Мақолалар

Аёл ва истиғфор

Бир аёл ўз бошидан кечирганини шундай ҳикоя қилади: “Эрим вафот этди. Ўшанда мен ўттиз ёш эдим. Бешта фарзанд билан қолдим. Дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Йиғлайвериб кўзларим шишиб кетар, умидсизликка тушиб қолардим. Ғам-аламлар атрофимни ўраб олган эди. Фарзандларим ҳали кичик, бизни таъминлаб турадиган одам йўқ, эримдан қолган пулларни тежаб ишлатардим.

Бир куни хонамда ўтирганимда радиони ёқдим. “Қуръони Карим” номли эшиттириш берилаётган экан. Унда бир олим “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ унга ҳар қандай ғамдан чиқиш йўлини, ҳар қандай торликдан кенгликка ўтиш чорасини кўрсатиб қўяди” деганлар” деб мавъиза қилди. Ўшандан кейин истиғфорга астойдил берилдим. Болаларимга ҳам уни ўргатиб қўйиб, кўп айтишларини тайинладим.

Орадан олти ой ўтгач, уйимизга қадимий буюмларга пул берилиши ҳақида хабар келди. Биз ҳам шу лойиҳада иштирок этиб, ўзимиздаги эски буюмларни олиб борсак, уларни миллион жунайҳларга олиб қолишди. Катта ўғлим минтақадаги олийгоҳга ўқишга кирди. Қуръонни ёд олди. Кейинчалик иши ўнгланиб, одамларга кўмак берадиган инсонлардан бирига айланди. Шундай қилиб, уйимиз яхшиликларга тўлди. Тинч, хотиржам яшай бошладик. Аллоҳ таоло барча фарзандларимни ислоҳ қилди. Ҳаммалари яхши инсонлар бўлиб вояга етишди. Ўзимдан ғам, қайғу, изтироблар ариди. Ҳа, албатта, буларнинг барчаси истиғфорнинг ажойиботларидан эди”.

Ҳа, азизлар, кўплаб инсонлар истиғфорнинг фойдасидан бехабардирлар. У ғамларни аритувчи, машаққатларни кетказувчи, ризқнинг кенгайишига сабаб бўлувчи катта омиллардан биридир.

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3201 times

Мақолалар

Top