Мақолалар

Овоз ҳақидаги мўъжизани эшитганмисиз?

Қуръони Карим мўъжизаларга бой Китобдир. Қиёматга қадар ундаги ҳар бир оят билан боғлиқ мўъжизалар, ақлни лол қолдирувчи маълумотлар эълон қилинаверади. Ушбу мақолада Қуръони Каримдаги бир оят билан боғлиқ мўъжизавий жиҳатларни кўриб чиқамиз.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِن صَوْتِكَ إِنَّ أَنكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ

“Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир”. (Яъни, юришинг ўртача ва мақсадли бўлсин. Бекорчи сохта ҳаракатлар билан куч-қувватни исроф қилиб, кибру ҳаво билан ҳам юрма, жуда лапашанг бўлиб, судралма ҳам. Эшак бекордан-бекорга бор овози билан ҳанграб туради. Ҳеч бир сабабсиз баланд кўтарилган овознинг эшакникига ўхшатилишининг ўзи етарли. Оятда бу овоз энг ёмон эканлиги ҳам таъкидланмоқда.) (Луқмон сураси, 19-оят).

Ушбу ояти карима Луқмон сурасининг иккинчи ярмининг бошларида келган. Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, 34 оятдан иборатдир. Сурада Луқмон исмли солиҳ инсон ҳақида сўз юритилгани учун унинг номи Луқмон деб аталган. Маълумки, Луқмон ўз даврининг ҳанифларидан, яъни Аллоҳнинг ўзига ибодат қилган тавҳид аҳлларидан бўлиб, ширкдан узоқ турган киши эди. Шунингдек, у ҳикматли сўзлари, гўзал хулқлари ва насиҳатлари билан машҳурдир. Ушбу сурадан ақида асослари, гўзал хулққа тарғиб, борлиққа оид маълумотлар ва бошқа масалалар ўрин олган.  

Юқоридаги оятдаги “Овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир” жумласига эътибор берайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар хўрознинг қичқиришини эшитсангиз, Аллоҳдан фазлини сўранглар! Чунки у (ўша пайтда) фариштани кўрган бўлади. Агар эшакнинг ҳанграганини эшитсангиз, Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўранглар! Чунки у (ўша пайтда) шайтонни кўрган бўлади”. Бухорий, Муслим, Термизий ривоят қилишган.

Акустика (овозлар, турли товушларни ўрганадиган фан) олимлари шуни айтишадики, эшакнинг овози 100 децибелдан ортади. Инсон бу каби баланд овозга тез-тез рўбарў бўлса, унинг эшитиш қобилияти издан чиқиши мумкин. Бундан ташқари мазкур овоз унинг асаб тизимига ҳам ўта салбий таъсир этар экан.

Мазкур фан олимлари турли тўлқин узунлигидаги овозларнинг жадвалини, баланд овоз ёнида инсон қанча муддатдан ортиқ туриши мумкин эмаслигига оид вақтларни ишлаб чиқишган.

Агар овознинг баландлиги 45 децибелга етса, ундай овоз ёнида инсон тинч ухлолмайди.

Агар овознинг кучи 85 децибелга етса, қулоқларда оғриқ бошланади.

Агар овознинг кучи 90 децибелга етса, инсон бу овоз ёнида 8 соатдан ортиқ тура олмайди.

Бордию овознинг қуввати 100 децибелга кўтарилса, инсоннинг қулоқлари бу овозга зўрға 2 соат чидайди.

Агар овоздаги куч 110 децибелга етса, инсоннинг қулоғи бу овозга ярим соат чидайди.  

Аммо овоз 160 децибелга етса, инсон ўша онда эшитиш имкониятидан маҳрум бўлиб, кар бўлиб қолиши мумкин.

Эшакнинг овози 100 децибелдан ортиқ экан, демак, инсон унинг овозини кўп эшитиши қулоқ учун катта зарардир. Мана шу ўринда Қуръоннинг мўъжизаси кўринади.

Эшак овозининг инсонга салбий таъсири борлиги яқинда, акустика соҳасидаги олимлар томонидан аниқланди. Ваҳоланки, Қуръони Каримда бу масала бундан 1400 йил олдин айтиб қўйилган.

Овозни сабабсиз кўтариш инсонларга озор беради, ахлоқсизлик белгиси саналади. Овозни пастлатиш эса гўзал хулқ намунасидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бақироқ инсон эмасдилар. У зот алайҳиссалом паст овозда, лутф ва меҳрибонлик билан, инсонларнинг фойдасини кўзлаб гапирардилар.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатлари ҳақларида шундай деган:

     فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ

“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир”. (Аллоҳ таоло ушбу амр ила Пайғамбар алайҳиссаломни қалби кенгликда, мулойимликда – кишиларни атрофларида жамловчи олий сифатларда бардавом бўлишга чақириб, айблар ўтган бўлса ҳам, мусулмонларни афв этишга буюрмоқда.) (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Овозни паст қилиб гапириш тавозуъ белгисидир. Одамлар баланд овозда гапирувчиларни ёқтирмайдилар, ундай кимсалар ўзларининг бақироқ овозлари билан бошқаларнинг қулоғига, юрагига босим ўтказадилар.

Овозни паст қилиш бошқаларга нисбатан ҳурмат белгисидир. Овозни сабабсиз кўтариш эса бошқалар олдида ўзини мутакаббир тутишдир. Аллоҳ таоло ва Унинг Расули овозини сабабсиз баланд кўтариб, ҳамманинг дилига озор берувчи, қўпол, мутакаббир кимсаларни яхши кўрмайди.

Юриш ҳам ўртача бўлиши керак. Ўта тез ҳам, ўта секин ҳам бўлмаслиги мақсадга мувофиқдир. Сабабсиз тез юриш (бирор кишига ёрдам бериш, жамоат намозига етиб бориш, шифохонага етиб бориш каби зарурий ҳолатларда тез юриш бундан мустасно) шошқалоқлик, сабабсиз ўта секин юриш (кексалиги, оёғи оғригани каби узрли ҳолатларда секин юриш бундан мустасно) мутакаббирлик белгиси бўлади. 

Юқоридаги оятда гўзал хулққа тарғиб этиш билан бирга илм-фанга оид муҳим бир масалага ҳам ишора қилиб ўтилган.

Ҳа, азизлар! Акустика бўлими олимлари томонидан эшак овозининг қулоққа ва асаб тизимига салбий таъсири борлиги яқинда аниқланди. Қуръони Карим эса бу ҳақида бундан ўн тўрт аср олдин хабар бериб қўйган!

 

 

Доктор Зағлул Нажжорнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 5138 times

Мақолалар

Top