Мақолалар

Исрофдан сақланинг

Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар берган, у ўзига берилган неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатмоғи лозим. У зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади :

«Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратингни истагин ва ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама. Чунки, Аллоҳ бузғунчиларни суймас» (Қасос сураси 77-оят).

Аллоҳ таоло бизларни риёкорлик, хўжакўрсинлик, манмансирашлик каби ножоиз ишлардан тийилиб, Ўзининг розилигини истаган ҳолда ҳаёт кечирмоғимзга буюради, ҳамда барча ишларимизни меъёрида қилмоғимизни ва ҳаддан ошмаслигимизни талаб қилади.

Қуръони Каримда:

“Шунингдек, енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилманглар! Зеро, У исроф қилгувчиларни севмайди”, (Аъроф сураси 31-оят) дейилган.

Бизнинг ўлкамизда исрофнинг турли хиллари мавжуд. Жумладан, «бу давлатники» деган нотўғри тушунча билан уйимизда, электр токи ва сув каби умумий истеъмол воситаларини керагидан ортиқча сарфлаймиз. Ахир бу билан биз қайсидир биродарларимизнинг ҳаққини суистеъмол қиляпмизми, ёки бу давлат, бу ватан ўзимизники эканлигини ҳали ҳам тушуниб етмадикми?.

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:

«Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас» (Мишкотул Масобиҳ).

Исрофгарчилигимизнинг яна бир мисоли – бу тўйларимиздаги исрофгарчилик. Давлатимиз раҳбарияти томонидан 1998 йил 28 октябрда «Тўй ва маросимларни ихчамлаштириш тўғрисида»ги фармони чиқарилганига қарамай яна тўй ва маросимларимиздаги сарфларимиз камаймаяпти. Бунга нафақат жойлардаги оқсоқоллар, барчамиз бирдек ҳаракат қилиб, жиддийроқ ёндошилса яхши бўларди.

Шариатимиз мўминларни барча нарсада, хусусан, маърака маросимларда ҳам мўътадил-ўртамиёна бўлишга буюради. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло айтади :

«Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир» (Фурқон сураси 77-оят).

Исрофгарчилигимизнинг яна бир тури, бу – таъзия ва унда ўтказиладиган маросимлардир. Барчамизга маълумки, таъзия (яьни аза тутмоқ) уч кундир. Ундан кейин ўтказиладиган етти, йигирма, қирқ ва йил оши каби амаллар шариатимизда буюрилмаган. Аммо маййитнинг соҳиблари ихтиёрий равишда хайру-эҳсон (яъни худойи) қилишлари бор. Лекин ўзи ночор ёки камдаромад бўлиб, бола-чақасидан орттира олмайдиган кишига «худойи ёки эҳсон қиласан» дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бинобарин, ўзлари ҳам бу ишни вазифам экан деб, бола-чақанинг ризқини қийиб худойи қилишда ва ёки қимматбаҳо қабртошлар қўйиш ва ёки айрим жойларда ўтказиладиган давра деб аталмиш ўликнинг гуноҳини сотиш каби бидъат амалларни қилишда маййитга ҳеч қандай савоб ва манфаат йўқлигини билишлари лозим, балки бу ишлар – гуноҳ устига гуноҳдир.

Сўзимиз охирида барчасига хулоса қилиб айтамизки: Агар ортиқча бойлигингиз-маблағингиз бўлса тиригу ўликка манфаати ва савоби тегсин десангиз шу маблағлар билан аввало фарзандларингизни, сўнг қавму-қариндошлар ва маҳалла-куйингиздаги ночор оила болаларини ўқитишга ёрдам беринг, билимли ва маърифатли бўлишларига сабабчи бўлинг ва ёки қишлоқ ҳудудларида бўлсангиз кўприк, йўллар каби халқнинг эхтиёжи тушадиган нарсаларга моддий ёрдам беринг.

Ана ўшанда сиз истаган савоб ва садақаи жориялар бўлиб, икки дунё саодатига эришасиз, иншааллоҳ.

Х.Худойназаров

Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди  имом-хатиби

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3701 times

Мақолалар

Top