Мақолалар

Риё аралашган яхшиликда савоб йўқ

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сен: “Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга шубҳасиз, илоҳингиз битта “илоҳ” экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” дегин”.

 (Каҳф сураси-109-110-оятлар)

Кимнинг Парвардигор марҳаматидан умиди бўлса, солиҳ амал қилсин.

Зуннун айтади: “Эзгу амал бу – риёдан холи бўлган амалдир”.

 Абу Абдуллоҳ Курший шундай дейди: “Эзгу амалдан мурод ундан келадиган фойдага кўз тутмасдан у билан на савоб ва на жазо талаб қилмасликдир”.

 “Таъвилоту ан-нажмийя”да бундай дейилган: “эзгу амал бу зоҳиран ҳам, ботинан ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, у зотнинг йўлларидан юришдир”.

Хўжакўрсинга ибодат қилиш, бировлар “у яхши киши”, дейиши учун эзгулик қилишнинг савоби йўқ. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Оятда “Валаа юшрик” эмас, балки “Валаа юшрик би ибаадати Роббиҳи аҳада” дейилди. Чунки бу оятда Аллоҳ таолога ибодат қилишда бандалар мақтасин, деб амал қилишнинг хатарли экани ирода қилинган.

Ҳасан роҳимаҳуллоҳ: “Бу оят Аллоҳ унга ирода этган амал билан ширк қиладиганлар ҳақидадир”, деган.

Жундаб ибн Зуҳайр розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай деди: “Мен Аллоҳ розилиги учун амал қиламан. Агар бирор киши бу амалимдан хабар топиб, ошкор этса, бу иш мени хурсанд қиляпти”. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло унда шерик қилинган нарсани қабул қилмайди”, дедилар. Сўнгра ушбу оят Пайғамбар алайҳиссалом сўзларининг тасдиқлаган ҳолда нозил бўлди. Бошқа бир ривоятда эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сен учун икки ажр бор: сир бўлганининг ажри ва ошкор бўлганининг ажри”, деганлари ҳам келтирилади.

Бу ҳол ўша инсоннинг ниятига боғлиқ. Агар ширк ва риёдан сақланиш мақсадида амалини сир тутсаю, лекин, Аллоҳ уни ошкор этса, унга икки ажр бўлади. Аммо инсонлар уни мақташидан умид қилинган ишда савоб йўқдир.

Демак, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умиди бор банда дунё ҳаётидаги умрини ғанимат билиши, ақидада мустаҳкам бўлиб, холис Аллоҳ учун амал қилиши зарур. Аксинча, орзу ҳавасларга берилиб, синовлар келганда алданиб қолиб, ўткинчи мақтовлар қурбонига алданиб қолишининг оқибати хатарлидир.

 

 Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Read 3905 times

Мақолалар

Top