Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Кеча қўшним очликдан ўлди. Унинг таъзиясида бир неча қўй сўйдилар”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Юсуф алайҳиссалом қиссасини яхши кўраман. У туш билан бошланиб, ўша тушнинг рўёбга чиқиши билан тугайди. Ё Роббим! Одамлар менинг орзуларимнинг амалга ошиши амри маҳол дейишяпти. Мен эса “Албатта, Сен ҳар нарсага қодирсан!” дейман.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Денгизнинг гўзаллиги унинг сувини ичиб кўрганингда кетганидек, қабиҳликлар манфаатлар тугаганда кўринади.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Афсуски, кўчалар одамларнинг гўзал ахлоқидан бўшаб қолди. Аксинча, кўплаб одамларнинг ўзи кўча ахлоқи билан хулқлана бошлади.

 “Ҳикмат дурдоналари”

*****

Дунёнинг ҳамма ёқимли нарсаларини тотиб кўрдим. Офиятдан кўра ёқимлироқ нарса топмадим.

Дунёнинг барча аччиқ нарсаларини тотиб кўрдим. Одамларга ҳожат тутишидан кўра аччиқроқ нарсани кўрмадим.

Харсангтош ва темирни жойидан кўчирдим. Қарздан кўра оғирроқ нарсани кўрмадим. Билгинки, дунё икки кундир. Бир кун сенинг фойдангга бўлса, бир кун сенинг зараринггадир. Агар кун сенинг фойдангга бўлса (соғлик, пулдорлик пайтида), сусткашлик қилмай, фойдаланиб қол. Агар кунинг сенга қарши бўлса (мусибатлар келса), сабр қил.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

*****

Онадан: “Фарзандларингиздан қайси бири яхши кўрасиз?” деб сўралди. Шунда у: “Тузалгунича касалини, қайтиб келгунича мусофирини, катта бўлгунича кичигини, ўлгунимча ҳаммаларини яхши кўраман” деб жавоб берди.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Кеча қўшним очликдан ўлди. Унинг таъзиясида бр неча қўй сўйдилар.

Али Шариатий

*****

Бош оғриғи, асабий таранглик касалликлари билан оғриш учун ишга борамиз. Ой охирида эса ўша касалликлардан даволанишимиз учун бизга бир чимдим пул беришади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Read 3636 times

Мақолалар

Top