос, шунга иқтидорию истеъдоди бор, айрим танланган кишилар йўли. Лекин нақшбандия – ана шу танланган кишилар ўзининг тасаввуфга кирганини авомдан ажратиб кўрсатишига тамоман қарши.

Нақшбандия тариқатининг энг асосий тарбия усули – суҳбат. Чунки нақшбандийлар, суҳбатнинг фойдаси – кўп, суҳбат орқали инсон қалбига кириб бориш мумкин, деб ҳисоблашган. Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд сўзларидан келтириб, шундай ёзади: “Ва дер эрмишларки, бизинг тариқимиз суҳбатдур ва хилватда шуҳратдур ва шуҳратда офат, хайрият жамъиятдадур ва жамъият суҳбатда, бу шарт билаки, бир-бирига нафй бўлулғай ва улча ул бузург буюрубтурки: “Кел, бир соат иймон келтирайлик”. Ишорат ангадурки, агар жамъи бу йўл соликлари бир-бири била суҳбат тутсалар, анда кўп хайру баракатдур”.

Бундан маълум бўладики, нақшбандия тариқатида суҳбат – муҳим шартлардан. Шуни ҳам унутмаслик лозимки, хожагон-нақшбандия тариқати ҳар қандай анжумандаги суҳбатни тарғиб қилаверган эмас. Шаҳобиддиннинг “Мақомоти Мир Кулол”ида ўқиймиз: “Билингки, нодонлар суҳбати сизни Аллоҳ таолодан йироқ этур. Раққослар мажлисига ҳозир бўлманг (тарона билан сохта зикр тушувчи кишилар назарда тутиляпти), улар суҳбатига яқинлашманг, чунки бу тойифадагилар юракни ўлдиради, яна улар аҳли ҳол эмас (сунъий жазавага тушади). Соҳиби ҳол улдурки, баданига пичоқ санчсалар ҳам, бундан унга пашша чаққанчалик таъсир қилмас. Мана бундай одамларнигина соҳиби ҳол деса бўлур”.

Баҳоуддин Нақшбанд наздида хилватда шуҳрат бор. Яъни хилватга чекинган одам элдан ажралади, сўфийлигини элга ошкора кўз-кўз қилади, унинг бошқалардан ўзгача йўлда экани ҳақидаги гaп ҳаммага аён бўлади. Шундай қилиб, у шуҳрат қозонади. Шуҳрат қозонилган ерда эса офат бор. Буни ҳаёт деярли ҳар куни исботлаб турибди.

Демак, жамият, яъни кўпчилик ичида хайрият, яъни хайру барака бор. Жамият эса суҳбат орқали пайдо қилинади. Аммо Абдураҳмон Жомий келтирган ва Алишер Навоий ўзбекчага таржима қилган бу матнда бир шарт ҳақида ҳам гaп боради. Бу – суҳбат чоғида соликларнинг бир-бирига нафй бўлиши масаласи. “Нафй бўлиш” дегани бир-бирининг фикрини инкор этиш, деган маънони беради. Бу ерда шу тариқа сўфийлар бир-бирининг хатосини тузатиши кўзда тутилган. Чунки бир руҳий ҳақиқат шундаки, ҳар қандай гурунг охир-оқибат суҳбатдошларни бир-биридан узоқлаштиради ҳам. Ахир, ҳар кимнинг фикрлаш тарзи, қарашида фарқ бор-ку. Шунинг ўзи ҳам, аслида ботинан хилват сари яқинлашиш эмасми? Мантиқан шунинг ўзи ҳам Аллоҳга явуқлашиш сари етакламайдими?

Айтмоқчи, илгариги сўфиёна тариқатларда ҳам хаёлан Аллоҳ билан ва бевосита халқ билан суҳбат масалалари бор эди. Аммо уларнинг ҳар бирида бу масала ҳар турли ҳал этилган. Масалан, Абу Бакр Сайдалоний шундай деган: “Ҳақ била суҳбат тутунг ва агар тута олмасангиз, ул киши била тутунгки, ул Ҳақ била суҳбат тутар, то анинг суҳбати баракоти сизни Ҳаққа еткургай”.

