Мақолалар

Турмуш ўртоғингиздан шикоятингиз бор-ми?

Араб диёрларидан бирида қози бўлиб ишлайдиган киши ҳикоя қилади.

Кунларнинг бирида олдимга эри билан ажрашмоқчи бўлган аёл келди. Ундан: “Нима сабабдан эрингиз билан ажрашмоқчисиз?” деб сўрадим.

У: “Ҳозир, ҳаммасини айтиб бераман”, деди ҳаяжонланиб.

“Жуда яхши. Унда вараққа эрингизнинг салбий сифатларини ёзинг!” дедим.

Аёл бироз ўйланиб туриб, вароққа қуйидагиларни ёзди:

  1. Эрим мени ҳақорат қилади.
  2. Эрим жуда ҳам зиқна. Истаган нарсамни сотиб олишимга пул бермайди.

Унинг сўзларини тинглагач: “Ажрашишингизга шуми сабаб?” дедим.

Аёл: “Қандай қилиб бундай эр билан яшаш мумкин”, деди аччиқланиб.

Мен: “Энди бу қоғозга эрингизнинг ижобий сифатларини ёзинг!” дедим.

Аёл бироз уйланиб туриб: “Эримда бирорта ижобий сифат топа олмадим” деди-да, қоғозни қайтариб берди.

Мен ҳайрон бўлиб: “Наҳотки, оила қурганингизга қанча бўлди?” деб сўрадим.

У: “Ўн икки йил. Тўртта фарзандимиз ҳам бор”, деб жавоб берди.

“Эрингиз қаерда ишлайди?” дедим.

Аёл: “Нуфузли ташкилотда ишлайди. Маоши ҳам анчагина”, деди.

Ундан яна: “Одатда эрингиз уйга қачон қайтади?” деб сўрадим.

У: “Ҳамиша аср намозидан кейин қайтади. Келиши билан болаларим билан уйнайди”, деди.

Аёлнинг қўлига оқ қоғозни бериб, “Биринчи ижобий сифатни ёз”, дедим. У: “Эрим ҳар куни ишдан қайтгандан сўнг фарзандларим билан уйнайди”, деб ёзди. Сўнгра унинг сўзларидан улар ҳар йили бирор жойга дам олишга боришларини ҳам билдим. Ундан бирин-кетин бошқа саволларни сўрадим. У саволларимга жавоб берар ва эридан ижобий сифат деб топган ишларимни қоғозга туширар эди. Бир зумда вароқдаги ижобий сифатлар 12 тага етди.

Ижобий сифатлар ёзилган вароқни аёлнинг ўнг қўлига, салбий сифатлар ёзилган вароқни эса чап қўлига тутқазиб: “Энди эрингиздан ажрашасизми?” дедим.

Аёл бўлаётган ишдан ҳайрон бўлиб: “Нима дейишимни ҳам билмай қолдим. Аллоҳ гуноҳларимни кечирсин. Лекин ҳақоратлайдиган ва бахиллик қиладиган эр билан қандай ҳаёт кечириш мумкин? деди.

“Эрингиз сизни ҳақорат қилиши ёки сизга нисбатан бахиллик ила муомалада бўлишини ҳаргиз оқламайман. Бироқ, ҳар бир инсонда салбий сифатлар билан бирга ижобий сифатлар ҳам бўлади. Энди ҳақоратлаши ва бахиллигига келадиган бўлсак, уни муолажасини қилса бўлади. Аммо шуни аниқ билинг-ки, бу салбий сифатларнинг давоси ажрашиш эмас”.

Аёл қозининг сўзи тинглагач: “Менга эртагача вақт беринг, уйлаб кўрай, кейин жавобимни айтаман”, деб маҳкамадан чиқиб кетди. Шундан сўнг аёл қозининг олдига бошқа қайтиб келмади...

 

Доктор Ҳассон Шамси Бошанинг “Эр-хотин иккисига айтиладиган насиҳатлар” китобидан

Абдушукур МУРАДОВ таржимаси

Read 3761 times

Мақолалар

Top