Мақолалар

Тафаккур қилиш вақти келди!

Тараққиёт. Ерда Одам болалари тарқалгандан бери башариятнинг энг катта мақсадларидан бири тараққиёт бўлиб келмоқда. Чунки, Аллоҳ таоло томонидан фақат инсонларгагина тараққий этиш неъмати тортиқ этилган. Асрлар давомида аждодларимиз ҳам тараққиёт сари олға интилганлар! Ва бу интилиш, илм-фан, маданият, иқтисод ва бошқа тараққиётга олиб борувчи омилларнинг шаклланишига туртки бўлди. Бугун ҳам, Ер юзидаги барча халқлар, тараққиётнинг юксак марраси учун “кураш” олиб бормоқда. Гап шундаки, бу жараён турли ҳудудларда турли даражаларда шаклланяпти. Яъни, ривожланиш мамлакатларда аҳолисининг дунё қараши, илмий салоҳияти ва фикрлаш доирасидан келиб чиқиб жадал, ўрта ёки аста-секинлик билан содир бўлмоқда. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: Юксак тараққиётга эришишнинг энг асосий омили нима? Қандай қилиб халқ орасида ўтмишда ўтган аждодлари сингари фавқулодда истеъдод ва иқтидор эгаларини тарбиялаш мумкин? Юқоридаги саволларга жавоб қидириш жараёнида беназир бир манбага кўзим тушди ва жавоб топгандек бўлдим. Қуйида бизни қийнаётган саволларга жавоб бўлган асардан қисқа парча келтирамиз:

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бир соатлик тафаккур бир йил ибодат қилгандан хайрлироқ”, деб марҳамат қилганлар. Қуръони каримда тадаббур, эътибор, назар ва фикр қилишга ундайдиган оятлар кўп.

Сир эмаски, фикр нурлар калити ва билиш учун ҳаракат асосидир. Шунингдек, фикр илмларни ўзида тутиб қоладиган тўр, мақсад ва тушунча тузоғидир. Кўпчилик илмнинг фазл ва мартабасини билса ҳам, унинг ҳақиқати, самараси, масдари, макони, пайдо бўлиш жойи, йўли ва кайфиятидан хабардор эмас. Шу билан бирга, инсон қандай тафаккур қилиш, нима тўғрисида ва нима учун тафаккур қилишни, талаб этилган нарса айни мақсад ёки мақсад эмаслигини ҳам тўғри ҳал қилиб ололмаган.

Аллоҳ таоло тафаккур ва мушоҳадага буюриб, тафаккур кишиларини мақтаб, шундай дейди: “Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин! (Оли Имрон сураси, 191-оят)

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадики: “Бир қавм Аллоҳ азза ва жалла тўғрисида тафаккур қилиб ўтиришганди. Набий алайҳиссалом уларга: “Аллоҳ яратган нарсалар хусусида фикрланглар, Аллоҳ хусусида фикрламанглар. Сизлар ҳеч қачон унинг ўлчовини идрок этолмайсизлар”, дедилар. Бошқа бир ривоятда келадики, Набий алайҳиссалом бир куни бир қавмнинг олдига бордилар. Улар тафаккур ҳолатида ўтиришган экан. Набий алайҳиссалом: “Сизларга нима бўлди, гапирмайсизлар”, дедилар. Улар: “Аллоҳ яратган махлуқларни ўйлаб ўтирибмиз”, дейишди. Буни эшитиб Набий алайҳиссалом: “Шундай давом этаверинглар, Аллоҳ яратган махлуқларни фикрланглар, унинг ўзи тўғрисида фикрламанглар...”, дедилар. 

 Ҳасан Басрий: “Бир соатлик тафаккур бир кечани ибодат билан ухламай ўтказгандан хайрлироқ”, деган. Фузайл айтадики: “Фикр сенга яхши ва ёмон амалларингни кўрсатиб турадиган кўзгудир”.

Бир ривоятда келишича: Иброҳимга бунча узоқ тафаккур қилиб ўтирасан, дейишди. У: “Фикр ақлнинг илигидир”, деб жавоб берди.        Суфён ибн Уйайна кўпинча мана бу шеърий парчани ўқишни ёқтирарди:

“Йигит кишида бўлса гар фикр,

Ҳар нарсада унга ибрат бор”.

Товус айтадики: “Ҳаворийлар Ийсо алайҳиссаломга: Эй Руҳуллоҳ! Бугун ер юзида сизга ўхшаган киши борми, деб сўрашди. У шундай жавоб берди: “Кимнинг нутқи зикр, сукути фикр ва назари ибрат бўлса, албатта у менга ўхшабди”. Ҳасан Басрий: “Кимнинг сўзи ҳикмат бўлмаса, у ларв (беҳуда)дир, кимнинг сукути тафаккур бўлмаса, у хато, кимнинг назари ибрат олиш бўлмаса, у лаҳв (бефойда амал)дир”, деган.

Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Ер (юзи)да ноҳақлик билан кибрланиб юрувчилар (онги)ни оятларимиз (идроки)дан четлатиб қўяжакмиз” дея марҳамат қилади. (Аъроф сураси, 146-оят) Аллоҳ таоло мазкур оятда уларни тадбирим тўғрисида тафаккур қилишдан тўсиб қўяман, дея таъкидламоқда.

Абу Саъд Худрий ривоятида Набий алайҳиссалом: “Кўзларга ҳам ибодат ҳақини беринглар”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ, унинг ибодат ҳақи нима?” деб сўрашди. У зот: “Мусҳафга қараш (тиловат қилиш) ва ундаги ажойиботлар зикри ўтганда у ҳақда тафаккур қилиш”, дедилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак бир куни Саҳл ибн Алини фикрга чўмиб, жим ўтирган ҳолда кўриб: “Қаерга етиб бординг?” деб сўради. “Сиротга”, деб жавоб берди у.

Хулоса шуки, тараққиётнинг энг асосий омили бу тафаккур яъни фикрлашдир. “Фикрлаяпманмидемак, яшаяпман!” деган эди машҳур файласуф Рене Декарт. Инсон фикрлагани учун қадри баланд, фикрлагани учун ҳайвондан фарқланади, фикрлагани учун ривожланади ва юксак илм-фан ютуқларига эришади. Бунга тарих ҳам гувоҳ! Ал-Хоразмий тафаккур ила “Алгебрага” асос солди, Ал-Беруний фикрият ила “Геодезия” ҳақида асар ёзиб, глобусни ясади, Ал-Фаробий тафаккури ила “Ал-муаллим ас-соний” – “Иккинчи муаллим” унвонига сазавор бўлди, Ал-Фарғоний илм-тафаккур ила Нилни “жиловлади”, Ибн Сино тиббиёт қонунларини ёзди, аз-Замахшарий тафаккури бир халқнинг унутилаёзган тилини қутқарди, Мирзо Улуғбек эса юлдузларга “нарвон қўйди”. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Аммо, улар ўтмишда қолди биз эса бугуннинг эгаларимиз. Демак, аждодларимиз билан шунчаки фахрланиб, кибрланмасдан фақатгина ибрат олиб, истеъмолчилик, боқимандалик кайфиятидан воз кечган ҳолда, онгимиз ва ақлимизни ҳаракатга келтириш ҳамда Яратганнинг яратган неъматлари ҳақида, борлиқ ва олам хусусида фикрлашгина бизни тараққиёт сари одимлайди. Шунда биз ҳам дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қаторидан жой оламиз!

Тафаккур қилиш вақти келди!

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” асарининг

“Тафаккур китоби” асосида Саидаброр Умаров тайёрлади.

Read 4876 times

Мақолалар

Top