Мақолалар

“Ва қачонки дудга пуфланса”

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

فَإِذَا نُقِرَ فِي النَّاقُورِ

“Ва қачонки дудга пуфланса” (Муддассир сураси, 8-оят).

Ушбу оятдаги “дуд” деб таржима қилинган сўз арабчада “наақуур” бўлиб келган. Бу Қиёмат олдидан чалинадиган, пуфланадиган сурдир. Кўплаб муфассирлар, жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Мужоҳид, Шаъбий, Зайд ибн Аслам, Ҳасан, Қатода, Заҳҳок, Рабийъ ибн Анас, Суддий ва Ибн Зайд каби улуғлар оятдаги “Наақуур”ни “Сур” деб тафсир қилишган. “Сур” дунё охирлаганда чалинадиган нарса бўлиб, у чалингач, одамлар қайта тирилиб, маҳшар майдонига тўпланади.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ “У (ҳайвоннинг шохидек) шохга ўхшаган нарса” деганлар.

“Нақр” деган сўз арабча бўлиб, ўзбекчада “тақиллатмоқ”, “чертмоқ”, “зарба бермоқ”, “чалинадиган нарсани чалмоқ” каби “овоз чиқариш” маъноларида келади.

Қушнинг дарахтга тумшуғини тез-тез уришини ҳам нақр сўзи билан ифода қилинади. Шунинг учун қушларнинг тумшуғини ҳам “минқор” дейилади. Бу сўз ҳам “нақр” сўзидан олинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида “Сур соҳиби сурни олиб, пуфлашга тайёр бўлиб, қачон пуфлашга амр қилинишини кутиб турган бўлсаю, мен қандай қилиб (дунё неъматлари билан) лаззатланиб юраман” деган мазмундаги ҳадисни ривоят қилган эканлар. Ҳадиснинг давомида саҳобалар “Бизга нимани буюрасиз, эй Расулуллоҳ?” деб сўрашганда, у зот алайҳиссалом: “Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакийл. Ъалаллоҳи таваккалнаа” деб айтинглар” деган эканлар.

Уламолар ушбу оятдаги пуфлаш иккинчи сур чалиниши эканини айтишган. “Бу биринчи сур чалиниши” деган олимлар ҳам бор. Сурни Исрофил алайҳиссалом пуфлайдилар.

Абу Жанобдан ушбу оят билан боғлиқ мана бу ривоят келтирилган: “Зурора ибн Авфо бизга имом бўлди. (Муддассир сурасини ўқиб,) “Фаизаа нуқиро фин наақуур” оятига етганда, жони узилиб, ерга йиқилди”.

Аллоҳ таоло оятнинг давомида бундай деган: 

فَذَلِكَ يَوْمَئِذٍ يَوْمٌ عَسِيرٌ عَلَى الْكَافِرِينَ غَيْرُ يَسِيرٍ 

“Ўшал кун, қийин кундир. У кофирларга осон эмасдир (Муддассир сураси, 9-10-оятлар).

Ҳа, бу кун жуда оғир, шиддатли кундир. Аллоҳга, Пайғамбарларга иймон келтирмаганларга жуда оғир кун бўлиб, асло осон эмас. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло бизга у кунни осон қилсин! Барчамизни жаннатига меҳмон айлаб, дўзахидан паноҳ берсин, омин! 

 

Ибн Касир, Табарий, Қуртубий тафсирлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

Read 2932 times

Мақолалар

Top