Мақолалар

Шариатга мувофиқ жонлиқ сўйишнинг ҳукми

Гўшти ҳалол бўлиши учун жонивор шариъатга мувофиқ сўйилиши лозим.

(Шаръатга мувофиқ) Сўйилмаган жонлиқ ҳаромдир.[1] Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига биноан:

حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلَّا مَا ذَكَّيْتُمْ وَمَا ذُبِحَ عَلَى النُّصُبِ وَأَنْ تَسْتَقْسِمُوا بِالْأَزْلَامِ ذَلِكُمْ فِسْقٌ

Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир)*. Яна, бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўшти) ва фол чўпларидан қисматингизни исташингиз (ҳам ҳаром қилинди). Бу ишингиз фосиқликдир.[2]

 *Яъни охирги беш ҳолатдаги ҳайвонларнинг жони чиқмай туриб, типирчилаб турган пайтида топиб, “бисмиллоҳ”ни айтиб сўйишга улгурсангиз уларнинг гўшти ҳалол ҳисобланади (Мд.).

Ҳалқуми ва бўйни ўртасидан сўйилиши лозим.[3] Демак гўшти ҳалол бўлиши учун қассоб мусулмон бўладими ёки аҳли китобми чорва ҳайвонини шариатга мувофиқ ҳолда, яъни ҳалқуми ва бўйни ўртасидан сўйиши лозим. Юқорида ўтган ояти каримага биноан бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, бошқа ҳайвон сузиб ўлдирган ва йиртқич ҳайвонлар баъзисини еб кетган ҳайвонлар ҳаром ҳисобланади. Уламоларимиз электор токи ёрдамида ёки бошқа воситалар билан ўлдирилган ҳайвонларнинг ҳам ҳукми юқоридагилар билан бир ҳил дейдилар. Фақатгина бу ҳайвонларни ҳаром ўлиб қолмасдан аввал сўйишга улгирилса гўшти ҳалол бўлади. Яъни сўйилаётган бошқа ҳайвонлар каби типирчиласа ва уларда  ҳаёт аломати бўлиб, тасмия айтиб сўйилсагина ҳалол бўлади. Агар аксинча бўлса, яъни сўйилаётганда ҳаёт аломати бўлмаса гўшти ўлимтик гўшти билан бир хил ҳукмда бўлади.

Бундан ташқари гўшт ҳалол бўлиши учун сўяётган қассобнинг ҳам шартлари бор. Қассобнинг шарти:

Мусулмон ёки аҳли китоб (яҳудий ё насроний) бўлиши шарт. Гарчи аёл, жинни, ақли бор ёш бола, хатна қилинмаган киши, ёки  сақов бўлса ҳам.[4] Демак қассоб мусулмон бўлиши лозим. Бунга далил Аллоҳ Таолонинг: إِلَّا مَا ذَكَّيْتُمْ. илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир). (Моида сураси 3-оят) Оятдаги сўйганинггиз калимасидан мурод мусулмонлар сўйган дегани.   Ёки аҳли китобнинг ҳам сўйгани мусулмонга ҳалол Аллоҳ Таолонинг: وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ  Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол. (Моида сураси 5-оят) Оятдаги таомдан мурод сўйган нарсалари. Чунки бошқа таомларларнинг ҳалоллиги миллатга боғлиқ эмас[5]. Сўйган нарсаси ҳалол бўлиши учун қассоб мусулмон ёки аҳли китоб бўлиши лозим. Аҳли китоб бўлмаган ғайри динларни сўйгани ҳалол эмас.

Китобсиз ҳам, муртад ҳам бўлмаслиги лозим[6]. Яъни аҳли китобдан бошқа, Мажусий ёки бутпараст бўлмаслиги лозим. Имом Абдурраззоқ ва ибн Абу Шайба ҳазрати Алий розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу  алайҳи васаллам мажусийлар ҳақида: “Улардан ким мусулмон бўлса, Исломи қабул қилинади. Мусулмон бўлмаганига жизя солинади, фақат аёллари никоҳланмайди ва сўйганлари ейилмайди” деганлар. Тавҳидда эмаслигида бутпарастлар ҳам мажусийлар билан бир хил. Шунингдек мурдаднинг ҳукми улар билан бир. Чунки унинг дини йўқ.

Бундан ташқари қассоб мусулмон бўладими ёки аҳли китобми, Тасмияни (Аллоҳнинг исмини зикр қилишни) қасддан тарк қилмаган бўлиши лозим.[7] Имом Шофиъиий раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларида эса тасмияни тарк қилганнинг сўйганини ейиш ҳалол, чунки тасмия имом Шофиъийнинг мазҳабларида суннат ҳисобланади. Далиллари: Имом Дуруқутний Марвон ибн Солимдан, у Авзоийдан, у Яҳё ибн Абу Касирдан, У Абу Саламадан, у Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилади: Бир киши Набий соллаллоҳу  алайҳи васалламдан, сўяётиб Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутган киши ҳақида сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг исми ҳар бир мусулмондадир”, бошқа лафзда “Аллоҳнинг исми ҳар бир мусулмоннинг оғзидадир”. Дедилар. Бизнинг мазҳабимиз олимлари бу  ҳадисни заиф дейишади. Чунки ҳадис ровийларидан бўлган Марвон ибн Солимни имом Дуруқутний, ибн Қаттон, ибн Адий, имом Аҳмад ва имом Насаийлар заиф деганлар. Бошқа далиллари имом Абу Довуд Маросилларида Абдуллоҳ ибн Довуддан, у Савр ибн Язиддан, у ас-Солтдан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу  алайҳи васалламдан: “Аллоҳнинг исмини зикр қилса ҳам, зикр қилмаса ҳам Мусулмоннинг сўйгани ҳалолдир” дедилар. Ибн Қаттон: “Бу ҳадисда мурсаллик бор. Чунки ас-Солт Садусийнинг ҳолати маълум эмас. У бундан бошқа ҳадис билан танилмаган ва ундан Савр ибн Язиддан бошқа ҳеч ким ҳадис ривоят қилмаган[8]”. деган.

