Мақолалар

Оз ейиш

“Мўмин бир ичаги тўлгунча овқат ейди, кофир етти ичаги тўлгунча ейди” (“Рамуз ал-аҳодис”, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу). Бу ҳадиси шариф ҳасан ҳадис бўлиб, унинг юзага келишига кўп овқат ейиши билан шуҳрат қозонган бир киши сабаб бўлган, деб ривоят қиладилар. У вақти келиб мусулмон бўлгач, оз емак билан кифояланадиган бўлган экан.

Мўмин кишининг сифатларидан яна бири унинг қаноаткорлиги ва оз емак билан тўйишидир. Чунки у овқат ейишни “Бисмиллоҳ” билан – Аллоҳ таолонинг исмини айтиш билан бошлайди. Имон соҳиблари меъдаларини тўлдирмайдилар, кўп ейишга ҳирс ҳам қўймайдилар. Фақатгина тоат-ибодатларини бажаришга қувват оладиган даражада овқатланадилар, холос. Турфа хил емишлар ва шарбатларга илтифот этмайдилар. Зотан, мўмин кишига ярашадиган иш ҳам шудир. Кофир эса, хирсининг шиддатидан еб тўймайди, тўйса-да қўймайди. Чунки у нафсига асир.

Ҳадисдаги етти рақами кўпликни билдиради. Мўмин ки¬ши эҳтиёж юзасидан, тоат-ибодатга қувват бўлиши учун еб-ичади. Мункир эса шаҳватининг асири бўлиб ейди-ю тўймайди. Мўмин киши емакка ҳирси йўқлигидан ва танаввулни “Бисмиллоҳ” билан бошлаганидан, таом барокатли бўлади, унга барака киради ва у оз луқма билан қаноатланади. Ҳадисдаги етти рақами орқали тамаъкорлик, табъи бад, ҳасад, семириш, овқатдан лаззатланиш, нафс, кўз, оғиз ҳирслари ва шаҳват каби сифатлар назарда тутилганлиги эҳтимолдир.

Меъёридан жуда кўп овқат ейиш инсонга хос фазилат эмас, балки ҳайвонга хос хусусиятдир. Саййидимиз бўлмиш ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам оз овқат билан қаноатланиш борасида бундай ўгит берганлар: “Меъдани учдан бирини овқат, учдан бирини сув, қолган учдан бирини нафас олиш учун бўш қолдир”.

Қалбида имон ҳаловатини топаман, деган киши эса ҳар бир масалада андозани Китоб ва Суннатдан олиб, Аллоҳнинг ризоси учун амал қилади. Аллоҳ ҳаммамизга ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган йўлдан юришни насиб этсин.

 

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг

“Мўминнинг сифатлари” китобидан

Read 3553 times

Мақолалар

Top