Мақолалар

Мўминнинг икки қаноти

Имон қушининг қанотлари қўрқув ва ражодир. Қурқув дейилганда, Аллоҳдан қўрқиш англанади. Аллоҳдан кўрқиш деганда эса, ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасини У Зотнинг назорати остида ўтказиш ҳамда Аллоҳнинг қаҳҳор ва мутлақ ҳоким Зот эканини асло унутмаслик тушунилади. Зеро, бунинг оқибатида жаҳаннам азоби ва жаннатдан маҳрумлик изтироби ётади. 

Ражо деганда, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиш тушунилади. Зотан, Аллоҳнинг фазлу карами ҳамда раҳматига кўз тикиб ибодат қилиш натижасида Аллоҳнинг розилигини топиб, жаҳаннам азобидан қутулиш ва жаннатга эришиш туйғуси ётади. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон Зотдир.

Мўмин учун қўрқув ва ражо, худди қушнинг икки қаноти сингаридир. Қанотлар парранданинг парвозини ҳосил қиладиган асосий воситадир. Зеро, қуш шу икки парсиз ёки унинг бирисиз учолмайди, балки мувозанат сақлангандагина енгил учади. Демак, қушнинг парвоз қилиши учун қанотлар қанчалик аҳамият касб этса, мўминнинг саодатга эришиши учун хавф ва ражо шунчалик муҳимдир. Нақшбандия тариқатининг буюк шайхларидан ҳазрат Амир Кулол (қаддасаллоҳу сирраҳ) хавфу ражо ҳақида бундай деганлар:

 

Мурғи имонро ду пар: хавфу ражост,

Мурғи бепарро паридан хатост.

 

(Мазмуни: “Имон қушида икки қанот бор: хавф ва ражо. Зеро, қанотсиз қуш учишга ярамайди”.) Ҳа, қанотсиз қуш ҳам, қанотларидан бири шикастланган ёки синган парранда ҳам учолмаслиги аниқ.

Мўмин кишининг қурқув ва ражо ўртасида яшаши шариат тарозисининг мувозанатли икки палласидир. Аллоҳ таолодан қўрқиш ва У Зотнинг фазлу карамидан умид қилиш, ҳар бир мусулмоннинг энг биринчи вазифаси ҳисобланади. Зеро, хавф ва ражоси бўлмаган кишининг эътиқодига путур етади. Чунки инсон қўрқув орқали гуноҳдан ўзини сақлайди. Натижада, қалбида Аллоҳга муҳаббат ҳосил бўлади. Бу муҳаббат уни Аллоҳнинг фазлу карамидан умид қилишга ундайди. Бу эса, банданинг ибодатларга ҳаваси ва рағбати ортишига сабабдир.

Мўмин киши умидсиз қўрқувга ва қўрқувсиз умидга тушмаслиги, балки шу иккиси орасида ҳаёт кечириши лозим. Мабодо булардан бири йўқолса, инсон ё ортиқча умидсизликка тушади, ёки қўрқувни унутади. Бунинг оқибати эса, аянчлидир. Шу боис, мўмин Аллоҳдан қўрқиб гуноҳлардан қочиши ва У Зотдан умид қилиб савобли ишларни бажариши лозим. Зотан, қўрқув ва умид орқали имонимиз қувватланади, эътиқодимиз тўғри шаклланади.

Қурқув ва умиди бор кишининг имони мустаҳкам бўлади. Зеро, улар бир-бирини тўлдиради. Аллоҳнинг қаҳридан қўрқмай раҳматидан умид қилиш бепарволик ва ғурурни юзага келтиради. Шунинг учун, ражода қўрқув бўлиши лозим. Зеро, қўрқувсиз ражо Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлишга сабабдир. Қўрқувдан раҳмат, илм ва ризо ҳосил бўлади. Зеро, Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:

رأس الحكمة مخافة الله

“Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир” (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилиб, доимо хавф ва ражо ўртасида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин. Омин!

 

Толибжон ҚОДИРОВ 
тайёрлади.

Read 6293 times

Мақолалар

Top