Мақолалар

Интернет ақл эгалари учун синов

Интернет маълумотлар оламида улкан инқилоб ва иймон, ахлоқ ҳатто ақллар имтиҳони учун кенг майдондир. Унда яхшилик учун барча эшиклар очиқ, ёмонликнинг барча кўринишлари ҳам очиқ-сочиқ. Интернетга боғланиш имконияти бор ҳар бир киши тилига истаганича эрк бериши, истаган нарсасига кўз югуртириши, истаган нарсасини ёзиши мумкин, унинг устида на бир назоратчи, на бир тергаб турувчи ва на бир ҳад-чегара олдида тўхтатиб қолувчи бор. Агар ўз қадрини юқорироқ билса, тубанлашмаса, ишларнинг оқибати ҳақида фикр юритса, Парвардигори олам уни кузатиб ва ҳар бир ишига гувоҳ бўлиб турганини кўз олдига келтирса, имтиҳондан қоқилмай-йиқилмай ўтиб олади ва охир-оқибат зафарга эришади.

Борди-ю, нафсининг жиловини бўш қўйса, нафси-ҳавоси ортидан эргашиб кетса, разолат ботқоғига ботиши, тубанлик чоғига қулаши ҳеч гап эмас. Бунинг натижаси эса ўз-ўзини беҳурмат қилиш, иззат-шарафни йўқотиш, хорлик ва тубанликдан бошқа нарса бўлмайди. Шунинг учун оқил одам интернет билан тўғри муомала қилиш йўлини билиши, ўз нафсига ортиқча ишонмаслиги лозимки, охир-оқибат нафси уни фитнага тушириб қўйиб, кейин ундан халос бўлиши қийин бўлади.

Оқил одам шайтон йўлдан оздиришидан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Зеро, шайтон доим одамзотни пойлаб, қўлидан келган ҳар қандай йўллар билан уни адаштириш пайидан бўлган маккор душманидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида: «Шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» деб огоҳлантирган. Ақлли киши ҳеч қачон душманига ишониб қолмайди, ўзини фитналар домига ташламайди, ақл, дин ва илм жиҳатидан ҳар қанча етук бўлмасин, ўзига қаттиқ ишониб юбормайди. Шу боис уни ҳар доим фитналардан узоқроқ туришини, уларга аралашишдан ўзини олиб қочишини кўрасиз.

Бундай бало ва имтиҳонлардан омон бўлишни истаган киши интернетга муайян вақтларда, ўз олдига муайян вазифа ва аниқ мақсадни қўйган ҳолда кириши мақсадга мувофиқдир. Аммо агар саҳифаларни бемақсад варақлашга шўнғиса, вақти зое бўлади, ҳам тузук-қуруқ фойда ололмайди.

Кўзни тийиш ҳам интернет ичидаги фитналардан қутулишга ёрдам беради. Чунки, интернетда ўтираркансиз, беихтиёр кўз олдингизда лоп этиб қабиҳ суратлар пайдо бўлади. Кўзини тийган инсон ҳам Раббини рози қилади, ҳам қалбини роҳатлантиради. Зотан, кўз дил ойнасидир, кўзни сақламаслик ҳалокатларга, кўзни тийиш эса роҳатга сабабдир. Банда кўзини тийса, қалб истак-майллардан тийилади.   

Инсон интернет билан муомала қилар экан, ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлмоғи лозим. Инсоннинг ақли фаросати ва иймони шу билан билинади. Чунки интернет шундай маконки, унда тўғри келган одам сохта исм остида тўғри келган нарсани ёзиши мумкин, содда одам заҳарни асал ўрнида қабул қилиши ҳеч гап эмас.

Ақилли одам бу борада зийрак ва ҳушёр бўлиши керак. Бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиши, ундан оммага бирон фойда етишига ишонч ҳосил қилса, шундагина нашр қилиши, йўқса жимгина кўз юмиб кетавериши лозим. Бу ишда эътиборсизлик қилиш ортидан қанча ёмонликлар келмаган дейсиз! Қанча-қанча одамлар борки, ақлларини ишлатмасдан, интернетда нашр қилинаётган нарсаларни худди бир калима ҳам ёлғон аралашмагандек қабул қилишади!

Интернетга хозирги кунда кишиларни эҳтиёжи кўп тушмоқда. Шунинг учун ижтимоий тармоқда расмий-диний сайтларни жуда катта. Бу сайтлар барчаси кишиларни тўғри йўлга, кишиларни ўртасида низо эмас иттифоққа, диний идора ва уламоларимизни ҳурмат қилиш ҳақида тарғибот ва мақолаларни ёритиб борилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме

масжид имом-хатиби Маъруфхон Алоходжаев

Read 3461 times

Мақолалар

Top