Мақолалар

Миллат мулки

Ўтнафас шоир Расул Ҳамзатовнинг бир шеърида шундай ўхшатиш бор: шеър қаҳрамони тушида ўлиб қолади. Тоғ-у тошлар орасида бежон ётган одам ўз тилида сўзлашаётганларнинг сўзларини эшитгач ҳаётга қайтади. Шоир " Жонимга масиҳдир шу она тилим" дея таърифлайди. Ажиб ўхшатиш. Ҳар бир инсон учун ўз миллий тили жон қадар азиз.

Тил - давлатнинг мулки. Уни асраш, ривожлантириш шу миллатнинг юксалиши демакдир. Бундан бир неча йиллар муқаддам ана шундай юксакликка эришишим учун дадил қадам ташланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Бунинг натижаси ўлароқ ўзбек тили давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси каби қонун йўли билан ҳимояланадиган давлат рамзига айланди. Бу юртдошларимиз ҳаётида унутилмас воқеага айланди.

Истиқлол йилларида барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Халқаро миқиёсда ўзбек тилининг обрўси ошди. "Давлат тили ҳақида"ги қонун тилимизни илмий асосда ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшигини очди. Бунинг самарасида эса она тилимиз ўзининг бор гўзаллиги ва жозибасини намоён эта олди. Тил -  миллат қиёфасининг бир бўлаги. Уни гўзал ва мукаммал қилиб яратиш учун мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ, биринчи президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласи кун тартибига қўйилиб бу иш амалга оширилди.

Бугунги кунда мавжуд тилларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация сабаб, миллийлигидан ажралаётган кам сонли миллатларнинг тилидир. Шукурки, давлат арбоблари, олим ва ёзувчиларимиз, шоирларимиз саъй- ҳаракатлари сабаб бизнинг тилимиз бундай хавфдан йироқ. Тил фақатгина муомала воситаси эмас, балки халқнинг маданияти, тарихи, турмуш тарзи, урф одати ҳамдир. Маънавий бойлигимизни асраш йўлида кўплаб чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Алишер   Навоий номидаги тил ва адабиёт институтининг ташкил этилгани, ўзбек тили ҳақида яртилаётган илмий адабиётлар, қолаверса турли бадиий китобларни чоп эттиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани фикримизнинг яққол далилидир.

Тил халқни бирлаштиради, ўқитади, тарбиялайди, анъана ва урф-одатларини сақлайди. Шу боис ҳам ҳар биримиз уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор. Зеро биз бу тилда ёзилган, ҳамон севиб ўқилаётган жуда улкан маданий-адабий мерос эгаларимиз. Пойдеворимиз ҳам жуда мустаҳкам ва кучли.

Аммо бир нарса кишини чуқур мушоҳадага чорлайди. Кўча-кўйда дўкон, фирмаларнинг номлари, турли рекламалар диққатимизни тортади. Уларнинг кўпчилигида имло хатолари бисёр. Бунданда ачинарлиси ўз миллий маҳсулотларимиз четдан ўзлашган сўзлар билан номланаяпти. Нима тадбиркорларимиз ўз тақдим этаётган маҳсулотига ўзбекча ном қўйса, ҳаридор олмайдими, ёки номи жарангламай қўядими . Асло, ўзбек тилининг ҳеч бир тилдан қолишмайдиган жилоси, сеҳри бор. Бу тилда Алишер Навоию, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк боболаримиз дунё тан олган асарларни яратган. Нега биз ўзлашма сўзларни урчитишимиз керак. Нима учун нутқимизда улардан пала-партиш фойдаланишимиз керак. Келинг, азиз юртдош, мана шу камчиликларга барҳам бериб тилимизнинг бор қудратини намоён этайлик. Ахир бунинг учун барча имкониятлар яратилган.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир ўринбосари

 А.Ғаниев 

 

Read 3567 times

Мақолалар

Top