Мақолалар

Ота оила устуни

Отанинг фарзандга меҳри муҳаббати чексиздир. Дунёга келганимизда энг кўп хурсанд бўлган зот. Қалби бизга бўлган муҳаббат билан тўлиб тошган азизимиз, бахтимизни ўз бахтидан устун деб билган инсон – отадир. Фарзанд отанинг бир қисми, бўлиб суратда ва хулқ атворда унга ўхшайди. Шунинг учун ота фарзанди тарбиясига диққат қилади. Ўзи истаган фазлу камолни фарзандига беришга, уни ўзидан ҳам кўра мукаммал қилиб етиштиришга ғайрат қилади. Бу мақсади йўлида ҳар қандай машаққатга бардош беради. “Тарбия қилган отасига раҳмат!”, деган олқишни эшитишни, фарзанди орқали наслининг давом этишини орзу қилади.

Манашундай улуғ зот Оталаримизга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг розилигини олишҳар бир фарзанднинг зиммасидаги масъулият ҳисобланади.

Аллоҳ таоло қуръони каримнинг “Аҳқоф” сураси 15-оятида шундай марҳамат қилади:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا…

Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик…

Аллоҳга осий бўлмайдиган ҳар бир ишда отага итоат қилинади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бизни оталаримиз хақларида огоҳлантириб шундай дедилар.

عن عبد الله بن عمروأن النبي قال:

رِضَى الرَّبِّ فِي رِضَى الْوَالِدِ وَسَخَطُ الرَّبِّ فِي سَخَطِ الْوَالِد

[رواه الترمذي وصححه ابن حبان]

Абдуллоҳ бин Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий алайҳи салом дедилар: “Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида, Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”.

Мазкур ҳадис бизга огоҳланишимиз учун чиройли насиҳатдир. Оталаримиз биздан рози бўлар эканлар бу розилик албатта бизни Роббимизнинг розилигига олиб боради. Отасини розлигини топиб Аллоҳнинг розилигини топган инсонга дунёда ўзлари лойиқ бўлган мукаммал саодатли ҳаёт, охиратада эса абадий жаннатбўлади.

Кимки отасининг дилини оғритиб, уларни ранжитса, гарчи улар норозиман, сендан ғазабландим деб айтмасалар ҳам  бундай дил оғритишАллоҳнинг ғазабига сабабчи бўлади. Ҳамда бундай дилозор фарзандга дунёда ўз фарзандлари тимсолида жазо берилиб, ҳаёти қийноқ ва азобда ўтади. Отасининг ғазаби сабабидан Роббиси ғазабига йўлиқган фарзандга дунё ҳаётида ҳеч қандай яхшилик йўқ. Бундай фарзанд қилмишининг жазосини тезда топади, охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлади.

Отамизга қиладиган яхшилигимизни, уларга бўладиган икромимизнинг натижасини Аллоҳ бизга наслимиздан чиқадиган фарзандларимиз воситасида кўрсатади.

Ота фарзандини дунё оловидан қанчалик ҳимоя қилса, охират оловидан ундан-да кўпроқ ҳимоя қилмоғи керак. Одоб тарбия воситасида яхши хулқларни ўргатиш, ёмонликлардан қайтариш, тўкин сочинликларга одатлантирмаслик, зийнатга муҳаббат уйғотмаслик билан ота фарзандини охират оловидан асрайди. Аксинча бола дунё талабида улғайса, нафсига қарши кураша олмаса, ҳалокатга юз тутади.

Қуръони каримда кўрсатилган қиссалардан айримларига мурожаат қиладиган бўлсак, Иброҳим алайҳиссалом ва оталари Озар ўртасидаги воқеани айнан ибрат сифатида олишимиз мумкин бўлади.

Марям” сурасининг 41-45 оятларида Иброҳим алайҳиссалом:“Эй отажон, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сизга бирон фойда бераолмайдиган нарсага ибодат қиласиз? Эй отажон, албатта, сизга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргашинг, сизни тўғри йўлга бошлайман. Эй отажон, шайтонга ибодат қилманг. Албатта, шайтон Раҳмонга осий бўлгандур. Эй отажон, албатта, мен сизни Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингиздан қўрқаман” деган эди.

Иброҳим алайҳиссаломнинг бутларни ясовчи оталари билан қилган суҳбатларидан бир қисса. Ота ким бўлса ҳам фарзанд учун ўрни йўқолмайди. Улар ҳамма вақт Аллоҳ ўлчаб берган хақларига, бизнинг чиройли муомаламизга ҳақлидир.

Халилуллоҳнинг оталарига бўлганмурожатларини қаранг: ЭЙ, ОТАЖОН! Ваҳоланки оталари Озар Аллоҳга ширк келтирган инсон эди. Иброҳим алаҳиссалом оталарига ибодатда эргашмадилар лекин бу нарса у зотни оталарига бўлган икромларини ва илтифотларини камайтирмади. Аллоҳ бу қиссада баён қилинган суҳбатни қиёматгача келадиган уммат учун ибрат ўлароқ Ўз Каломида келтирди.

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарига қилган муомалаларининг мукофотини Аллоҳ таоло Соффат сурасининг 102-оятида шундай баён қилади:

فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرَى قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّابِرِينَ (102)الصافات

 Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: “Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан?” деди. У: “Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсан”, деди.

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарига қилган гўзал муомалалари учун Аллоҳ таоло томонидан Исмоил алайҳиссалом орқали берилган туҳфа эди. Энди ким фарзандларидан яхши муомалани кутса аввал отаси билан бўладиган суҳбатни чиройли қилиб, бу даъвога лойиқ бўлсин.    

Илҳомжон Элмуродов
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги мутахассиси

Манба: http://vakillik.uz

Read 12843 times

Мақолалар

Top