Мақолалар

Спорт соғликка хизмат қилсин, зўрликка эмас

Жисмонан соғлом бўлиш учун банданинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмоғи  савобли амаллардандир. Яъни бир мусулмоннинг спорт билан шуғулланишдан нияти соғлом, бақувват ва кучли бўлиб Аллоҳ ва Расулининг розилигига эришиш бўлса, бу банда яхши амал қилувчилар қаторида бўлади. Соғлом инсон ўзгаларга юк бўлиб, умрини дарди ҳол билан ўтказмайди.

Ислом одамларни фақат руҳий тарбияга эмас, балки жисмоний тарбияга ҳам даъват этади. Мусулмоннинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлиши дини ва дунёси учун манфаатлидир. Бу борада  ислом дини спорт ва жисмоний тарбия тарғиботчиси, десак муболаға бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб дедилар: «Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз ожизланмагин!» (Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан ривоят қилинади: «Рукона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йиқитдилар» (Абу Довуд ривоят қилган). 

Уламолар мазкур ҳадиси шарифнинг ўзига хос қиссасини ҳам ривоят қилишган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Батҳода эдилар. У зотнинг ҳузурига Рукона ибн Язид қўй-эчкиларини ҳайдаб келди ва: «Эй Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!» деди. «Совринга нима қўясан?» дедилар. «Қўйларимдан бирини», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона: «Яна қайта тушасанми?» деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у: «Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ёнимни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган сен эмассан!» деди-да, Исломга кирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларини қайтариб бердилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени жисмим тўлишганида яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “ҳалиги билан биру бир”, дедилар» (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти).                                                  

Таъкидлаш жоизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш бўйича мусобақа ўтказган эканлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақада эса у зотнинг ёшлари бундан ҳам катта бўлган. Бу, оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишга тарғиботдир. Афсуски, кўпгина мусулмонлар бундай амаллардан бехабарлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳабашийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида «ҳироб» яъни найза билан чапдастлик намуналарини кўрсатадиган ҳарбий-спорт ўйинини ўйнашаётган эди. Умар розияллоҳу анҳу кириб қолди-да, эгилиб тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Умар, тегма уларга!» дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу хадисдан шундай хулоса чиқадики Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларда жисмонан соғлом бўлиш учун рағбат уйғотиш мақсадида хатто масжидда ҳам рухсат берганлар.

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва: «Отинглар, эй Бани Исмоиллар! Оталарингиз мерган эди, отинглар! Мен Бани Фулон биланман!» дедилар. Шунда рақиб тараф ўтишни тўхтатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга нима бўлди, нега отмай қўйдинглар?» дедилар. Улар: «Сиз улар билан бўлсангиз, қандай қилиб отамиз?» дейишди. Шунда у зот: «Отинглар, мен ҳамманглар биланман!» дедилар» (Бухорий ва Аҳмад ривояти).                                                                                                             

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларга қарата: «Фарзандларингизга сузишни, отишни ва от минишни ўргатинглар», деганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Ёзишни, сузишни ва отишни – таълим бериш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидандир», дейилган.                                   

Спорт билан одамларга мақтаниш мақсадида шуғулланиш фақат зарар келтиради, холос. Ўзини кўз-кўз қилиш мақсадида турли зарарли кимёвий моддаларни истеъмол қилиб,  спортдан кўр-кўрона фойдаланиш ҳам гуноҳ (кибр), ҳам ўзига зулмдир.  

Саидаброр УМАРОВ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4035 times

Мақолалар

Top