Мақолалар

Дўзах харом қилинган кишилар

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзахга харом кишини ёки унга дўзах харом бўлган кишини сизларга хабарини берайми? У (биродарига ҳожат вақтида) яқин турадиган, тавозуъли ва мулойим кишилардир”, дедилар. (Имом Термизий ривояти)

ШАРҲ:  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидан маълум бўладики, Аллоҳ таоло уч нафар инсонни дўзахга киритмас экан. Булардан биринчиси биродарига ҳожат вақтида яқин турадиган, яъни, бошқа бир мусулмоннинг бошига мусибат ёки ташвиш, синов ёки имтиҳон келганда, кимнидир ёрдамига мухтож бўлиб турган пайтда, унинг ҳожатини раво қиладиган, унга ёрдам қўлини чўзадиган, таскин ва тасалли берадиган кишидир. Ўзгаларнинг хожатини чиқариш бу Аллоҳ таолони рози қиладиган амаллардан бири бўлишлиги билан биргаликда банданинг дунё ва охират яхшиликларга етишлиги учун муҳим воситадир. Бошқа ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмон айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади”. (Имом Муслим ривояти)

Иккинчиси эса, тавозуъли яъни, камтар инсондир. Чунки  камтарлик  инсон учун зийнат бўлган хислатлардан биридир. Камтарлик бу - гунохларнинг боши бўлган, оқибати хатарли ва аянчли бўлган, Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган сифат ҳисобланган кибр ва манманликнинг аксидир. Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандаларини  васф қилиб: " Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида "салом" дейдиганлардир", (Фурқон,63)дея марҳамат қилган. Бошқа бир оятда эса Муҳаммад алаййиссаломга хитоб қилиб: "Ўзингизга эргашган мўмин кишилар учун қанотингизни паст тутинг. ( Яъни, уларга хуш хулқ билан камтарона муносабатда бўлинг)" (Шуаро,215) деган. Ушбу оятга эътибор қилсак, Аллоҳ таоло тавозеъ ва камтарликни қанотга ўхшатмоқда. Бу ҳам бежиз эмас албатта. қушларнинг парвоз этиши ва баланд марраларни забт этиши учун энг зарур восита уларнинг қаноти бўлса, инсон учун бу қанот тавозеъ ва камтарликдир.

Шунинг учун Росулуллоҳ (с.а.в.): " Садақа бериш билан мол дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ кечиримли банданинг иззатини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун тавозуълик бўлса, Аллоҳ у банданинг даражасини кўтаради", (Имом  Муслим ривояти) дедилар.

Учинчиси эса мулойим яъни, ҳалим киши. Албатта мулойимлик, Аллоҳ таоло яхши кўрадиган хислатдир. Росулуллоҳ (с.а.в.) Ашаж Абдулқайсга: "Сенда икки ҳислат бордир. Аллоҳ ўша икки ҳислатингни яхши кўради: 1) ҳалимлик. 2) Босиқлик", дедилар. (Имом Муслим ривояти) 

Оиша (р.а.) онамиздан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса Росулуллоҳ (с.а.в.): " Албатта, Аллоҳ мулойимдир. Ва мулойимликни яхши кўради. Ҳамда қўполлик ва бундан бошқа хислатларга бермайдиган савобни мулойимликка беради", дедилар. (Имом Муслим ривояти)

Мулойимлик инсон учун берилган яхшиликларнинг барчасини ўзида жамлаган, Пайғамбарлар ва муқарраб бандаларнинг хислатидир. Ҳилмга эга бўлиш жами яхшиликларга эга бўлиш бўлса, ундан махрум бўлиш эса, барча яхшиликлардан махрум бўлиш билан баробардир.  Бу ҳақда ҳам Набий (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: " Кимики мулойимликдан  маҳрум  қилинса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум қилинибди". (Имом  Муслим ривояти)

Албатта, юқорида зикр қилинган ҳислатлар билан безанмоқлик осон иш эмас. Чунки,  ўзгалар ҳожатини чиқариш, ҳар қандай ҳолатда ҳам тавозуъли бўлиш, қолаверса ўзгалар билан бўладиган муомалада мулойимлик ва босиқ  бўлиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Балки шунинг учун ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  Аллоҳ таоло бу ҳислатларни ўзига одат қилиб олган кишиларни жасадларини жаҳаннам азобига гирифтор қилмаслигини айтмоқдалар.

Демак, дўзах азобидан омонда бўлишни истаган ҳар қандай мўмин ушбу уч ҳислатга эга бўлмоқлиги лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу гўзал ҳислатлар билан безантирсин.

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Read 4498 times

Мақолалар

Top