Қолган уч мазҳаб, Моликийлар, Ҳанбалийлар ва Ҳанафийлар, агар қассоб тасмияни эсидан чиқариб айтмаса, сўйгани ҳалол бўлади, аммо қасддан тарк қилса ҳалол бўлмайди дейдилар.

Бунга далил Аллоҳ таолонинг сўзи:  

وَلَا تَأْكُلُوا مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَى أَوْلِيَائِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ وَإِنْ أَطَعْتُمُوهُمْ إِنَّكُمْ لَمُشْرِكُونَ

Аллоҳнинг номи айтилмаган нарсалардан емангиз! Зеро, у фосиқликдир. Шайтонлар эса, ўз дўстлари (мушриклар)ни сизлар билан баҳслашишлари учун васваса қилурлар*. Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар (ҳам) мушрикларсиз.[9] (Анъом сураси121 оят)

*  Икрима (рз.)нинг айтишича, ўлимтикнинг ҳаромлиги тўғрисидаги оят нозил бўлганда форс мажусийлари Қурайш мушрикларига хат ёзиб, унда: “Муҳаммаднинг олдига бориб, сен ўлдирган ҳайвон гўшти ҳалолу, Аллоҳ ўлдирган ҳайвон гўшти ҳаромми, деб баҳслашингиз”, – деб тайинлайдилар. Шундан кейин Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилиб, у орқали уларни шайтонларга, таклифларини эса шайтоннинг васвасасига ўхшатиб мусулмонларни огоҳлантиради (Хз.).

Яъни унга Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарса ҳаром бўлади чунки оятдаги фосиқлик, тоатдан чиқиш. Ва албатта оятда Аллоҳни исми зикр қилинмаган нарсани ейишдан мутлоқ қайтарилиши ҳаромликни тақозо қилади. Бундан ташқари кутубу ситта соҳиблари Адий ибн Ҳотамдан ривоят қилишади: Мен: “Эй Аллоҳнинг Росули, албатта мен итимни ов учун қўйиб юбораман ва у билан бошқа итни ҳам топаман. Қайсиси овни тутганини билмай қоламан” дедим. Пайғамбар соллаллоҳу  алайҳи васалламдан: “Уни емагин, албатта сен ўзингни итингга тасмия айтгансан, бошқа итга тасмия айтмагансан” дедилар.  Бу ҳадисни бизга далил бўлиши Пайғамбар соллаллоҳу  алайҳи васаллам тасмияни қасддан тарк қилинишини ҳаромликга сабаб қилиб келтирдилар[10].

Агар тасмияни эсидан чиқариб тарк қилса сўйгани ҳалол бўлади.[11] Яъни қассоб тасмияни қасддан эмас, баки эсидан чиқаргани учун тарк қилса сўйгани ҳалол бўлади. Чунки унутгани учун тасмия айтмаган одамни сўйганини ҳаром қилишликда жуда ҳам катта машаққат бор. Сабаби инсон унутишдан жуда оз ҳолатдагина холий бўла олади. Агар бу эътиборга олинса, танглик бўлиб қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу  алайҳи васаллам жонлиққа тасмия айтишни унитган киши ҳақида сўралганларида: “Аллоҳнинг исми ҳар бир мусулмоннинг тилидадир” деб жавоб берганлар. Чунки эсидан чиқарган киши ҳадисга биноан унутган нарсасига хитоб қилинмагандир. Пайғамбар соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларига кўра гуноҳ ундан кўтарилган: Бу умматдан учта ҳолатда гуноҳ кўтарилди: хато қилганда, эсдан чиқарганда ва мажбурланганда (Ибн Адий ал-камил китобларида ривоят қилган).  Шундай экан у сўяётган пайтида зиммасидаги фарзни тарк қилмаган ҳисобланади. Аммо қасддан тасмияни тарк қилган ундай эмас, унинг сўйгани ҳалол бўлмайди.[12]

 

Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме  масжиди имом хатиби,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси А. Собиров.

 

[1] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 54-бет. Байрут.  Дарул Арқам ибн Абул Арқам.  

[2] Моида сураси 3-оят.Шайх Абдулазиз Мансур.  Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.

[3] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 54-бет. Байрут.  Дарул Арқам ибн Абул Арқам.

[4] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 59-бет. Байрут.  Дарул Арқам ибн Абул Арқам.

[5] Имом Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий. Мадорику-танзил ва ҳақоиқут-таъвил (Тафсирун-насафий). Моида сураси 5-оят 273-бет. Байрут.  Дарул маърифа.  

[6] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 59-бет. Байрут.  Дарул Арқам ибн Абул Арқам.

[7] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 60-бет. Байрут.  Дарул Арқам ибн Абул Арқам.

[8] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 61-бет. Байрут.  Дарул Арқам ибн Абул Арқам.

[9] Анъом сураси 121-оят.Шайх Абдулазиз Мансур.  Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.

 

[10] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 61-бет. Байрут.  Дарул Арқам ибн Абул Арқам.

[11] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 61-бет. Байрут.  Дарул Арқам ибн Абул Арқам.

[12] Имом Абдулллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд ал-Мавсолий ал-Ҳанафий. Ал-ихтиёр литаълилил-мухтор. 5- жуз, Китабу-забоиҳ 11-бет. Байрут.  Дарул кутубул иълмийя 1998й.

 

Read 5264 times

Мақолалар

Top