Мақолалар

Сохта табиблардан огоҳ бўлинг!

Инсон ҳаёти давомида гоҳ оғир, гоҳ енгил дардларга чалиниб туриши табиий. Касалликнинг турлари жуда кўп, ҳар бир дардга муносиб дору дармонлари мавжуд экани қадимдан исботланган. Бу ҳақда жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки:
“Эй Аллоҳнинг бандалари, хаста бўлсангиз даволанинг! Чунки Аллоҳ таоло кексаликдан бошқа барча касалликларга муносиб даволар ҳам яратган” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган).
Яна бир ҳадиси шарифда жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берадилар:
“Ҳар бир касалликнинг ўзига яраша давоси ҳам бор. Агар ўша даво топилса, Аллоҳ таолонинг изни билан бемор албатта шифо топади” (Имом Муслим ривоят қилган).
Демак, ҳар бир дарднинг давоси мавжуд. Лекин бу даволарни яхши ўрганиб, ўз ўрнида оқилона ишлата билиш муҳим.
Ўтган асрлар мобайнида тиббиёт фани кўпдан-кўп кашфиётлар билан бойиди ва равнақ топди. Айниқса, бизнинг замонимизда бу кашфиёт ва илму фан ютуқлари асосида даволаниш ишлари жуда яхши йўлга қўйилди.
Афсуски, тиб илми тараққиёт чўққиларига эришиб келаётган ушбу замонимизда тиббиёт ўқув юртларида ўқиб, мутахассисликка эришган шифокорларга эмас, балки сохта табибларга мурожаат қилувчи ёки ҳар хил табаррук деб аталган қадамжоларни зиёрат қилиб, улардан шифо умид қилувчилар аҳоли ўртасида ҳамон учраб турибди. Ваҳоланки, Ислом дини таълимотида ихтисоссиз, сохта даволовчилар шаънига бир қатор қаттиқ огоҳлантиришлар мавжуд.
Муҳаддислардан Ибн Можа ривоятлари ила ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки:
“Кимки тиб илмидан бехабар бўлатуриб табиблик даъвоси ила бирор беморни даволашга киришса ва бемор унинг муолажаси сабабли ўлса ёки бирор зарар топса, ундай “табиб” Аллоҳ таоло олдида зомин ва гуноҳкор ҳисобланур”.
Демак, аҳоли ўртасида ғайри расмий равишда иш кўраётган сохта табиблар содда кишиларни лақиллатиб, ўз манфаатлари йўлида, осонликча бойлик орттириш мақсадида улардан фойдаланиб келишлари шариати исломия аҳкомларига мутлақо хилоф ва бу ишлари билан улар гуноҳкори азим бўладилар. Уларга ихлос қилиб бирор хасталикдан шифо топмоқ мақсадида мурожаат этиш эса гумроҳликдир.
Кейинги вақтларда шаҳару қишлоқларда, айниқса, мусулмон аҳолиси ўртасида касалликларнинг барча турларини “даволашни” даъво қилувчи ажабтовур табиблар сони кўпайиб бораётгани маълум бўлмоқда. Ушбу сохта даволовчиларнинг ўзаро тил бириктиришиб олган ёлланма кишилари бўлиб, улар халққа уларни мақтаб қўллари енгиллиги, кўплаб беморлар улардан шифо топаётгани, ҳатто профессорлар, катта докторлар ҳам тузата олмаган касалликларни улар “тузатиб юборганликлари” тўғрисида шов-шув гаплар тарқатиб таърифу тавсифларини авжига чиқарадилар.
Гўё бу “шифокор”лар дастлаб ўзлари оғир касал бўлишган, қандайдир деву парилардан муаккаллар келиб, уларни “даволаган”, сўнгра бошқаларни “даволаш” вазифасини уларнинг зиммасига юклаб кетган эмиш. Касалларга улар нималарнидир ўқиб, мозорларга атаб қўй, эчки ёки товуқларни сўйишга буюрадилар. Беморлар эса шифо топиш умидида уларга қатнаб, қўлларидан келган хайру эҳсон ва назру ниёзларини улардан аямасдан сарф қиладилар.
Аҳолига ҳам моддий ҳам маънавий зарар етказиб келаётган бундай сохта даволовчиларнинг кирдикорлари фош қилиниб, уларнинг илмий асоссиз муолажалари оқибатида касалликлари оғирлашган беморлар тўғрисида маҳаллий матбуотларда мақолалар ҳам босилган.
Сохта табибларга ишониб, касалликни ўз вақтида мутахассис врачларга кўрсатмасдан, аҳволи оғирлашиб қолаётган ёки баъзида сохта дорилар қурбони бўлаётганлар ҳам бор. Улардан ибрат олиб, кўзни каттароқ очмоқ ва сохта даволовчиларнинг хийлаю найрангларидан доимо эҳтиёт бўлиб юрмоқлик ҳар бир ақлу идрок соҳибининг муҳим вазифасидир.

Маълумки, сохта табиблар шахсий манфаатлари йўлида билиб-билмасдан ҳар қандай касалликни “даволаш”га журъат этаверар эканлар, улар инсон тақдири ҳақида, ўзларининг бундай “табобатлари” қандай мудҳиш оқибатларга олиб келиши ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Уларга қатновчи “ихлосманд”ларнинг кўпчилигини содда кишиларни ташкил этади. Бундай кишиларда эса шундай оғир одат ҳукмронки, мабода касалнинг аҳволи салгина яхшиланса, табибга бўлган ихлос-эътиқодлари яна кучая боради. Дарҳол ўша “табиб”нинг “қўли енгил”лиги ҳақида лоф ура бошлайдилар.
Аслида сохта табиблар аҳоли бирмунча авом бўлган эски замонларда кўп бўлган ва ўшалар ҳам ўз даври олиму орифларининг жиддий танқидига учраб, ҳатто халқ улар ҳақида ҳажвий латифалар ҳам тўқиган. Ўша латифалардан бирида айтиладики, “Бир табиб ҳар доим қабристон ёнидан юзини яшириб ўтар экан. Ундан нега бундай қилишининг сабабини сўрашганида “Бу қабрда ётганларнинг кўпини мен “даволаганман”, ўшалардан уяламан”, деб жавоб берган экан”.
Мамлакатимиз аҳолисининг деярли юз фоизи саводхон бўлган, фан-техника, хусусан, тиббиёт илми ривож топган паллада бундай хурофотчиларнинг сони кўпайиб, ошиғи олчи бўлиб бораётганини ҳеч ақлга сиғдириб бўлмайди.
Табибга қатновчиларни кузатсангиз, ҳар доим бир хил манзарага гувоҳ бўласиз: Унинг қабулига дастлабки кун борган мижозлар, айниқса, аёллар сўраган-сўрамаганга табибнинг билимдонлигини, берган дорилари ичгани заҳоти таъсир қилиб, аҳволи яхши бўлиб қолганини айтиб беравериб, ҳаммани безор қилади. Орадан уч-тўрт кун ўтгандан кейин қарасангиз, ўша “моҳир” табибини қарғаб юрган бўлади. Лекин бу орада “табиб” ундан хийлагина нарса ундириб олган бўлади.
Ҳақ таолога шукрки, бизнинг диёримиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда даволаниш муассасалари, шифохоналар мавжуд. Улар тиббиётнинг барча тармоқлари бўйича мутахассислар ила таъмин этилган.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир киши сохта табибларнинг ҳийла ва найрангларидан огоҳ бўлиши даркор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими

Read 3847 times

Мақолалар

Top