Мақолалар

Мутойибада  мўътадиллик

Агар аҳамият берсангиз кўчада, уйда, ҳатто таълим даргоҳларида ҳам кўплаб одамлар бир-бирлари билан ҳазиллашиб туришганини кўришингиз мумкин. Айниқса, ёшлар бир-бирлири билан ҳар хил мавзуларда ҳазиллашиб, мазаҳ қилишади. Хўш, Ислом динида ҳазиллашишга қандай қаралади ва унинг чегараси борми?

Қуйида шу мавзуда сўз юритилади.

Ҳазил-кулгу Ислом динида кенг тарқалган. Бунга қавлий далиллар ва Пайғамбар (алайҳиссалом), ҳамда саҳобaи киромларнинг ҳаётида бўлиб ўтган ҳодисалар ҳужжат бўлади. Ҳаёт қийинчиликлари ва оғирликларини оз бўлса-да енгиллаштиришга инсоннинг фитрий табиати муҳтож бўлгани учун ҳам ҳазил-кулгуга рухсат этилган. Бу борада ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу): “Ноёб ҳикматли сўзлар билан қалбларингизга ором беринг. Чунки у ҳам баданингиз чарчагани каби чарчайди”, деганлар.

Вақтичоғлик ва кўнгилхушликнинг бундай тури киши манзилига саломат етиши учун уловини йўл-йўлакай дам олдириб боргани каби, нафсини ҳам бирор ишни доимо ва бардавом қилиш учун тетиклаштириб турадиган ва уни малолланишдан сақлайдиган воситадир.

Динимизда ҳазил-ҳузул, ўйин-кулгунинг мубоҳлиги борасида бирор шак-шубҳа йўқ, лекин бу ҳам ҳад-чегаралар ва маълум шартлар асосида бўлиши лозим. Уларни қуйида келтириб ўтамиз.

  1. Ҳазилга ёлғон аралашмаслиги лозим. Ҳазиллашиш вақтида ёлғондан жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Чунки Пайғамбар (алайҳиссалом): “Инсонларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган одамга вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин”, деб уч бор таъкидлаганлар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳазилларида ҳам фақатгина ҳақ гапни айтардилар.

  1. Агар ўзи рухсат бермаса, ҳазиллашиш бошқа бирор одамни тахқирлаш ва уни устидан кулиш бўлиб қолади. Шу сабаб ҳазиллашиш бу каби ҳолатлардан холи бўлиши лозим. Саҳиҳ ҳадиси шарифда “Киши мусулмон биродарини тахқирлаши унинг ёмонлигига кифоя қилади” дедилар.
  2. Бошқа одамни қўрқитиб ёки чўчитиб ҳам ҳазиллашиш жоиз эмас.

Нўмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Биз Пайғамбар (алайҳиссалом) билан бирга юрган эдик. Бир одам улови устида мудрай бошлади. Шунда бошқа бир одам ўқдонидан ўқ олиб уни уйғотди. Ҳалиги одам уйғонганида, ўқни кўриб чўчиб кетди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Кишига мусулмон одамни чўчитиши ҳалол эмас”, дедилар. Ҳадиснинг маъносидан ўқ билан чўчитган одам ҳазиллашиб бу ишни қилганини тушунамиз.

Бошқа бир ҳадисда ҳам Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Сизлардан бирортангиз биродарининг нарсасини ўйнаб ёки жиддий бўлиб ҳам олмасин”, деганлар. Бу ҳадисдан ҳам киши биродарининг нарсасини ҳазиллашиб бўлса ҳам олиб қўйиш билан уни қўрқитиши мумкин эмаслигини биламиз.

  1. Жиддий ўринларда, ҳазиллашмаслик ва йиғлаш керак бўлган жойларда кулмаслик лозим. Чунки ҳар бир нарсанинг ўз ўрни бўлади. Ҳар бир гапнинг ўрни бор, ҳар бир жойнинг гапи бор деганлари ҳам шундан. Ҳикмат дегани ҳам ҳар қандай нарсани ўз ўрнига қўя олишдир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам ҳадисларда: “Уч нарса борки, унинг ҳазили жиддий, жиддийси ҳам жиддийдир. Улар никоҳ, талоқ ва қул озод қилиш”, деганлар. Қуръони каримда ҳам Аллоҳ таоло мушрикларни Қуръон оятларини эшитган пайтда кулганлари учун уларни айблаб: “Бу сўздан сизлар ажабланасизларми ва куласизлар-у йиғламайсизларми? Ҳолбуки, сизлар бепарвосизлар”, дея марҳамат қилган.
  2. Ҳазил ақл қабул қиладиган ва соғлом табиат рози бўладиган, жамият ҳам ижобий қаршилайдиган бўлиши, шу билан бирга Аллоҳ ва одамларнинг ҳуқуқларини поймол қилмаслиги шарт.

Ислом дини ҳар бир нарсада, ҳатто ибодатда ҳам исроф ва ҳаддан ошишдан қайтарганидай, қандай қилиб ҳазилда ҳаддан ошишдан қайтармасин?! Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг “Кўп кулманг. Зеро, кўп кулиш қалбни қорайтиради”, деган сўзларидан ҳам ўйин-кулгунинг маълум чегарадан ошмаслиги кераклигини тушуниш мумкин. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу): “Гапингизга овқатингизга туз қўшганингиз миқдорича ҳазил гапларни ҳам қўшинг”, деган ҳикматли гапларидан биз ҳазилдан бутунлай юз ўгирмаслик ёки умуман ҳазилга берилиб ҳам кетмаслигимиз лозимлигини биламиз.

Ишларнинг яхшиси ўртачасидир. Бу эса Ислом динининг мукаммал йўли ва бошқалардан афзал тарафидир.

 

Олий маъҳад ўқитувчиси

Шерзод Чўлпонов тайёрлади.

Read 3483 times

Мақолалар

Top