Мақолалар

“Исломга назар ташланг… имон мукаммал бўлур”

Замона илми ва фанидан бебаҳра

миллат бошқаларга поймол бўлур”

 

Расулуллоҳ صلى الله علىه وسلم га энг катта мўжиза қилиб ўз каломи Қуръонни берган ва унда барча илмларни жамлаган Аллоҳ Таолога ҳамд санолар ва ҳар бир сўзлари бугунги кунгача мўжизакорлигини кўрсатиб келаётган Муҳаммад صلى الله علىه وسلمга салоту саломлар бўлсин.

Қуръони Каримнинг  мўжизакорлигини биз қанча ҳаракат қилмайлик барчасини идрок қила олмаймиз. Бунга сабаб бизнинг ақл чегарамизнинг чекланганлигидир.   Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафзан, ҳам маънан, ҳам аҳкому-ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Бу эса, Аллоҳ таолонинг қудрати нақадар буюк эканлигига далилдир.

Маълумки, Муҳаммад  صلى الله علىه وسلم Маккада ўсган , ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам эдилар. У ерда илмий-маърифат, мадраса ёки илмий муассаса деган нарса асло бўлмаган. Аммо, юқорида айтиб ўтилганидек, Қуръони Каримда инсонлар онгги ожиз қоладиган даражадаги илмий масалалар зикр қилинганлигида - Расули Акрам صلى الله علىه وسلم  нинг ҳақ дин элчиси, Бу башарнинг сўзи эмаслигига очиқ ойдин далил бордир. Қуръонда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, уларнинг сирини ўша вақтда ҳам, ундан кейинги вақтларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат илм-фан ниҳоятда тараққий этган бизнинг давримизга келиб, у нарсалар аён бўлмоқда.

Қуръоннинг балоғат, фасоҳат ва тилдаги эъжозини айтадиган бўлсак, араб тили уламолари хоҳ наҳв илми, хоҳ сарф илми, хоҳ баён илми, хоҳ бадиъ илми бўйича мутахасис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъи назар, Қуръони Каримга мурожаат қиладилар. Чунки, Қуръони Карим араб тилининг улкан мўжизаси ҳисобланади.

Ислом дининг иккинчи мўтабар манбаси бўлмиш ҳадисун набавий ҳам бугунги кунда ҳар соҳада ўзининг мўжизакорлигини кўрсатиб келмоқда. Айниқса, Расулуллоҳ صلى الله علىه وسلم нинг амалий суннатларини бажаришда медитсина жиҳатдан инсон саломатлигига жуда кўп фойдалари борлиги тасдиқланмоқда. Мисол қилиб айтадиган бўлсак:

Зайд ибн Холид رضى الله عنه ривоят қилади: “Набий  صلى الله علىه وسلم : “Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан олдин мисвок қилишга амр этар эдим”.

  • Мисрда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, новдаларнинг ишлатилиши нафақат тиш карашларидан тозалайди, балки уларнинг қолдиқлари (мисвокнинг) икки кундан сўнг ҳам бактериялардан тозалаб тураркан. Мисвок тортилган оғизни бир чайилса, бир турдаги бактериялар сони 75% га камаяр экан.

Мусулмонлар нафақат тозаликда, кийиниш, овқатланиш маданияти соҳасида  ҳам оврупаликларга ўрнак бўлишган. Биргина овқатланиш хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўнлаб  ҳадислар ворид бўлган. Бунга бир неча мисолларни далил қилишимиз мумкин:

  • У зоти бобарокот умматни кўп таом ейишдан қайтарганлар. Бунинг зарарлари ва оқибатларини бугунги кунда ҳозирги тиббиёт фани ҳам, одамлар ҳам яхши тушуниб қолишган.
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечқурун ётишдан олдин сув ва таом солинган идишлар устини ёпишни, синиқ, дарз, лаби учган идишларни ишлатммасликни буюрганлар.Ўша жойларда турли зарарли нарсалар (микроблар ) бўлишини ҳали Заррабин кашф этилмасдан аввал кўра билганлар. У зот овқат олдидан ва кейин қўл ювиш, овқатга  пуфламаслик, хотиржам ўтириб овқатланиш, таомни иссиғича истеъмол қилмасликка ҳам тарғиб қилганларки, буларнинг ҳаммасида ҳам ҳикмат бор. Бу нарсаларни бугунги медитсина тажрибаларга суяниб аста секин тасдиқламоқдалар, Аммо Аллоҳнинг элчиси бўлган Расули Акрам мўминларга буларнинг барини ХИВ аср аввал ўргатиб, сунат қилиб қолдириб кетганлар...

Бу эса барча соҳада мўмин мусулмонлар илг`ор бўлганликлари ва Аллоҳнинг Расули ҳақ дин элчиси эканлиги ва Қур`они Карим ожиз қолдирувчи, башардан бўлмаган улуг` Робнинг мўжизакор каломи эканлигига далолат қилади.

Албатта Бугунги кунда инсонлар аста секинлик билан хоҳ у медитсина соҳасида бўлсин, хоҳ астрономия ва бошқа соҳаларда бўлсин илмларни  кашф қилиб келмоқдалар, ваҳоланки ислом замона илмида вужудга келган ва келмаган илмларни ўша даврда очиб қўйди.Аллоҳ ўз каломида ва Набийсининг сўзида барча илмларни кўрсатиб қўйган. Буни англаш учун ақл эгалари бўлишлик кифоя қилади.

 

 Имом Бухорий номидаги Тошкент

Ислом институти 2 курс талабаси

Орифжонова Моҳирахон Исломиддин қизи

Read 3479 times

Мақолалар

Top