Мақолалар

Саҳобаи киромлар умматларнинг афзали

Имрон ибн Ҳусайндан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг энг яхшиси менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлари. Сўнгра улардан кейин келадиганлари.

(Имрон: «Билолмадим, у зот ўз асрларидан кейин икки асрни зикр қилдиларми ёки учни», деди.) Сўнгра сиздан кейин бир қавм бўлади. Гувоҳлик беришади, аммо улардан гувоҳлик сўралмайди. Хиёнат қилишади, шу боис уларга ишонилмайди. Назр қилишади, аммо вафо этишмайди ҳамда уларда семизлик пайдо бўлади», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат ўз умматларининг энг яхшиси, балки, инсоният тарихидаги барча умматларнинг энг яхшиси ҳақида хабар бермоқдалар. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари барча умматларнинг афзали экани ҳаммага маълум ва машҳурдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари ичидан энг яхшиларини улар яшаган асрлар бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга бўлиб, бирин-кетин зикр қилмоқдалар:

«Умматимнинг энг яхшиси менинг асримдагилардир». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асрлари энг яхши аср, яъни «саодат асри» эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бинобарин, ўша асрда яшаб ўтган мусулмонлар, яъни, саҳобаи киромлар нафақат мусулмон умматининг, балки барча умматларнинг энг яхшиси эканини ушбу ҳадисдан билиб оламиз. Саҳобаи киромлар ана шундай бахтга сазовор бўлишган. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатдошлари бўлиш, у зотнинг муборак юзларини кўриш, сўзларини эшитиш, Қуръони карим оятларининг нозил бўлиши ва бошқа кўплаб афзал ҳолатларнинг бевосита иштирокчилари бўлиш бахтига муяссар эди. «Сўнгра улардан кейин келадиганлари». Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асрларидан кейинги аср мусулмонлари у зот замонларидаги энг яхшилардан кейин, иккинчи ўринда турадиган яхшилардир. Булар тобеъинлар асри мусулмонларидир. Қайси мусулмон саҳобалардан бирорталарини ҳаётда кўрган бўлса, у тобеъин ҳисобланади. Ушбу ҳадиси шариф тобеъин розияллоҳу анҳумларнинг асри саҳобаи киромлар асридан кейинги бўлгани, уларнинг ўзлари эса, саҳобаи киромлардан кейинги энг яхши мусулмонлар эканларига далилдир. «Сўнгра улардан кейин келадиганлари». Бу учинчи асрдир. Бу асрда яшаган мусулмонлар тобеъинлардан кейин келган, саҳобаларни кўра олмаган мусулмонлар авлодидир. Улар «таба тобеъинлар» деб аталади. Ушбу учинчи асрдаги мусулмонлар авлоди ҳам соф Ислом таълимотлари асосида яшагани, уларда бузилишлар содир бўлмаганига ушбу ҳадиси шариф далилдир. (Имрон: «Билолмадим, у зот ўз асрларидан кейин икки асрни зикр қилдиларми ёки учни», деди). Ҳадис ровийи Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу шакка тушиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки асрни айтдиларми, уч асрни айтдиларми, англай олмаган экан. Омонат юзасидан ўзларида борини ривоят қилган эканлар. Аммо бошқа ривоятлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уч асрни айтганларини таъкидлайди. «Сўнгра сиздан кейин бир қавм бўлади». Тўртинчи асрга келиб, энг яхши асрлар силсиласига путур етиш бошланар экан. Яхшилигига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлик берган мазкур асрлардан кейин бошқача бир қавм пайдо бўлар экан. Ўша қавмнинг сифатларида қуйидаги қусурлар бор экан.

«Гувоҳлик беришади, аммо улардан гувоҳлик сўралмайди». Улар талаб қилинмаса ҳам гувоҳлик беришга ҳаракат қилишар экан. Бу эса тақво камлигининг аломатидир. Саҳобаи киромлар фақат талаб қилингандагина Аллоҳ таоло учун гувоҳлик беришган. Оқибати ўзлари ёки қариндошлари зиддига бўлса ҳам, тўғри гувоҳлик беришган. Гувоҳлик сўралмаса ҳам, гувоҳликка борадиганлар ғаразгўй бўлишлари турган гап. Кейинги асрларда кишиларда тақво ҳисси қолмагани учун шундай бўлишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиндан айтиб қўйган эканлар. Амалда шундай бўлди ҳам. «Хиёнат қилишади, шу боис уларга ишонилмайди». Ўша яхшилигига Пайғамбар алайҳиссалом гувоҳлик берган уч асрдан кейин келадиган асрлардаги кишилар омонатга хиёнат қиладиган бўлишади. Улар хиёнаткорликлари туфайли уларга ҳеч ким ишонмай қўяди. Саҳобаи киромлар хиёнат нималигини билмаган жамоа эди. Шунинг учун ҳатто душманлар ҳам уларга ишониб, омонатларини қўйган. Афсуски, кейинги авлодларда бу олиймақом хислат йўқолди. «Назр қилишади, аммо вафо этишмайди». Вафодорлик саҳобаи киромларнинг доимий хислатлари бўлган эди. Улар назрга ҳам, қасамга ҳам ва бошқа бажариш лозим бўлган ҳар қандай нарсага тўлиқ вафо қилишар эди. Кейинги авлодларда ушбу ажойиб хислатнинг ҳам йўқолгани бутун инсоният учун катта бахтсизликдир. «Ҳамда уларда семизлик зоҳир бўлади». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинги авлодларнинг тақводан узоқлашгани, бепарволиги, ҳавои нафсга, айшу ишратга берилганлари туфайли ораларида семириб кетиш иллати тарқалишига сабаб бўлганини ҳам таъкидлаб айтмоқдалар. Бу ҳам набавий мўъжизалардан бири. Ҳозирги кунда энг кўп ташвишга сабаб бўлаётган муаммолардан бири ортиқча семириб кетишдир. Саҳобаи киромлар бунга ўхшаш нуқсонлардан холи эдилар. Улар ёлғон гувоҳлик нима, хиёнат нима, аҳдга вафосизлик нима ва ортиқча семириш нима эканини мутлақо билишмаган. Биз ҳам у зотлардан ўрнак олишимиз керак.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти

М. Саиджалолова

Read 3424 times

Мақолалар

Top