Мақолалар

Кимнинг устидан куляпсиз?!

Бировни масхара қилиб, устидан кулиш динимизда жуда оғир гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларини турлича кўринишли, рангли, бўйли қилиб яратган. Баъзиларни эса бошқаларга ибрат бўлишлари, соғлом кишиларни шукрга ундашлари учун айрим тана аъзоларини нуқсонли қилиб қўйган. Ана шундай кишилардан ибрат олиб, ўзининг танаси соғ эканига шукр қилиш ўрнига уларнинг нуқсонини тилга олиб, мазах қилиб, камситишга уриниш шариатимизда қаттиқ қораланган. Минг афсуски, бу каби мазах қилувчи кимсалар жамиятимизда учраб туради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَيْلٌ لِّكُلِّ هُمَزَةٍ لُّمَزَةٍ

“Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига “вайл” бўлсин” (Ҳумаза сураси, 1-оят).

Оятдаги “вайл” сўзи борасида уламолар турли фикрларни айтишган. Баъзилар бунинг маъноси “ҳолига вой” деганидир, дейишган бўлса, баъзилар бу сўз “дўзахдаги вайл номли азоб водийси” деганидир, дейишган. Икки маънога кўра ҳам ундай кимсалар охиратда оғир азобга дучор бўлар эканлар.

Кўчада юрганимизда ёки бирор йиғинда ўтирганимизда, баъзи одамлар Аллоҳдан қўрқмасдан бошқаларни ғийбат қилиб, обрўсини тўкишга уриниб, улардаги нуқсонларни истеҳзо билан тилга оладилар. Қулоғимизга тез-тез «Ие, манавининг бурни пучуқ эканми», «Бўйни қара, найнов экан», «Мана бу одам пакана экан» каби юракни оғритадиган сўзлар чалиниб қолади. Улар бу гаплари билан ўша инсонларнинг қалбини парчалаётганларини тасаввур ҳам қилишмайди.

Ҳой, одамларнинг устидан кулувчилар!

Тўхтанг!

Кимнинг устидан куляпсиз?!

Махлуқнинг устиданми ёки Холиқнинг устиданми?!

Ўша сиз устидан кулаётган инсонни ҳам Аллоҳ таоло яратгани эсингиздами?! Агар унутган бўлсангиз, эслаб олинг!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

اللَّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ

Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратгувчисидир. Ва У ҳар бир нарсага вакилдир (Зумар сураси, 62-оят).

Бу оятни ўқигач, нималар қилиб қўйганингизни ҳис қилишга урининг! Дарров хатоларингизга йиғланг! Ўша ўзингиз камситган дили ўксик инсонлардан узр сўранг! Розиликларини олинг! Хизматларини қилинг! Кўнгилларини кўтаринг! Бошқаларни ҳам бу каби хатолардан сақланишга унданг!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

 

 Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Read 8162 times

Мақолалар

Top