Мақолалар

Келинларга ўгитлар

 Ҳар бир амал ниятга боғлиқ бўлади. Келин бўлиш бўсағасида турган қизларимизга ўгитларимиз бор.

Сиз ота-онангизни хонадонидан бошқа бир хонадонга келинлик либосида кириб борар экансиз, остонаданоқ ниятни гўзал қилинг. ”Аллоҳим, ҳақиқий уйимнинг эгалари қалбимдан жой олишсин. Мендан хурсанд бўлиб, ҳар ишимдан миннатдор бўлишсин”,- деб ният қилинг ва шу ниятга яраша ўзингиз ҳам харакатда бўлинг.

Аввало қаноатли бўлинг, чеҳрангиз очиқ, сўзлаганда мулойим бўлинг. Ҳар бир ҳолатингизга шукр қилинг. Шуни эсдан чиқармангки, бундан ёмони ҳам бўлиши мумкин. Зеро, бахтли ҳаёт кечирмоқнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқликдир.

Келин ҳеч қачон насаби-ю, бойлиги, гўзаллиги билан мағрурланмаслиги, оилада бўладиган нохуш гап-сўзларни ота-онасига етказавермаслиги керак. Бу билан аввало ота-онасини ташвишга солса, бошқа томондан икки қуда орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади.

Аёл эрига итоатли бўлиши лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай деганлар: “Хотинларнинг энг яхшиси қараганингда кўзингни қувонтирадиган, буюрганингда итоат этадиган, йўқлигингда иффатини ҳамда молингни сен учун асраган аёлдир” (Ибн Аби Ҳотим ривояти).

Эрининг қариндоши ва яқинларини ҳурмат қилган аёл албатта эрининг эътиборини қозонади.

Кейинги вақтларда келинларимиз орасида “Аёл эрининг розилигига етишса бўлди, бошқаларнинг хизматини қилиш шарт эмас”, деб йўл тутаётган ёшларимизнинг ҳам борлиги ачинарли ҳолдир

 Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар”.

“Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала cураси 7-8 оятлар).

Иккита ака-ука маҳалладаги деворлари нураб, томидан чакка ўтиб ётган бир хонадонни таъмирлаб, кексаларнинг дуосига мушарраф бўлишди. Бу саховатли инсонларнинг онаси бир вақтлар қайнонаси оғир хаста бўлганида оқ ювиб, оқ тараган, пиёладаги чойини меҳр билан узатган келинлардан эди. Қайнонаси: “Фарзандларингизни роҳатини кўринг” деб,  кўп дуо қилар эдилар. Ҳозирги вақтда шу келиннинг ҳам икки келини бўлиб, қайнонасининг хизматида. Қайнонасининг дуоси ўтиб, иккала ўғил ҳам инсонларга фойдаси тегадиган саховатпеша инсонлар бўлиб етишган.

“Қайтар дунё” деб бежизга айтишмаган. Бугун сиз қайнота ва қайнонангизни кўнглини олиб, дуода юрибсизми, иншааллоҳ фарзандларингиз сизни ҳам роҳатга қўяди. Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисларида:  “Ёшларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлмаган, кексалар ҳаққини ва ҳурматини риоя қилмаганлар бизлардан эмас” - деб марҳамат қилган эканлар.

Яхши амалларни ўзи қилиб, бошқаларга ўргатишлик - улуғ устозлик. Аллоҳ таоло ҳар бир қайнонага яхши устоз бўлишни, ҳар бир келинга келгусида яхши қайнона бўлишни насиб этсин. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

 

 

Read 4219 times

Мақолалар

Top