Шайх Абу Бакр Сайдалонийнинг бу ақидаси нақшбандия шиорига яқин келади. Лекин жиддий фарқ ҳам бор. Нақшбандияда жамият билан – эл билан суҳбат кўзда тутилган, Сайдалонийда эса фақат Аллоҳ билан суҳбат тута оладиган киши билан суҳбатлашиш тарғиб этилган. Чунки бу шайх Тангри билан кўп бўлиб, халқ билан оз бўлиш тарафдори. Ҳолбуки, тасаввуфдаги кўп қарашлар бўйича, хилват ўта муҳим масалалардан. Абу Бакр Сайдалоний яна айтган: “Тенгри таоло била кўп бўлунг ва халқ била – оз”.

Аммо шаҳарлик косиб ё савдогар, қишлоқлик деҳқон бу ақидага қандай амал қилсин? Улар хилватда машғул бўлиши учун касбининг баҳридан ўтиши керакми? Охири бу таълимотни қабул қилмай қўйиши ҳам мумкин. Чунки тирикчилик масаласи ҳам бор-да. Демак, бундай кишиларга тасаввуфни бевосита яссавия йўли билан сингдириш жуда қийин. Шундай йўл излаш керакки, ҳар куни иш билан машғул одамлар ҳам, яъни деқҳқону косибу тужжор ҳам тасаввуф шуғлига бошласин.

“Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” шиори тасаввуфни айни ана шундай ижтимоий табақалар учун ҳам мос бир тариқатга айлантиради. Демак, хилват масаласи ҳам нақшбандияда бошқача – худди шу “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” ақидасидан келиб чиқиб ҳал қилинди. Хожагон жамоасида илгаридан амал қилиб келинган бу шиорни Баҳоуддин Нақшбанд шундай тушунтиради: “Яна (у кишидан. – С. О.) сўрдиларки: “Сизинг тариқингиз биноси не ишгадур?” Дедиларки: “Анжуманда хилват – зоҳир юзидин халқ била ва ботин тарафидин Ҳақ субҳонаҳу таоло била”. Бу – зоҳиран, яъни юзаки қараганда, халқ билан бирга бўлиш, унинг йиғинлари – тўй-маъракасига ҳам бориш, лекин қалбида – ботинан хилват қилиш, яъни ҳамиша кўнгилда Худо билан бирга эканликни унутмаслик", дегани. Устахонасида ишлаётган косибга ҳам, дўконда ўтирган савдогарга ҳам, мактабда болаларга таълим бераётган муаллимга ҳам мос келадиган ақида эди бу.

Нақшбандияда меҳнатга муносабат масаласи ҳам бошқача ҳал этилди. Баҳоуддин Нақшбанднинг муридликка келган ҳар бир шогирддан аввал: “Нима касбу коринг бор? Қўлингдан қандай иш келади?”, деб сўраши, агар ҳеч бир касби бўлмаса, тариқатга киришдан аввал бориб бирон касбни ўрганиб келиши учун қайтариб юборгани ҳақида ҳикояту ривоятлар бор. Бу бежиз эмас эди. Нақшбандия дунёвий ишлардан ажралмаган ҳолда ҳам сўфий бўлишнинг йўлини тутган тариқат эди.

Нақшбандиянинг бошқа айрим шиорлари ҳам ана шундай таркидунёчилик бўлиб туюлган, таъбир жоиз бўлса, тасаввуфнинг ўта кескин йўлларини мўътадиллаштиргани билан дунёвийлик касб этди. Шу тариқа у тасаввуфни ҳаётга яқинлаштирди, уни меҳнат кишилари шароитига мослаштирди.

Бу йил хожагон тариқати асосчиси Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудига 915 йил, нақшбандия тариқати асосчиси Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таваллудига 700 йил тўлди. Ислом конференцияси таркибидаги АЙСЕСКО ташкилоти 2020 йилда Бухоро шаҳрини Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг таклифи асосида бу икки сана ҳам биргаликда 2020 йили катта тантана билан халқаро миқёсда нишонланадиган бўлди.

Ҳозирги пайтда Бухоро вилоятда ана шу йирик тўйга пухта тайёргарлик олиб бориляпти. Жумладан, вилоятдаги етти пир – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Анжирфағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Бобо Самосий, Саййид Мир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳлари обод қилинмоқда. Етти пирга олиб борадиган йўлларни замон талаблари асосида таъмирлаш режалаштирилган.

Нақшбандия тариқати ғоялари бизга бугун ҳам жуда керак. Қисқа қилиб айтганда, “дил – ба ёр”лик маънавий, “даст – ба кор”лик эса иқтисодий тараққиёётимизни таъминлайди.

Султонмурод ОЛИМ,
“Нақшбандия” журнали бош муҳаррири (ЎзА)

Read 4826 times

Мақолалар

Top